Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

20:02 09 Август 2018 Ҳужжатлар
384 0

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Юқори малакали мураббий кадрларни жалб қилган ҳолда иқтидорли ёш шахматчиларни тайёрлаш, шахмат бўйича миллий терма жамоанинг амалдаги аъзолари билан доимий алоқани таъминлаш, шунингдек, шахматни инсоннинг ақл ва тафаккур жараёнини ривожлантирувчи спорт тури сифатида янада оммалаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг:

мажбурий мактаб дастурлари доирасида иловага мувофиқ 150 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитишни ташкил қилиш;

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабини Ўзбекистон шахмат федерацияси тасарруфига бериш;

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча шахмат клублари ҳамда шахматга ўқитиш ва шахматчилар тайёрлашни амалга оширувчи бошқа спорт муассасалари (кейинги ўринларда шахмат клублари деб юритилади) Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда мажбурий аккредитациядан ўтказилиши тартибини белгилаш;

шахмат клублари томонидан ўзларининг фаолиятлари ҳақида ҳар чоракда Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳисоботлар тақдим қилиш механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон шахмат федерациясига Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда:

шахмат клубларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни;

республикадаги барча умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитишни босқичма-босқич қамраб олиш, юқори малакали мураббий кадрларни тайёрлаш, шахмат клублари ва умумий ўрта таълим мактаблари шахмат синфларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини;

шахмат клублари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар шаклини тасдиқлаш тавсия этилсин.

3. Белгилансинки:

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўз фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи молиялаштириш асосида олиб боради, хўжалик ва молиявий фаолият масалаларини мустақил равишда ҳал қилади;

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби фаолиятини молиялаштириш унинг ўз маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси билан биргаликда 2018 йил 20 августга қадар умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитиш бўйича таълим дастурларини тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

барча шахмат клубларининг паспортлаштиришдан ўтказилишини таъминласин;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2018 йил 9 август


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар