Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

09:35 29 Ноябрь 2018 Ҳужжатлар
546 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш, шу жумладан, ҳаво кемалари паркини янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Шу билан бирга, жаҳон авиаташувлари бозорида мамлакатимиз фуқаро авиациясининг рақобатбардошлигини таъминлаш ва ушбу соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш учун мамлакатимизнинг фуқаро авиациясида таркибий ислоҳотларни амалга оширишни давом эттиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли камчиликлар сақланиб қолмоқда. 

Жумладан, ўзида ҳам давлат томонидан тартибга солиш функцияларини, ҳам тижорат фаолиятига оид функцияларни мужассамлаштирган бошқарувнинг эскирган ва ёпиқ тизими тармоқ корхоналарида менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлаш имконини бермаяпти. 

Фуқаро авиаташувларининг, шу жумладан, ер устидаги инфратузилмадан фойдаланишнинг ҳаддан ташқари монополлаштирилганлиги ушбу соҳада хизматлар кўрсатишнинг жаҳон даражасидан анча ортда қолиб кетишига, шунингдек, мамлакатдаги айрим аэропортларнинг норентабеллигига сабаб бўлди. 

Фуқаро авиацияси соҳасидаги бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини жадал жорий этиш, тармоқдаги корхоналарни жаҳон тенденциялари ва стандартларига мувофиқ қайта тузиш, авиаташувлар бозорида рақобатни ривожлантириш ва тармоққа инвестицияларни фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясини(кейинги ўринларда – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК) қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. Бу: 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекциясининг, шунингдек, “Учиш мажмуаси”, “Ҳаво алоқалари бош агентлиги” ва “Ўзавиатехтаъминот” моддий-техник таъминот мажмуаси” давлат унитар корхоналарининг негизида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда – “Uzbekistan Airways” АЖ) ташкил этиш; 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибига кирадиган давлат унитар корхоналарини 1-иловага мувофиқ масъулияти чекланган жамиятларга айлантириш

“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда – “Uzbekistan Airports” АЖ) 2-иловага мувофиқ унга хўжалик жамиятларининг устав жамғармаларидаги давлат улушини ўтказиш йўли билан ташкил этиш; 

“Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” ДУК негизида “Uzbekistan Helicopters” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш; 

“Ўзаэронавигация” маркази” давлат корхонасини (кейинги ўринларда – “Ўзаэронавигация” ДК) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрига ўтказиш орқали амалга оширилади. 

2. Қуйидагилар: 

а) “Uzbekistan Airways” АЖнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

шу жумладан, парвозларнинг янги йўналишларини ўзлаштирган ва географиясини кенгайтирган ҳолда ҳаво кемалари паркидан самарали фойдаланиш; 

ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришнинг замонавий тизимлари ва технологияларини жорий этиш, шунингдек, авиапаркни модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлаш ва янгилаш; 

ҳаво кемалари бортида йўловчиларга кўрсатиладиган сервис хизматлари, шу жумладан, хорижий авиакомпанияларнинг авиация техникасига техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишлари сифатини ошириш; 

компаниянинг рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар, юклар, почта ва багаж ташиш соҳасида мослашувчан тариф сиёсатини олиб бориш; 

энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шу жумладан, акциялар ва корпоратив облигациялар чиқариш орқали жалб қилиш; 

парвозларни амалга оширишда юқори даражадаги хавфсизликни, шунингдек, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш; 

авиакомпанияни халқаро авиаташувчилар ҳамжамиятига интеграциялаш, авиаташувлар соҳасида минтақавий етакчи даражасига эришиш. 

б) “Uzbekistan Airports” АЖнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

аэропортларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш учун, шу жумладан, аэропортларни бошқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик ва етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда инвестициялар жалб қилиш; 

авиаташувчилар йўловчиларига аэропортларда юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш, улар учун зарур барча қулай шарт-шароитларни яратиш; 

аэропортлар тегишли хизматларининг самарали фаолиятини таъминлаш, йўловчилар, юклар, почта ва багажга хизмат кўрсатиш жараёнини мақбуллаштириш; 

аэродромларни парвозларга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, парвозларнинг мунтазамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш, аэродромларни сақлаш ва таъмирлашнинг замонавий усулларини жорий этиш; 

ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш ва хизмат кўрсатиш учун фойдаланиладиган ёқилғи ва бошқа ёқилғи-мойлаш материалларини узлуксиз таъминлаш, шунингдек, уларнинг сифатини қатъий назорат қилиш; 

логистика соҳасида сифатли хизмат кўрсатиш учун инфратузилмани такомиллаштириш ва қулай шарт-шароитлар яратиш; 

аэропортларда савдо, овқатланиш, йўловчиларга банк ва бошқа хизматлар кўрсатувчи замонавий объектлар тармоғини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенгайтириш. 

3. “Uzbekistan Airways” АЖ Жаҳон банки гуруҳини ва бошқа халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда, активларнинг авиакомпания рентабеллигини таъминловчи мақбул тузилмасини ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятининг барқарор бизнес-модели ишлаб чиқилишини таъминласин. 

4. Белгилансинки: 

“Uzbekistan Airways” АЖ шартномалар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекциясининг, “Учиш мажмуаси”, “Ҳаво алоқалари бош агентлиги” ва “Ўзавиатехтаъминот” моддий-техник таъминот мажмуаси” давлат унитар корхоналарининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади; 

ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар шартномалар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича тегишли равишда қайта тузиладиган давлат корхоналарининг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади; 

“Ўзаэронавигация” ДК шартномалар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг аэронавигация масалалари қисмида ҳуқуқий вориси ҳисобланади; 

“Uzbekistan Airways” АЖ устав капитали қайта тузиладиган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекциясининг, “Учиш мажмуаси”, “Ҳаво алоқалари бош агентлиги” ва “Ўзавиатехтаъминот” моддий-техник таъминот мажмуаси” давлат унитар корхоналарининг мол-мулкини қолдиқ қиймати бўйича ўтказиш, шунингдек, ташкил этиладиган “Uzbekistan Helicopters”, “Uzbekistan Air technics”, “Ўқув-машғулот маркази” ва “Кетринг” масъулияти чекланган жамиятларидаги давлат улушини номинал қиймат бўйича ўтказиш ҳисобига шакллантирилади; 

“Uzbekistan Airports” АЖ устав капитали ушбу Фармоннинг 2-иловасида кўрсатилган корхоналарнинг устав капиталидаги номинал қиймат бўйича ўтказиб бериладиган давлат улушлари ҳисобига шакллантирилади; 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва қайта ташкил этиладиган давлат унитар корхоналарининг қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган мол-мулки қайта ташкил этиладиган ва янги ташкил этиладиган корхоналарга тасарруф этиш ҳуқуқисиз бепул фойдаланиш учун ўтказиб берилади. 

5. Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти тузилмасида 7 та штат бирлигидан иборат таркибда авиация тармоғини ислоҳ қилиш масалалари бўйича сектор тузилсин, унинг зиммасига қуйидагиларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш вазифалари юклансин: 

маҳаллий ва хорижий ташувчиларнинг миллий ҳаво қатновлари бозорига кириш қоидалари; 

аэропортлар инфратузилмасини ва аэронавигацион хизмат кўрсатишни ривожлантириш дастури; 

давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарур бўлган субсидияланадиган авиайўналишларни танлаш сиёсати; 

аэропортлар хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштироки ва рақобат муҳитини таъминлашга доир механизмлар; 

аэропортларнинг авиация ва ноавиация хизматлари нархларини тартибга солиш; 

фуқаро авиацияси соҳасида истеъмолчилар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари; 

халқаро авиация ташувлари соҳасида халқаро шартномалар тузиш ва уларнинг шартлари бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари. 

6. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКни қайта ташкил этишга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширишни мувофиқлаштириш ва амалий кўмаклашиш бўйича ишчи комиссия (кейинги ўринларда – Ишчи комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин. 

Ишчи комиссия (А.Н.Арипов): 

а) икки ҳафта муддатда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва унинг таркибига кирадиган давлат корхоналарини қайта ташкил этиш бўйича тадбирлар режасини тасдиқласин, унда ҳар бир тадбир ўтказиладиган аниқ муддатларни ва масъул шахсларни кўрсатсин;

б) 2019 йил 15 январгача бўлган муддатда транспорт тармоғини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солишга оид барча комплекс масалалар учун жавоб берадиган Транспорт вазирлигини ташкил этиш юзасидан таклиф киритсин; 

в) 2019 йил 1 майгача бўлган муддатда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва унинг таркибига кирадиган корхоналарнинг: 

қайта ташкил этиладиган ва янги ташкил этиладиган корхоналар устав капиталига (жамғармасига) ўтказиладиган; 

қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган ҳамда қайта ташкил этиладиган ва янги ташкил этиладиган корхоналарга тасарруф этиш ҳуқуқисиз бепул фойдаланиш учун ўтказиладиган мол-мулки рўйхатини тасдиқласин; 

г) 2019 йил 1 июнгача бўлган муддатда қўшимча компанияларнинг, шу жумладан, кам бюджетли авиакомпаниялар (лоукостерлар) ва тижорат авиацияси хизматларини кўрсатадиган корхоналар фаолияти учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда қўшимча шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрсин. 

7. Қуйидагилар зиммасига: 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКни қайта ташкил этиш бўйича комплекс 
чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, ушбу Фармонда назарда тутилган вазифалар сўзсиз бажарилишини мувофиқлаштириш учун; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов зиммасига – авиаташувлар бозорини босқичма-босқич эркинлаштириш чора-тадбирларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини бошқаришнинг янги тармоқ сиёсатини ишлаб чиқиш учун; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов зиммасига – салоҳиятли инвесторларни излаш ва авиация транспорти соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига – давлат-хусусий шериклик шартлари асосида авиация транспорти соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклатилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан биргаликда Ишчи комиссия томонидан ушбу Фармоннинг 6-бандида кўрсатилган рўйхатлар тасдиқланганидан кейин олти ой муддатда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва унинг таркибига кирадиган корхоналарни қайта ташкил этиш, шунингдек, уларнинг устав капиталларини шакллантириш бўйича ишлар охирига етказилишини таъминласин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасида Авиация транспортини ислоҳ қилиш ва мазкур соҳага инвестицияларни жалб қилишга доир узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга кўмаклашиш тўғрисида битим тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 майгача бўлган муддатда Жаҳон банки гуруҳи томонидан ўтказилган ишлар якунлари бўйича 2019-2030 йилларда авиация транспорти соҳасини ислоҳ қилиш ва аэропортларни ривожлантиришга хусусий, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқласин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва “Uzbekistan Airports” АЖ Жаҳон банки гуруҳини жалб қилган ҳолда: 

2019 йил 1 апрелгача бўлган муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга ошириладиган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳи аниқланишини;

2020 йил 1 январгача бўлган муддатда танланган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун танловлар ўтказилишини таъминласин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин: 

а) Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясига (кейинги ўринларда – Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси): 

ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозларни амалга ошириш; 

аэродром атрофидаги парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар беришга оид ваколатларни ўтказиш; 

б) Ишчи комиссия томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, “Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” ДУК томонидан фойдаланилаётган АН-2 ҳаво кемаларини ва тегишли авиация мулкини қолдиқ қиймати бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига ўтказиш; 

в) “Ўзаэронавигация” давлат корхонасига Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан транзит фойдаланишда кўрсатилган аэронавигация хизматлари учун хорижий авиакомпанияларнинг кечиктирилган дебитор қарздорлигини аэронавигация хизматлари кўрсатилгани тасдиқланган вақтдан бошлаб 12 ой давомида ундириш ҳуқуқини бериш. 

12. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг ташкилий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган штатлари сони 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

13. Белгилаб қўйилсинки: 

мазкур Фармонга мувофиқ тузиладиган хўжалик жамиятлари (кейинги ўринларда – хўжалик жамиятлари) ижро этувчи органларининг аъзолари етакчи авиакомпанияларда катта тажрибага ҳамда корпоратив бошқарув, менежмент ва молия соҳасида зарур малакага эга бўлган мутахассислар, шу жумладан, хорижий фуқаролар орасидан танлаб олинади; 

мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган акциядорлик жамиятлари устав капиталларидаги давлат акциялари пакети бўйича акциядорнинг ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси амалга оширади; 

мазкур Фармонга мувофиқ ўтказиладиган ва қабул қилинадиган мол-мулкнинг қиймати солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқишда солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди; 

2020 йилдан бошлаб хўжалик жамиятларининг молиявий ҳисоботи халқаро стандартлар асосида шакллантирилади, етакчи халқаро аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда йиллик мустақил ташқи аудитдан ўтказилиши лозим. 

14. Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2019 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ташкил этмасдан Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

Белгилансинки: 

а) Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади: 

қонун ҳужжатларига мувофиқ пулли хизматлар кўрсатишдан, шу жумладан, аэродром атрофидаги парвозлар хавфсизлигига хавф солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширишга рухсатномалар беришдан тушадиган маблағлар суммасининг 100 фоизи; 

маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари томонидан солинадиган жарималар суммасининг 80 фоизи; 

“Ўзаэронавигация” ДК соф фойдасининг 5 фоизи; 

авиация хавфсизлиги учун ундириладиган йиғимлар суммасининг 3 фоизи; 

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари; 

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар. 

б) Жамғарманинг маблағларидан фақат: 

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини моддий-техник таъминлаш, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш; 

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, ўқитиш ва малакасини ошириш; 

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш; 

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тадбирлар учун фойдаланилади. 

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги: 

2019 йил 1 майгача бўлган муддатда хорижий кредитлар (қарзлар) бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекциясининг пулли мажбуриятлари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг аввал тақдим этилган давлат кафолатларини қайта расмийлаштирсин; 

2019 йил 1 июнгача бўлган муддатда аэропортларни ривожлантириш ҳамда ҳаводаги ҳаракатни бошқариш учун аввал жалб қилинган кредитларни “Uzbekistan Airports” ва “Ўзаэронавигация” ДКга қайта расмийлаштирсин; 

2019 йил 1 майгача бўлган муддатда чегирмаларнинг мослашувчан тизимини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияларига аэронавигация ва аэропорт хизматларини кўрсатиш учун ягона ставкалар ҳамда йиғимларни тасдиқласин; 

2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда рентабеллиги паст ички йўналишлар бўйича ташувларни амалга оширувчи авиакомпаниялар учун зарарлар ўрнини қоплашни молиялаштиришнинг барқарор механизмини шакллантиришга оид таклифлар киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси Адлия вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига: 

сиртқи таълим олган фуқаро авиацияси мутахассисларининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилишга рухсат бериш; 

илғор хорижий тажрибани ўрганиш, шу жумладан, ишлаб чиқарувчилар сертификатларини тан олишни ҳисобга олган ҳолда ҳаво кемалари ва авиадвигателларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун олиб кириладиган бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, деталларни сертификатлаш тартибини соддалаштириш бўйича таклифлар киритсин. 

17. Қуйидагиларга: 

а) Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияларига Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси тизими (IATA Clearing House) ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг бошқа халқаро тизимлари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишга; 

б) “Ўзаэронавигация” давлат корхонасига Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилоти (EUROCONTROL) орқали хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудидан транзит фойдаланишда кўрсатилган аэронавигация хизматлари учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга рухсат берилсин. 

18. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва унинг таркибига кирадиган корхоналарга берилган имтиёзлар ва преференциялар мазкур Фармонга мувофиқ тузиладиган хўжалик жамиятларига татбиқ этилсин. 

19. Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпаниялари белгиланган тартибда тузиладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган: 

самолётлар (ТИФ ТН бўйича коди: 8802, 8803 ва 8805), шу жумладан, олиб кирилган вақтда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган самолётлар; 

жаҳон брендларининг йўловчиларга хизмат кўрсатиш учунгина фойдаланиладиган сервис инвентари ва алкоголь ичимликлари учун 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловлари тўлашдан озод этилсин (божхона расмийлаштируви учун ундириладиган тўловлар бундан мустасно). 

20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси: 

қайта ташкил этиладиган ва тузиладиган корхоналарнинг автотранспорт воситалари; 

қайта ташкил этиладиган ва тузиладиган корхоналарнинг кўчмас мулкига оид кадастр ҳужжатлари; 

қайта ташкил этиладиган корхоналарнинг таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат томонидан рўйхатга олинишини йиғимлар ва божлар ундирмасдан таъминласин. 

21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 
а) икки ой муддатда: 
ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозлар учун рухсатномалар бериш;
Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини ривожлантириш жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш; 
Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг ходимларини уч баравар тариф коэффициентини жорий этишни назарда тутувчи моддий рағбатлантириш тартибини тасдиқласин; 
б) уч ой муддатда: 
корпоратив бошқарув ва фуқаро авиацияси соҳасидаги мустақил, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖ ижро этувчи органлари ташкилий тузилмаларининг, шунингдек, кузатувчилар кенгашлари таркибларининг тасдиқланишини таъминласин; 
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фуқаро авиацияси соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ функцияларни давлат органларига ўтказишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин. 
22. Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 
23. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 27 ноябрь 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019