Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

01:05 19 Май 2018 Ҳужжатлар
538 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Аҳоли саломатлигини сақлаш, барқарор санитар-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар натижасида мамлакатда эпидемиологик барқарорлик таъминланмоқда.

Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, аҳолининг эпидемиологик хавфсизлигини таъминлашда, гриппга оммавий чалиниш ҳолатларининг олдини олишда, пандемик салоҳиятга эга янги юқори патоген вирусли инфекцияларга қарши курашишда бир қатор камчиликлар мавжуд.

Ўтказилган таҳлиллар натижалари грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг таъсирчан профилактикаси бўйича чора-тадбирларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган шарт-шароитлар ва муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда:

биринчидан, доимий генетик ўзгаришлар ҳамда одамлар учун хавфли вирусларнинг пайдо бўлиши хавфи, шунингдек, миграция жараёнларининг жадаллашуви юзага келаётган инфекцион таҳдидларга тезкор муносабат билдиришни талаб қилмоқда ва даволаш-профилактика чора-тадбирларини амалга оширишни қийинлаштирмоқда, жумладан, мазкур соҳада самарали халқаро ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш заруратини келтириб чиқармоқда;

иккинчидан, инфекция юқиши хавфи юқори бўлган аҳоли тоифасини вакцинопрофилактика қилиш даражасининг ҳозирги замон талабларига мос келмаслиги гриппга чалиниш даражасининг ошиши учун шароит яратмоқда;

учинчидан, рўйхатга олиш механизмларининг мукаммал эмаслиги вакциналар, ташхис қўйиш тўпламлари ва вирусга қарши воситаларнинг ўз вақтида олиб кирилишини қийинлаштирмоқда;

тўртинчидан, импорт қилинадиган вакциналар ва вирусга қарши воситаларнинг ўзига хос фаоллиги, шунингдек, импорт қилинадиган парранда ва чорва маҳсулотларининг одамларга нисбатан хавфли вируслардан холи эканлиги устидан лозим даражадаги лаборатория назорати таъминланмаяпти;

бешинчидан, даволаш муассасаларини грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларга тезкор ташхис қўйиш воситалари, вирусга қарши воситалар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашда, шунингдек, гриппга чалинган беморларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳолатларни эрта аниқлашда камчиликлар мавжуд;

олтинчидан, барча ихтисосликдаги шифокорларнинг замонавий усуллар билан грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича малакасини ошириш жараёни, шунингдек, шифокорларнинг беморларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида даволаш бўйича фаоллигини рағбатлантириш лозим даражада ташкил этилмаган;

еттинчидан, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, маҳаллий вакциналар, вирусга қарши воситалар, ташхис қўйиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, шунингдек, ушбу мақсадларга инвестициялар ва грантлар жалб қилиш бўйича ишлар суст олиб борилмоқда.
Грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, осойишта санитар-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш соҳасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилсин.

2. Қуйидагилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа масъул идораларнинг грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар тарқалишига қарши курашиш бўйича асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумжаҳон ва минтақавий санитар-эпидемиологик ҳолатнинг доимий таҳлили ҳамда мониторингини олиб бориш, мамлакатда грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалиши тенденциялари ҳамда кенг тарқалиши мумкин бўлган ҳолатларни прогноз қилиш;

грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда уларни мувофиқлаштириш, вакциналар, вирусга қарши воситалар ва ҳимоя воситаларининг, ушбу касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ҳамда даволашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолини зарур ҳажмда долзарб вакциналар, вирусга қарши воситалар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан ўз вақтида таъминлаш ва уларнинг захирасини шакллантириш;

грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг комплекс профилактикасини, биринчи навбатда, юқтириш ва оғир оқибатларга чалиниш хавфи юқори бўлган аҳоли тоифасининг умумий вакцинациясини ташкил этиш орқали амалга ошириш;

кенг тарқалиши мумкин бўлган грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг илк эпидемиологик белгиларини аниқлаш ва келгусида аҳоли ўртасида касалланишни камайтириш учун комплекс шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш.

3. 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Чора-тадбирлар дастури деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирликлар ва идоралар раҳбарлари Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш учун хорижий давлатларнинг, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари (қарзлари)ни ва грантларини ҳамда бюджетдан ташқари бошқа маблағларни жалб қилиш бўйича зарур чоралар кўрсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича гриппнинг оғир шакллари ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар пайдо бўлганда вакциналар, вирусга қарши воситалар, шахсий ҳимоя воситалари, эрта ташхис қўйиш ускуналари билан таъминлаш ва шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан кейинги йилларда зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

6. 2018 йил 1 августдан гриппнинг оғир шаклларига ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларга чалинган ҳамда клиник-эпидемиологик кўрсатмалар бўйича парранда ва ҳайвонларда учрайдиган гриппнинг юқори патоген вирусларини ҳамда одамлар учун хавфли бўлган бошқа ўткир респиратор инфекцияларни юқтирганликда гумон қилинаётган шахсларга ушбу вирус турлари бўйича мажбурий ташхис қўйилиши белгилаб қўйилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 
юқумли касалликлар стационарларида, туғуруқ комплексларида ҳамда перинатал марказларда, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ва унинг филиалларида гриппга ташхис қўйиш бўйича экспресс-тестларнинг ҳамда гриппни даволовчи вирусга қарши махсус воситанинг қайта тикланувчи захираси ташкил этилишини, шунингдек, ўткир респиратор инфекцияларнинг оғир шаклларига чалинган беморларни даволаш учун шу соҳага ихтисослашган стационарларнинг жонлантириш ва интенсив терапия бўлимлари зарур асбоб-ускуналар ва сарфлаш материаллари билан жиҳозланишини таъминласин;

бир ой муддатда грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган шахсларни мавсумдан олдин вакцинация билан қамраб олиш мақсадида уларнинг асослантирилган контингентини, шунингдек, зарур молиявий маблағлар ҳажмини аниқласин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ушбу контингентнинг вакцинациясини ташкил этиш ва вакциналар харид қилишни молиялаштириш манбаларини белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда юқори патоген грипп вируслари ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишини назорат қилиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, унинг ўз вақтида ижро этилишини таъминласин;

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларга қарши вакциналар, ташхис воситалари, вирусга қарши воситалар ҳамда шахсий ҳимоя воситаларининг маҳаллий ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2018 йил 1 августга қадар муддатда грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш бўйича мақсадли илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, илғор хорижий илмий ишланмаларни ва янги юқори самарали воситаларни жорий этиш тажрибасини ўрганиш, кейинчалик инновацион ишланмалар натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, унинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-тадқиқот институти базасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тегишли институтларини жалб этган ҳолда ўз вақтида бажарилишини таъминласин;

2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг ўқув дастурини такомиллаштириш чораларини, жумладан, ўқув жараёнига юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш чуқур ўрганилишини назарда тутувчи чораларни кўрсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказилишини ҳамда ўтказилган тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ҳисоботлар тақдим этиб борилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли ўртасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш масалалари бўйича тизимли равишда ахборот-маърифий ишларни олиб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари даволаш-профилактика муассасаларини эҳтиёжга қараб грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни самарали профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур бўлган самарали шахсий ҳимоя ва тезкор ташхис қўйиш воситалари, вирусга қарши, патогенетик ҳамда бошқа воситалар ва ускуналар билан таъминласин.

10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда осойишта санитар-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг аҳоли саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, 2019 йил 1 мартга қадар муддатда 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари Р. С. Қосимов, Р. Р. Иноятов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. В. Акмалов ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О. Б. Муродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти     Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 18 май
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар