Ўзбекистон спорт делегациясининг Буэнос-Айрес Олимпиадаси учун лицензиялари сони 33 тага етди

17:51 02 Август 2018 Спорт
184 0

Хабарингиз бор, октябрь ойида Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон спорт делегацияси мазкур нуфузли мусобақага жиддий равишда тайёргарлик кўрмоқда. Куни кеча, Халқаро дзюдо федерациясининг кадетлар ўртасидаги рейтинг мусобақалари якуний рўйхати эълон қилинди, деб ёзади МОҚ матбуот хизмати.

Унга кўра, ўғил болалар ўртасида 66 кг.гача вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Жайҳунбек Назаров, қизлар ўртасида эса 52 кг.гача вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Нилуфар Ермагембетова якуний рейтингга биноан ўсмирлар Олимпиадасида иштирок этадиган бўлишди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, рейтинг мусобақаларида қатнашган беш нафар ўзбекистонлик ёш дзюдочи Олимпия ўйинлари меъёрини бажарганди. Бироқ қоидага кўра бир мамлакатдан кўпи билан икки нафар дзюдочи ўсмирлар Олимпиадасида иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон дзюдо федерацияси қарорига кўра айнан Жайҳунбек Назаров ва Нилуфар Ермагамбетова Аргентинадаги мусобақада иштирок этиш учун танлаб олинди.

Шу тариқа, Ўзбекистон спорт делегациясининг Буэнос-Айрес Олимпиадаси учун лицензиялари сони 33 тага етди.

Бугунги кунга келиб III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари учун терма жамоамиз ҳисобида қуйидаги спорт турларида лицензиялар мавжуд:

Спорт курашлари – 5та
Енгил атлетика – 4
Бокс – 3 та
Оғир атлетика – 3 та
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш – 3 та
Академик эшкак эшиш – 3 та
Спорт гимнастикаси – 2 та
Спорт акробатикаси – 2 та
Дзюдо – 2 та
Трамполин – 1
Бадиий гимнастика – 1 та
От спорти (конкур) – 1 та
Таэквондо – 1 та
Каратэ – 1
Ўқ отиш – 1

Маълумот учун, 2010 йилда илк маротаба Сингапурда ўтказилган ўсмирлар Олимпия ўйинларига Ўзбекистон терма жамоаси 21 та лицезния қўлга киритган. 2014 йилги Нанкин Олимпиадасида эса Ўзбекистон спорт делегацияси 28 нафар спортчидан иборат бўлган. Демак, бу борадаги рекорд аллақачон янгиланиб бўлди ва бугунги кунги келиб 33 нафар ўсмиримиз Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб улгуришди. Спортчиларимиз ҳали сузиш ва теннис спорт турларида ҳам лицензиялар қўлга киритиш имконига эгалар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар