Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самаралари Женевада тақдим этилди

17:49 23 Май 2018 Жамият
888 0

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси бўлиб ўтмоқда. 
Ҳар йили ташкил этиладиган мазкур анжуманда соғлиқни сақлаш соҳасида кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказилади. Бу йилги сессияда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш каби долзарб масалалар бўйича маърузалар  қилинмоқда.  
Тадбирда ЖССТга аъзо 194 та давлатнинг сағлиқни сақлаш тизимлари раҳбарлари қатнашмоқда. 
Ўзбекистон делегациясига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов раҳбарлик қилмоқда. 

Ассамблеяда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири маъруза қилди. Вазир ўз чиқишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида тўхталиб ўтди.  
“Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламига, айниқса, узоқ қишлоқ аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бугун давлат сиёсатининг бош мақсадига айланди, — деди А. Шадманов. — Шу мақсадда 100 дан ортиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда соҳанинг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар қамраб олинган. Ҳозирда Ўзбекистон белгиланган вазифалар ижроси доирасида қатор ижобий натижаларга эришди. Бунга мисол қилиб, 1283 та тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари харид қилингани, натижада, чақириқ тушгач, тез ёрдам хизматининг етиб бориш вақти 20-30 дақиқдан 10-15 дақиқагача, хизмат радиуси эса 5-12 километргача қисқарди. 2017 йилда Ўзбекистонга 311 нафар хорижлик мутахассислар таклиф қилинди. Улар билан ҳамкорликда 800 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 290 нафардан ортиқ мамлакатимиз мутахассислари эса дунёнинг етакчи клиникаларида малака ошириб келди. 

Ўзбекистон тиббиётидаги энг катта янгиликлардан бири сифатида трансплантация амалиётининг йўлга қўйилганини айтмоқчиман. Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра трансплантацияси бажарилмоқда. 
Шунингдек, вазир мамлакатимизда хусусий секторни ривожлантириш, иммунопрофилактика соҳасидаги натижалар билан таништирди. Вазирнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича қароридан сўнг Ўзбекистондаги хусусий клиникалар сони сўнгги йилда 3040тадан 4073та ошган. Мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта хусусий клиникаларга деярли барча йўналишларда, хусусан, абдоминал жарроҳлик, торакал жарроҳлик, нейрохирургия, онкология, травматология ва болалар жарроҳлиги бўйича лицензия беришга рухсат этилди. 
Миллий эмлаш календари бўйича мамлакатимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланмоқда. Юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланиб, эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Натижада 2017 йил Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи ҳудуд деб эътироф этилди. 

Шунингдек, вазир ўз маърузасида 2019-2020 йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ва унда белгиланган вазифалар билан таништирди.

“Ушбу натижалар биз кўзлаган марранинг бошланиши. Келажакда тиббий хизмат бошқарувини оптималлаштириш, инфраструктурани яхшилаш, тиббий хизмат нормативлари ва стандартларини ишлаб чиқиш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жадал татбиқ этиш бўйича аниқ режа ва дастурлар ишлаб чиқилган”, — дея қайд этди А. Шадманов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга ЖСС ассамблеяси иштирокчилари томонидан қизиқиш билдирилган. 
 Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси 26 майгача давом этади. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019