Ўзбекистон сув хўжалиги: йўқотилганларни тиклаб, олдинга интилиш лозим — Исмоил ЖЎРАБEКОВ, Виктор ДУХОВНИЙ

12:24 19 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
506 0

Президентимиз раислигида 16 сентябрь куни ўтказилган, сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари масаласидаги видеоселектор йиғилиши ушбу тармоқнинг республикамиз иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги ҳал қилувчи аҳамиятига давлат раҳбари қанчалик катта эътибор бераётганини яна бир бор кўрсатди. Сув танқислиги муаммоси ўткирлашиб боргани сари бу тармоқнинг роли янада ортмоқда.

Йиғилиш давомида кўтарилган масалалар сув хўжалиги комплексини давлат бошқарувининг сув таъминоти ва мелиорацияни ривожлантириш учун масъул бўлган алоҳида бир тузилмаси сифатида тан олишга қаратилган, изчил амалга оширилаётган сиёсатнинг муҳим таркибий қисмидир. Ана шу сиёсатни рўёбга чиқариш учун ­давлатимиз раҳбари томонидан Сув хўжалиги вазирлигини узоқ муддатли танаффусдан сўнг қайта ташкил этиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Бу эса, мамлакат раҳбариятининг сув хўжалиги ва ерлар мелиорациясини бутун бир тармоқ сифатида баҳолашидан далолат.

Фикримизча, сув хўжалигига нисбатан бундай комплекс ёндашув қишлоқ хўжалиги ва умуман, иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида фаолият олиб борадиган барча сув истеъмолчиларининг манфаатларини ҳисобга олади ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этишни кўзда тутади.

Сув чўлга ҳаёт бахш этган

Ўзбекистон тарихига назар ташласак, ҳамма замонларда сув нафақат республика раҳбариятининг диққат марказида бўлиб келган, балки у ҳудудларни ривожлантириш, ҳам саноат, ҳам уй-жой ва транспорт, ҳам турли коммуникациялар — мухтасар айтганда, ­инфратузилмани жадал тараққий эттиришга ундаган.

Ахир Фарҳод гидроузели ва Бўзсув ГЭС каскадидан бошлаб, Каттақўрғон, Чорвоқ, Андижон, Тахиатош, Туямўйин каби кўплаб сув иншоотлари ўз атрофидаги ҳудудлар ривожига туртки берган, буни бир оз унутиб қўйгандекмиз.

Собиқ “Главсредазирсовхозстрой” ташкилотининг раҳбарияти ерларни комплекс ўзлаштириш, Мирзачўл ва Қарши чўлларида бутун бир туманлар пайдо бўлишида муҳим роль ўйнаган.

Ўша вақтдаги Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги Марказий Фарғона, Сурхондарё чўли, Аму-Бухоро канали зонаси ва Қорақалпоғистоннинг бир қисмини ўзлаштириш, сув чиқариш бўйича лойиҳаларни ўз кучи билан амалга оширган. Сув тармоғини ривожлантириш, ерларни комплекс равишда ўзлаштириш юз ­минглаб одамларнинг аҳоли жуда зич жойлашган Фарғона ва Зарафшон водийларидан янги ҳудудларга кўчиб ўтишига олиб келди. Бу эса янги жойларда саноатни ривожлантириш, демографик жиҳатдан бир текис тақсимот ҳамда аҳоли ­бандлигини таъминлашга имкон яратди.

Энг асосийси, соҳада кейинги бир неча йилга мўлжалланган истиқбол ҳақида аниқ тасаввур шаклланган. “Средазгипроводхлопок” ва “Узгипроводхоз” каби лойиҳа ташкилотларида юқори малакали мутахассислар сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича схемаларда республиканинг иқтисодий тараққиёти, сув ва ерга бўлган эҳтиёжни таъминлаш масалаларини ҳам акс эттирганлар. Тизим чекланган сув лимитини ҳисобга олиш билан бир қаторда, бошқа тармоқларнинг ҳам, жумладан, суғорма деҳқончиликнинг ҳам ривожини кўзда тутиши керак эди. Бу эса, раҳбариятдан сув тақсимоти ва мелиорацияда самарали ­бошқарув, иқтисодиётда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш масалаларини аниқ йўлга қўйишни талаб этди. Шуниси диққатга сазоворки, Ўзбекистонда ишлаб чиқилиб, ўзлаштирилган техник ва технологик ечим ва янгиликлар кейинчалик бутун собиқ Иттифоқ ҳудудига тарқалган.

Ёпиқ горизонтал (тор траншеяли, траншеясиз ва тирқишли) дренаж, уларни ўрнатиш ва тозалаш учун машиналар, вертикал, кейинроқ эса — комбинацияланган дренаж, каналларга қопламалар қўйишнинг барча турлари, лотокли ва трубкали тақсимлагичлар — ана шуларнинг барчаси аввал Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга кенг жорий этилиб, ­кейинчалик бошқа иттифоқдош республикаларнинг суғориладиган ерларига ­тарқатилган. Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги сув хўжалиги тармоқларидан саноат мақсадларида фойдаланишга ўтиш ишига асос солган, бу тизим мустаҳкам индустриал базага эга бўлиб, фақат тармоқ ёки иншоотда авария содир бўлганда эмас, балки режа бўйича доимий профилактик техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Ўз вақтида юқори баҳо ва эътирофга сазовор бўлган ерларни комплекс ўзлаштириш ва суғориш тадбирлари ҳам айнан Ўзбекистонда йўлга ­қўйилган.

Бундай усул ўзлаштирилаётган ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилган. Яъни комплекс қурилиш янги аҳоли пунктларини бунёд этиш, ижтимоий ва маданий-маиший объектларни ривожлантириш ва коммуникациялар ўтказиш кабиларни ўз ичига олиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, иш ўринлари яратишда катта аҳамият касб этган. Шу асосда ғўзани парваришлаш жараёни тўлиқ механизациялаштирилган, дала юмушларининг кўп қисми, шу жумладан, пахтани териб олиш ҳам машиналар ёрдамида бажарилган.

Буларнинг ҳаммаси кадрлар салоҳиятини ва фанни ривожлантириш билан бирга олиб борилган. Соҳа учун мутахассис тайёрловчи асосий маскан — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва яна учта олий ўқув юртидан ташқари, турли даражадаги тармоқ ходимларини икки ҳафталик дастур асосида мунтазам ўқитиб бориш учун махсус Малака ошириш ­институти ҳам ташкил этилган.

Айнан Тошкентда Африка, Жанубий Америка ва қатор Осиё мамлакатларининг мутахассислари учун мунтазам равишда семинарлар ўтказилиб турилгани-чи? Бу Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасининг ривожидан далолат эмасми? Шунинг­дек, бизнинг мутахассисларимиз Афғонистонда йирик тўғон ва ГЭСлар (Наглу, Жалолобод тизими), Сурияда (Тапка гидроузели ва Мескене массиви), Куба, Ливия, Яман, Мадагаскар ҳамда Анголада сув иншоотларини бунёд этишда раҳбар ва маслаҳатчи сифатида иштирок этишган. Ўзбекистон ҳақли равишда нафақат собиқ Иттифоқ, балки хорижий давлатларда ҳам ирригация ва сув хўжалигини ривож­лантириш бўйича етакчи бўлиб ҳисобланган.

Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетгач, ана шу муҳим соҳага эътибор сусайиб кетиши натижасида аввалги тўпланган тажриба ҳам йўқотилди. Лойиҳалаш ва илмий ташкилотлар камайиб кетди, демак, энг долзарб ва истиқболли вазифаларни ҳал этиш қобилияти ҳам пасайди. Лойиҳалаш ишлари хорижий маслаҳатчилар томонидан бажарила бошланди, улар эса бизнинг ғояларимиз, ишланма ва билимларимиздан “усталик билан” фойдаланишга ҳаракат қилди. Илгари ўзбекистонлик ирригаторлар чет элликларга иш ўргатишган бўлса, энди уларнинг ўзи бизнинг мутахассисларимиз билимидан фойдаланган ҳолда, ўша таниш билимларни қайтадан ўзимизга “тиқиштира” бошлашди. Бу кимлар учундир фойда келтирган бўлса, ажаб эмас.

Илгари сувдан фойдаланиш режаси бўйича сув узатишнинг аниқ тизими ва унинг бажарилишини назорат қилиш механизми мавжуд бўлган бўлса, энди унинг ўрнини тартибсиз, ҳисоб-китобсиз, ўзгарувчан ва нобарқарор сув таъминоти эгаллади. Жадвалларга риоя қилмаслик, сув ҳисобини юритишга нисбатан эътиборсизлик ана шундай ҳолатга олиб келди.

Қадим замонлардан эъзозлаб келинган, халқимиз учун муқаддас саналган обиҳаёт тақсимоти ишониб топширилган сув хўжалигидаги асосий шахс — мироб — касб сифатида бутунлай йўқолиб кетди. Сувнинг эгаси саналган ­мироб энди чаласавод бошлиқларнинг буйруқларини бажарувчи оддий хизматкорга айланди. Минг афсуски, биз ҳам ­ўзимизнинг иш фаолиятимиз давомида кўп бора бундай саводсиз ва чала-чулпа техник қарорлар қабул қилинганлигининг гувоҳи бўлганмиз.

Ваҳоланки, ТИҚХММИ кадрларни тайёрлашда давом этган бўлса-да, дипломни эндигина қўлга олган ёшлар сувга ҳалол хизмат қилиб келаётган тажрибали соҳа мутахассислари қаторидан жой олишга шошилишмас эди. Бу ва бошқа институтларни битирганлар ёш кадрларга эҳтиёж сезаётган сув ва мелиорация тизимларини эксплуатация қилиш соҳасига эмас, тамомила бошқа тармоқларга — бизнесга, бозорга, қурилишга равона бўлишарди. Бунинг сабаби сув хўжалиги ходимларининг арзимас маош олишидагина бўлиб қолмай, балки бу касб эгаларига давлат ва жамият томонидан етарлича эътибор ва ҳурмат йўқлигида ҳам эди.

Шубҳасиз, юзага келган вазиятнинг асосий сабаби соҳанинг мамлакатда етакчи позицияларни бой берганлигида, ва ўз навбатида, илгариги раҳбарият томонидан кўрсатиладиган эътиборни йўқотганлигида, шунингдек, сув хўжалигини молиялаштиришнинг пасайиб кетганлигида эди. Масалан, агар 1990 йилга қадар амалга оширилган молия­лаштириш билан солиштириладиган бўлса, пасайиш унинг дастлабки миқдорига нисбатан 30 фоиздан кўпроқни ташкил қилган, электр энергиясининг қимматлашгани ҳисобга олинадиган бўлса, молиялаштириш кўрсаткичи 4,3 баробар тушиб кетган!

Вақт янгича ёндашувни талаб қилади

Савол туғилиши мумкин — наҳотки бу ўтган йиллар давомида ҳеч бир эзгу иш қилинмаган бўлса? Йўқ, шак-шубҳасиз, ютуқлар ҳам қўлга киритилган.

Хусусан, мустақилликка ўтиш босқичида Ўзбекистоннинг ва сув хўжалигида банд бўлган раҳбарларнинг катта ютуғи сифатида сувни бошқариш регионал органларининг: Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси — ДСХМК ва иккита ҳавза сув хўжалиги бирлашмаларининг — ҲСХБ ташкил қилинганлигини эътироф этиш мумкин. Бу 25 йилдан кўпроқ вақт мобайнида содир бўлган йирик сув тошқинлари ва жиддий қурғоқчилик йилларига қарамай, эндиликда давлатлараро трансчегаравий бўлиб қолган сув ресурсларини бошқаришнинг илгариги усулларини сақлаб қолиш ва аллақандай низо ва тушунмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш имконини берди. Айнан мана шу борада Ўзбекистон етакчи роль ўйнади ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Давлатимиз раҳбари Сув хўжалиги вазирлигининг қайтадан тикланишида ташаббус кўрсатди, сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланишда, хусусан, биргаликда гидрообъектлар қуриш ва улардан фойдаланишгача бўлган кўламда қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб, яқиндан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйди.

2018 йилда Туркманбошида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитида Президентимиз ҳозирги замон даъватларига ва сув ресурсларининг ўсиб бораётган тақчиллигига муносиб туриш салоҳиятига эга бўладиган Сув ресурсларидан рационал фойдаланиш минтақавий дастурини биргаликда ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан бу борада қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, улар доирасида Сув хўжалиги вазирлигининг зиммасига бошқариш самарадорлигини ошириш ва соҳани такомиллаштириш вазифалари юклатилди. Шу муносабат билан вазирлик бўйича долзарб мақсад ва йўналишларни, жумладан, раҳбар кадрлар малакасини ошириш борасидаги вазифаларни белгилаб берувчи буйруқлар тайёрланиб, чиқарилди.

Ушбу ҳужжатлар асосида иш фаолиятини вилоят ва туман босқичларидан бошлаб такомиллаштириш чоралари белгиланди. Тизимдаги кадрлар малакасини ошириш бўйича вазирлик томонидан ўн кунлик ўқув машғулотлари ташкил этилиб, илк бор вилоят даражасидаги раҳбарларнинг билим доиралари кенгайтирилди. Бу борада, айниқса, тизимнинг янги таркибий қисми бўлган туман сув хўжалиги бошқармалари раҳбарларининг малакаси оширилиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Тан олиш керакки, бошланғич бўғин мутахассислари билимлари ҳозирги кун талабига мутлақо мос эмас. Шунинг учун уларнинг билим даражасини мунтазам тарзда ошириб бориш назарда тутилган.

Ушбу жараён шунчаки ўқитиш бўлибгина қолмай, балки тингловчиларни уларнинг туман босқичидаги роли, сувдан фойдаланиш уюшмалари фаолияти билан боғлиқлиги масалаларини муҳокама қилишга жалб этиш ҳамдир. Бу зарурият сувни фойдаланувчиларга етказишнинг энг қуйи босқичида сув ресурсларини ­бошқариш жараёнлари такрорланишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

Сув хўжалиги тизимининг энг муҳим бўғини — сув хўжалиги туман бошқармаларини тиклаш уларнинг туман раҳбарлари ихтиёрига берилган ва демакки, ўз ҳолига ташлаб қўйилган мелиорация ишлари мураккаб комплексидаги янги ролини белгилашни талаб этади.

Шу боисдан туман сув хўжалиги бошқармаларининг қуйи босқичда сувни ­бошқариш бўйича асосий давлат органи сифатидаги янги роли янгича мазмун ва шакл касб этиб, сувдан бевосита фойдаланувчилар ва мутахассислар ўртасида муҳим масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлиб боради. Мазкур йўналишдаги устувор масала — саводли миробларни танлаш, сувни бошқариш масъулиятини улар зиммасига юклаш, шу билан бир қаторда, уларга бўлган эътиборни кучайтириш ва улар фаолияти ­орқали бутун сув хўжалиги тизими нуфузини оширишдир.

Мелиорация муаммоларининг ечими

Шу билан бир қаторда, тармоқдаги муҳим масалалардан бири ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга биринчи галда эътибор беришдан иборат. Бугунги кунда республикамизда 300 минг гектардан ортиқ ерлар ташландиқ ва фойдаланилмаётган суғориладиган ерлардир. Уларда шўрланиш ва балчиқланиш даражаси меъёрдан жуда юқори. Умуман олганда, ўрта ва юқори даражада шўрланган ерлар 600 минг гектардан ҳам зиёд бўлиб, бу барча суғориладиган ерларнинг деярли 15 фоизи демакдир. Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги бу ерларга ҳар йили муайян миқдорда мелиорация учун маблағ ажратилишига қарамай, ана шундай аҳволга келиб қолган. Нима учун шундайлигини таҳлил қиладиган бўлсак, сабаби — ишлар тизимли ташкил этилмаганлиги ва суғорма деҳқончилик услубиёти мавжуд эмаслигида экани аён бўлади.

