Ўзбекистон — Россия: ҳамкорлик мулоқоти

08:38 01 Октябр 2019 Жамият
294 0

Экслюзив интервью

Шу йилнинг 1 октябридан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи бошланади. 

Хўш, бугунги кунда Ўзбекистон — Россия ўртасидаги парламентлараро мулоқотларни ривожлантириш борасида қандай амалий ишлар олиб бориляпти? Ушбу ташриф доирасида қандай учрашувлар ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган? Умуман, ташрифдан кўзланган мақсад нима?

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов мухбиримизга ана шулар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ташрифи Ўзбекистон ҳамда Россия ўртасидаги давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеадир. Бу икки мамлакат ўртасидаги фаол парламентлараро мулоқотнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон — Россия ўртасидаги алоқалар жадал ривожланяпти. Юксак даражадаги мунтазам учрашувлар, конструктив мулоқот, икки давлат раҳбарлари ўртасида имзоланган шартномалар ҳамда битимлар ижроси сиёсий, савдо-иқтисодий маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни равнақ топтиришга хизмат қилмоқда. 

Ушбу жараёнда ҳокимиятнинг барча тармоғи жалб этилган. Бинобарин, икки мамлакат парламентлари олдида ўзаро мулоқотни фаоллаштиришдек муҳим вазифа турибди. Зеро, бу муносабатлар ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Шу нуқтаи назардан ҳамкорликни ҳуқуқий қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш муҳимдир.

Ташриф кун тартибидан қонунчиликни ўзаро мослаштириш, шартномалар ижроси устидан ҳамкорликда парламент назоратини амалга ошириш масалалари жой олган. Шунингдек, ўзбек маҳсулотлари ва хизматларини Россия бозорига киришини соддалаштириш, ҳудудлараро ўзаро алоқаларни янада кучайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар муҳокама қилинади. Бу борада ҳудудлар манфаатларини илгари сурувчи парламент юқори палаталари алоҳида роль ўйнайди. Шу боис ўзаро алоқаларда иқтисодий йўналишларга асосий эътибор қаратилади.

Бўлажак ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, муносабатларнинг икки томонлама жиддий институционаллашаётганидир. Бунга ўтган йил Олий Мажлис Сенати вакилларининг Россия Федерациясига ташрифи катта йўл очган эди. Ўшанда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги янгиланган битим имзоланганди.

Парламентлараро комиссия ҳам фаолият юритяпти. У томонидан муҳокама қилинаётган шартномалар ва масалалар тобора аниқ хусусият касб этаётир. Шартномалар ижросини таъминлаш усуллари ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашнинг янги йўллари синчиклаб кўриб чиқилмоқда. Ўзаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, сайёҳлик, жумладан, кенгайиш истиқболларига эга бўлган зиёрат туризмини фаоллаштириш бўйича мулоқот олиб бориляпти. 

Расмий ташриф давомида ўтказиладиган комиссиянинг бўлажак тўртинчи йиғилишида юқорида айтиб ўтилган барча масала кўриб чиқилади. Айни чоғда ҳудудлараро ҳамкорликка ҳам урғу бериляпти. Биз учун Россиянинг қонунчилик соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ҳам муҳимдир. Ҳужжатлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Девони Таҳлилий ҳуқуқий бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши кутиляпти.

Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро тажриба ва амалиётни чуқур ўрганишни тақозо этмоқда. Шу маънода, Россиянинг ўзига хос ўзгаришлардан тажрибаси ўзбек парламенти аъзолари учун ҳам муҳимдир.

Шунингдек, Олий Мажлис ва Қонунчилик палатасида мулоқотлар ва музокаралар бўлиб ўтади. Қолаверса, ташриф давомида қатор ижтимоий объектларга бориш, Бухорога ташриф буюриш ҳам режалаштирилган.

Қисқаси, кутилаётган ташриф икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда мулоқотнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамга айланишига ишончим комил.

Саиджон МАХСУМОВ
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019