Ўзбекистон ташқи ишлар вазири: “Марказий Осиё ҳамиша ягона ва бўлинмас минтақа бўлиб келган”

16:22 19 Февраль 2019 Сиёсат
384 0

Архив фото

Онлайн нашримизда “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини бошлагани, унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А. Камилов нутқ сўзлагани ҳақида хабар бергандик. Хўш, вазир ўз чиқишида нималарга алоҳида тўхталиб ўтди? Қуйида шулар хусусида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Вазир конференция ишини очиб берар экан, жумладан, шундай деди: “Бизнинг конференция шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва минтақа давлатларининг етакчи таҳлил муассасалари кўмагида ўтказилмоқда”.

У конференция кун тартибидаги асосий масалалар, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида Ўзбекистоннинг нуқтаи назарига тўхталиб ўтди.

“Бугун дунё тасаввурга сиғмайдиган тезликда ўзгармоқда. Яқинда Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясининг диққат марказида бўлган жаҳонда рўй бераётган глобал жараёнлар бизнинг минтақадаги вазиятга ҳам таъсир ўтказмадан қолмайди.

Марказий Осиё ноёб геостратегик жойни эгаллаган ҳолда, минг йиллар давомида Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлаб турувчи ўзига хос кўприк бўлган.

Минтақамиз улкан энергетик ҳамда минерал ресурслар, маданий-цивилизациявий ва энг муҳими — инсон салоҳиятига эга. Шу билан бир қаторда, Марказий Осиёда етакчи глобал давлатларнинг ўзаро рақобатли манфаатлари кесишади.

Минтақада халқаро терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдиди мавжуд, у бевосита беқарорликнинг йирик ўчоғи яқинида жойлашган.

Ўнлаб йиллар давомида замонамизнинг энг мураккаб муаммоларидан бири — афғон можароси ҳал этилмай келяпти.

Шу муносабат билан олдимизда ушбу долзарб савол турибди: бизнинг минтақа қай даражада барқарор ва аниқ келажакка эга? Бизни қандай умумий хавф-хатарлар кутмоқда?

Ушбу саволларга жавоблар асосий минтақавий муаммолар ҳамда Марказий Осиёдаги барча давлатлар тинчлиги ва гуллаб-яшнаши йўлида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқ белгилаб олиш учун ўта муҳимдир.

Охирги пайтларда Марказий Осиё ривожланишнинг ижобий суръатларини намоён этяпти. Барча соҳада минтақавий ўзаро алоқалар кучаймоқда. Минтақа ичидаги энг ўткир муаммолар — хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланиш тизимли асосда ҳал қилиняпти.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Ўтган йили Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтганди.

Апрель ойида Тошкентда иккинчи шундай учрашув ўтказилади.

Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари ва ташқи сиёсат идоралари бошлиқлари учрашувлари мунтазамлик характерини касб этяпти.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича резолюциянинг қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан бизнинг минтақа мамлакатлари жипслашуви, бинобарин, улар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан умумий муаммоларни ечиш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қодир эканлиги тан олинаётганининг ёрқин тасдиғидир. БМТ доирасида ушбу муҳим ҳужжатни биргаликда илгари суришда фаол иштирок этган барча мамлакатларга миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.

Ўзбекистоннинг минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорлиги стратегик шериклик хусусиятга эга бўлганини алоҳида қайд этишни истардим.

Савдо-иқтисодий алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айланмаси 2018 йилда 50 фоиз ортди. Ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръатларидан минтақадаги барча мамлакатлар реал фойда оляпти. Минтақавий ҳамкорликнинг кучайиши, бу — объектив, барқарор ва ортга қайтмас тенденциядир.

У минтақадаги барча давлатларнинг қатъий иродаси ҳамда чуқур тарихий илдизларга асосланади.

Бугун Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда барчамиз учун долзарб бўлган муаммолар ҳал этилишини илгари сурган ҳолда, минтақавий ҳамкорлик равнақига ҳисса қўшмоқда. Марказий Осиёда яқинлашув жараёни кимнингдир манфаатларига қарши қаратилмаганини таъкидлашни истардим.

Аксинча, минтақавий ҳамкорликка инвестиция киритиш Марказий Осиё барқарор ва гуллаб-яшнаётган минтақа, демак, ишончли ва аниқ келажакка эга халқаро шерик сифатида қад ростлашига кўмак бераётир.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти ҳамиша ва бундан кейин ҳам минтақамизнинг бир қисми бўлиб қоладиган Афғонистонда тинчликка эришиш билан чамбарчас боғлиқ.

Биз Афғонистондаги можарони ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар сезиларли даражада фаоллашганини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Ўйлашимча, одамлар, капитал, товар ва хизматлар ҳаракатланиши, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашув учун қулай шароитлар яратилган, жипслашган, очиқ, жадал ривожланаётган Марказий Осиё барчамизнинг умумий манфаатларимизга жавоб беради.

Шу муносабат билан минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича келишилган нуқтаи назарни ишлаб чиқиш зарур.

Хавфсизлик, савдо, транспорт, сувдан фойдаланиш, таълим ва бошқаларга доир долзарб масалалар бўйича самарали ишлаётган кўп томонлама шериклик механизмлари минтақамизнинг ажралиб турадиган жиҳати бўлиши лозим.

Шу мақсадда қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш керак.

Биринчидан, Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликнинг механизми ва регламентини ишлаб чиқиш ҳамда келишиш. Давлат раҳбарлари саммитлари, ташқи ишлар вазирлари ва экспертлар учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини аниқлаб олиш жоиз.

Иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қулай шароитларни шакллантириш.

Мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо режими тўлиқ ишлаши, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, чегараларимиздан ўтишни енгиллаштирувчи “яшил” йўлаклар ва замонавий технологияларни кенг жорий этишни таъминлашни муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, денгиз портлари ва янги бозорларга энг қисқа йўл орқали олиб чиқишни таъминловчи ўзаро боғланган минтақавий транспорт-логистика тизимларини шакллантириш зарур.

Тўртинчидан, туризм Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ривожланишининг янги драйверига айланиб бораётир.

Минтақанинг дунёда қабул қилиниши яхшиланиши асносида мамлакатларимизнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги учун ҳам минтақа ичида, ҳам халқаро даражада катта истиқболлар очилмоқда.

Бешинчидан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш муаммолари бўйича музокара механизмларини яратиш.

Олтинчидан, минтақада сувдан фойдаланиш ва экология муаммолари тез тартибга солинишини таъминлаш.

Орол фожиаси билан боғлиқ энг муҳим муаммоларни ечишдаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштиришимиз керак.

Бунда ўтган йил ноябрь ойида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди тузилгани муҳим роль ўйнамоқда.

Еттинчидан, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш.

Марказий Осиё ҳамиша ягона ва бўлинмас минтақа бўлиб келган. Бизни умумий тарих ва дин, тиллар, урф-одатлар ва маънавий қадриятларнинг ўхшашлиги бирлаштириб туради.

Бизнинг тарихимиз бир ва келажагимиз умумий. Кўп минг йиллик қардошлик ришталари ва халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини бундан буён ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ушбу ижобий жараёнларга ёш авлодни янада фаол жалб этиш муҳимдир.

Хонимлар ва жаноблар!

Имкониятларимиз ва интилишларимизни бирлаштириш ҳамкорлик ҳамда тараққиётни принципиал жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш имконини беради.

Биз биргаликда Марказий Осиёни мустаҳкам, барқарор ва иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаётган минтақага айлантира оламиз”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019