Гидрогеолик-мелиоратив экспедициялар бўйича материаллар баҳолашнинг ҳақиқийлигини кўтариши ва мелиорация ишларини қатъий лойиҳалар асосида олиб боришнинг илмий асосланган дас­турини ташкил этиши лозим. Илгари мелиораторлар ёпиқ дренаж таъмирини ўз вақтида бажариш ва меъёрларга амал қилишга доимий эътибор берар эди. Бу меъёрларга мувофиқ ҳар йили дренажларнинг етти фоизи ювилиши, коллекторлар эса — ҳар уч-тўрт йилда бир марта тозаланиши керак. Ўз вақтида Сув хўжалиги вазирлиги ва “Главсредазирсовхозстрой” ихтиёрида бўлган қувватлар ёрдамида йилига 4,5 минг километр дренажни ювиш мумкин бўлган бўлса, кейинчалик, 2015 йилгача ювиш машиналари ва воситалари йўқлиги сабабли ҳар йили 10 марта кам дренаж тозаланди. Бу эса лойқаланишга ва дренажларнинг тўлиқ ишдан чиқишига олиб келди. Ҳозирги кунда ювиш қувватлари йилига икки минг километргача етказилаётган бўлса-да, бу қилиниши зарур ишларнинг фақат ярмини ­ташкил этади.

Коллекторларни тозалаш кубометрлар бўйича олиб борилади, бунда режа­лаштириш ва ҳисоб юритиш погонметрларда эмас, олинган тупроқ кубометрида ўлчанади. Бу қўпол бузилиш бўлиб, ҳисоботларнинг нотўғрилигига олиб келади. Шунинг учун кўпгина коллекторлар, айниқса, туб қисми тозалангандан кейин ҳам қониқарсиз аҳволда қолиб кетаверади. Бунинг устига, тозаланган коллекторларда сувнинг оқим тезлиги талаб даражасидан паст бўлади. Коллектор лойиҳага асосан шундай тозаланиши керакки, сув оқимининг тезлиги секундига бир метр бўлишини таъминлаши лозим.

Қатор вилоятларда тузилган ишчи гуруҳлар ернинг мелиоратив ҳолатини текшириб, ҳатто муомаладан чиқиб қолганини ҳам аниқлашди. Ўша жойларда тадқиқотлар ўтказиб, ерларни қайта тиклаш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш имкониятлари ўрганилди. Ҳар бир вилоят бўйича мелиоратив кадастр тузиш учун компьютер методикасининг намунавий дастурини ­ишлаб чиқишга тайёргарлик бошланди. Бунинг натижасида коллектор-дренаж тизимининг ҳолатини яхшилаш бўйича устувор ишларни навбатма-навбат олиб бориш тартибини аниқлаш мумкин бўлади.

Ушбу дастур бир вақтнинг ўзида минераллашган коллектор-дренаж сувларини суғориш учун фойдаланиш бўйича тавсиялар бера олади. Ирригация тизимлари бассейн бошқармаси қошида коллектор-дренаж тизимини таъмирлаш, сақлаш ва профилактик хизмат кўрсатиш бўйича хўжалик ҳисобидаги бўлинмалар ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Улар эса ишни режалаштиради ва бажарилганидан сўнг ҳисобот беради.

Устувор вазифалар нималардан иборат?

Вазирлик фаолиятидаги яна бир устувор йўналиш — лойиҳачилар томонидан таклиф этилаётган техник ечимлар устидан назоратдир.

Сув хўжалиги вазирлиги Кампирравот тўғонининг қуйи бьефини мустаҳкамлаш бўйича, Амударёнинг ўрта оқим қисмида насосларни бошқариш бўйича, ушбу дарё дельтасида асосланган бошқариш тизимини таъминлашга нисбатан комплекс ёндашув бўйича тўғри қарорлар қабул қилди. Булар эса Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва қулай табиий ривожланиш зонасига айлантириш ҳақидаги таклифини рўёбга чиқариш учун шароит яратади.

Сув хўжалиги вазирлигида белгиланган ишларни такомиллаштириш баробарида шуни яхши тушунишадики, бир ярим йиллик фаолият давомида мелиорация ишларининг яхлит, бир бутун комплексини яратишга, шунингдек, Президент томонидан белгилаб берилган дастурни керакли суръатларда амалга оширишга тўла ишончни шакллантириш учун зарур бўлган иш услубини йўлга қўйишга ҳали ­эришилгани йўқ.

Жорий йил 12 март куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам давлати­миз раҳбари яна сув хўжалиги муаммоларини кўтарди ва соҳа вакилларини сув захираларидан оқилона фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга чақирди. Ушбу муаммолар орасида, биринчи галда, сувдан самарасиз фойдаланишни қисқартириш, катта ­йўқотишларнинг олдини олиш, сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, ­с­увдан фойдаланувчилар уюшмаларининг фаолиятини кучайтириш зарур.

Ишлар самарадорлигини оширишдаги янги имкониятлар аграр тармоқда тайёр маҳсулот олишга йўналтирилган кластер тизимини ривожлантириш билан боғлиқ. Президент ташаббуси билан ривож­лантирилаётган ушбу тизимда жараённинг барча иштирокчиси учун ўз меҳнати ва қўшган ҳиссасига мос равишда сўнгги натижадан манфаатдорлик ҳисси ва шароитини яратиш имконияти мавжуд. Бунда энг муҳим кўрсаткичлардан бири — захираларни, шу жумладан, сув захираларини тежашдир.

Тежамкорлик аниқликдан бошланади

Сув ҳисоб-китобини юритиш бугунги кунда шунчаки техник масала эмас. Эндиликда у жамият ва давлатнинг мазкур табиий ресурсга, келажакни таъминлашга бўлган муносабатини белгилаб бермоқда. Амударёнинг қуйи оқими мисолида Президент бир сувдан фойдаланувчининг ҳисоб-китобларидаги камчилик бошқаларнинг сувсиз қолишига сабаб бўлишини айтиб ўтди. Кўпгина мамлакатларда бундай ҳисоб-китоблар сувдан фойдаланганлик учун тўловларга асос бўлади ва шу йўсинда адолат таъминланади. Айнан сув учун тўловлар дунёнинг ривожланган давлатларида сувдан режали фойдаланиш, уни тежамкорлик билан самарали ишлатиш, сув таъминотида тартиб ва аниқликка риоя қилиш имконини беради. Бироқ бу, ўз ­навбатида, зудлик билан бутун сув тармоғини то охирги фойдаланувчигача ўлчов асбоблари билан тўлиқ жиҳозлашни тақозо этади. Бизда бу масалага охирги ўн йилларда мутлақо эътибор қаратилмади. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки тармоқнинг асосини ташкил этувчи тажрибали муҳандис-техник мутахассислар, айниқса, илмий ва лойиҳа ташкилотларида фаолият юритаётганлар ишдан кетди. Уларнинг ўрнини эгаллаган хорижий ­клерклар ва муваққат ишловчилар бизнинг сув хўжалигимиз эҳтиёжларини тўла англаб ета олмадилар. Бунақа чириган, бизга дўст бўлмаганлар томонидан таклиф этилган амалиётни тугатиш, ўзимизнинг фахрли муҳандис кадрларимизни ўз ўрнига тиклаш керак.

Шу билан бир қаторда, ўлчов асбоблари билан тўлиқ таъминланмаган ҳолатда ҳам сув учун тўловларни жорий этиш бўйича таклифлар мавжуд. Ҳиндистонлик ирригаторлар тажрибасидан келиб чиқиб, ўлчов асбобларини сув тарқатиш ин­шоотларига ўрнатиш мумкин. Сувдан фойдаланаётган фермерлар олинган сув учун суғориладиган майдонларига мутаносиб равишда ҳақ тўлайдилар. Сув учун тўлов жорий этилишининг афзаллиги шундаки, бунда сувдан фойдаланиш самарадорлиги ошади, сув етказиб берувчилар ҳам истеъмолчилар олдидаги масъулиятларини ҳис этишади. Агар далага меъёр бўйича сув ажратиш йўлга қўйилса, бу, бир вақтнинг ўзида ҳам ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади, ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархининг пасайишига олиб келади.

2020-2021 йилларда тармоқда сув ҳисоб-китобини юритишни ташкиллаштириш устувор вазифа бўлиши керак. Бироқ бу иш аллақачон эскирган усулларда эмас, сув оқимининг умумий қийматини кўрсатиб бера оладиган замонавий ускуналар ёрдамида бажарилиши лозим. Бу ускуналарда ўлчов ишлари кунига уч марта эмас, доимий равишда онлайн-режимда олиб борилади. Жанубий Кореяда “K-Water” компанияси томонидан ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилган “Smart Water” тизими ўлчов ишларини ультратовушли ускуналардан фойдаланган ҳолда бажаради. Ушбу тизимни бизнинг шароитимизга мослаштириш керак. Яқин йилларда сув танқислиги янада ошиши кутилаётган трансчегаравий ҳавзалардан сув олишда SCADA тизимини жорий этиш ҳам ўта муҳим масала. Мазкур тизим “Сирдарё” бассейн-сув хўжалиги ташкилотида қўлланилганда сув ҳисоб-китобини 10 фоиздан 2 фоизгача аниқликда амалга ошириш имконини бергани ҳам бу масаланинг нақадар муҳимлигини яққол кўрсатади.

Сўзимиз охирида бутун мелиоратив тизимнинг юқори самарадорлигини сув хўжалиги индустриясининг мавжуд иншоотлари фаолиятини тикламасдан туриб таъминлаш мумкин эмаслигини ҳам таъкидлаш лозим. Булар жумласига лотоклар, темир-бетон қувурлар, турли (полиэтилен, полипропилен, эпоксид қатрон асосидаги) полимерлар ишлаб чиқариш, тўсувчи арматуралар, клапанлар ва бошқа зарур ­қисмлар тайёрлаш киради. Гап янги ерларни кенг миқёсда ўзлаштириш даврида сув хўжалигини зарур ашёлар билан таъминлаб турган улкан корхоналар ҳақида кетмаяпти. Лекин сув хўжалиги турли ин­шоотлар, суғориш тармоқлари, лотоклар, дренажларнинг ишдан чиққан қисмларини доимий алмаштириб туриш имкониятига эга бўлиши керак. Шу билан бир қаторда, биз тармоқнинг техник, лойиҳавий ва илмий салоҳиятини тиклаш, самарадорлик ва фойдали иш коэффициентини оширувчи комплекс тизимни яратиш, сув ва ердан фойдаланиш натижадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ишларини ҳам биринчи галдаги вазифалар, деб биламиз.

Тармоқни ривожлантиришнинг истиқболларини белгилаб олиш лозим. У ҳукумат томонидан тайёрланадиган сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг 2035 йилгача бўлган стратегиясида ўз аксини топиши керак. Мавжуд прогнозларга кўра, аҳолининг кўпайиши, бизда ва қўшниларимизда иқтисодий ривожланиш ҳажмининг ошиши, хусусан, уларда гидроэнергетик иншоотларнинг барпо этилиши, иқлим ўзгаришлари ва Афғонистон томонидан сувнинг ҳозиргига нисбатан кўпроқ олиниши натижасида минтақада сув тан­қислиги ёғингарчилик даражасига боғлиқ равишда йилига 12 — 17 куб километргача етади. Шунинг ярми Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Ёғингарчилик кам бўлган йилларда, масалан, 2008 йилда Ўзбекистонда сув ресурслари камайиши 10 — 12 куб километрни ташкил этган. Баъзи бассейнлар, масалан, Зарафшон учун музликларнинг эриши катта ва олдиндан кўриб бўлмайдиган хавф туғдиради. Юзага келган вазиятни давлатимиз раҳбари 16 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда аниқ тасвирлаб берди: охирги 10 йилда, мисол учун, Ўзбекистонда сув ҳажми 12 фоиз, ўтган йилдагига нис­батан эса бу йил 15 фоиз камайган.

Бу муаммоларни фақат ақл, аниқ ҳисоб-китоб, чуқур тайёргарлик билан, юқори даражада ташкил этилган сув хўжалиги тизимини йўлга қўйиш, тежамкор технологияларни жорий этиш орқали ҳал этиш мумкин.

Бунинг учун тармоқ нуфузини кўтариш, сув хўжалиги ташкилотларининг қуйи бўғинларида меҳнат қилаётганларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, сув ва электр энергияси сарфини камайтирганлик учун мукофотлаш тизимини жорий этиш, энг яхши мутахассисларни хорижий мамлакатлар ва илғор ташкилотларга тажриба алмашиш учун юбориш ишлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

Исмоил ЖЎРАБЕКОВ,
Виктор ДУХОВНИЙ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригаторлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?