«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

09:33 10 Июль 2018 Ҳужжатлар
1274 0

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган
 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги 712–II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 1, 16-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти          Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2018 йил 9 июль
№ ЎРҚ—483

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида
(янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси  тадбиркорлик фаолияти субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир.
«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси» номидан фақат ушбу Қонуннинг қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши мумкин. Бошқа ташкилотлар ўз номларида «савдо-саноат палатаси», «савдо палатаси», «саноат палатаси» деган сўз бирикмаларидан ҳамда улар асосида тузилган сўз бирикмаларидан фойдаланишга ҳақли эмас.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. 
Агар Ўзбекистон Республикасининг ¬халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, ¬халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси  Савдо-саноат палатасини ташкил этиш мақсади

Ўзбекистон Республикаси  Савдо-саноат палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш, бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади.

4-модда. Палата фаолиятининг асосий принциплари

Палата фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, Палата аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, мустақиллик, очиқлик, ошкоралик ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигидан иборатдир.

5-модда. Палатанинг вазифалари

Палатанинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ўз фаолиятини йўлга қўйиши даврида қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ривожланишига, уларнинг устуворлик ролини, шунингдек дахлсизлигини таъминлашга, мамлакат аҳолисини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга барча чоралар билан  кўмаклашиш;
тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ташкил этиш ва уларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш жараёнларига жалб этиш;
тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ҳамда ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бошқа органларнинг, шунингдек бозор инфратузилмаси субъектларининг барча турдаги хизматларидан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш ва имконият бериш, маслаҳат ёрдами кўрсатиш ҳамда ахборот билан таъминлаш;
давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти, шунингдек банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;
тадбиркорлик тузилмалари учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими сифатини ошириш, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда йўналишлар ва ихтисосликлар бўйича ўқув дастурларини ва таълимни такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик субъектларини халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялаш, улар маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилишини таъминлашда кўмаклашиш, миллий брендларни хорижда илгари суриш, инвестицияларни, шу жумладан чет эл инвестицияларини, шунингдек замонавий технологияларни жалб этиш.
Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

6-модда. Палата фаолиятининг кафолатлари

Палата ўз фаолиятида давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир. 
Давлат Палатанинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлайди. 
Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари, шунингдек банк-молия ташкилотлари ҳамда бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари Палатага тадбиркорлик субъектларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигини ташкил этишда кўмаклашади.  
Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг Палата фаолиятига аралашишига, худди шунингдек Палатанинг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахслари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди. 

2-боб. Палатанинг функциялари 

7-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Палатанинг функциялари

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади:
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатининг таҳлилини ўтказади; 
тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига нисбатан даъво аризалари берган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ифода этади;
Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг мониторингини амалга оширади ҳамда ушбу фаолиятни текширишларда иштирок этади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши  мумкин. 

8-модда. Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида Палатанинг функциялари

Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади:
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат дастурларини, шунингдек ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тадбиркорлик тузилмалари билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ташкил қилиш, шу жумладан эксперт кенгашларини тузиш орқали ташкил этиш жараёнларига жалб қилади;
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлайди;
ишбилармонлик муҳитининг ҳолати, қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалга оширилиши натижалари таҳлилини ўтказади, уларни яхшилашга доир таклифларни белгиланган тартибда киритади.
Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин. 

9-модда. Тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида Палатанинг функциялари

Тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади:
фаолиятини бошлаётган тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар барпо этади ҳамда ушбу бизнес-инкубаторларнинг фаолиятини ташкил этади, уларга бизнес-режаларни тайёрлашда, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотни олиш ва масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатади;
инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлаштирилишида кўмаклашишни таъминлайди;
тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганда, уларнинг фаолияти текширувлардан ўтказилаётганда уларни ҳуқуқий, шу жумладан юридик жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
молиявий, товар-хомашё ва табиий ресурслардан, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан, технологик машиналар ва ускуналардан, ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишда, шунингдек ер участкаларини олишда ёрдам кўрсатади;
Палата аъзолари ва шериклари иштирокида жамоатчилик асосида қўмиталар, ишбилармонлик ва мувофиқлаштирувчи кенгашларни ташкил этади;
инновация тадбиркорлиги жорий этилишини, «startup» лойиҳалар амалга оширилишини, ёшларнинг, аввало, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бизнесни ташкил қилиш ҳамда юритишга доир тадбиркорлик ташаббусларини, шунингдек аҳоли бандлигининг ва даромадларининг ўсишини таъминлашга кўмаклашувчи кичик, хусусий ҳамда оилавий тадбиркорлик, касаначиликнинг ва ҳунармандчиликнинг турли шакллари ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди.
Тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида Палатанинг функциялари

Давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади:
тадбиркорлик субъектларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилишини «тўғридан-тўғри ва қайта алоқа» принципи бўйича ташкил этишга кўмаклашади;
жисмоний шахсларни ва тадбиркорлик субъектларининг вакилларини қабул қилади ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек уларнинг ҳал этилиши мониторингини ва таҳлилини ўтказади;
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида, туманлар ва шаҳарларда тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини ташкил этади, уларнинг давлат органлари, давлат хизматларини кўрсатувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишини таъминлайди.
Давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш соҳасида Палатанинг функциялари

Тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари фаолияти доирасида ҳамкорлик қилинишини ташкил этади;
Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро молия институтлари, чет эллик донорлар ва хорижий мамлакатлардаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўқитиладиган шундай марказлари билан ҳамкорликни амалга оширади;
тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ишлаб чиқади ҳамда ўтказади, бунда ушбу субъектларнинг бизнес юритиш, бизнес-режалар тузиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, менежмент, молиявий бошқарув асослари ва бошқа зарур фанлар бўйича ўқитишни ташкил этади;
тадбиркорлик тузилмалари учун кадрларни танлаш ва ўқитишда, уларнинг касбий малакасини доимий равишда оширишда тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатади, аниқ ҳудудларда ва тадбиркорлик соҳаларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш учун давлат буюртмасини шакллантиришда иштирок этади;
ўқитишни ташкил этиш учун олий таълим муассасаларининг, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчиларини, амалиётчи-мутахассисларни, муваффақиятга эришган тадбиркорларни ва чет эллик мутахассисларни жалб этишни амалга оширади.
Тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш соҳасида Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши  мумкин. 

12-модда. Ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳасида Палатанинг функциялари

Ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳасида Палата қуйидаги функцияларни амалга оширади:
бизнес-анжуманлар, кўргазмалар ва ярмаркалар ташкил этади ҳамда ўтказади, уларда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишини таъминлайди;
тадбиркорлик субъектларига шерикларни, янги бозорларни излашда ва ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни ташқи бозорларга олиб чиқишда, экспорт турларини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишда, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашади;
ташкил этилган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарда замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, ички ҳамда ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан чет эллик инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди;
мазкур соҳадаги вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек Палатанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари билан ҳамкорликни таъминлайди.
Ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳасида Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Палатанинг давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги. Тадбиркорлик субъектлари     фаолиятини текширишларда Палатанинг иштирок этиши

13-модда. Палатанинг давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Палатага ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишида ҳар томонлама кўмаклашади.
Палата ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи органлар, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда тадбиркорларнинг ҳуқуқбузарликлари профилактикасида иштирок этади, уларнинг олдини олиш чораларини кўради. 
Палата ўз функцияларини амалга ошириш мақсадида давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузишга ҳақли. 
Палата вакиллари давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ҳузурида тузиладиган жамоатчилик маслаҳат кенгашлари таркибига киритилади.

14-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни келишиб олиш ва ўтказишда Палатанинг иштирок этиши

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун Палата:
уларнинг фаолиятини текширишларни келишиб олишда иштирок этади;
уларнинг фаолиятини текширишларда бевосита иштирок этади;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг текширишлар якунлари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан шикоят қилади.

4-боб. Палатанинг фаолиятини ташкил этиш 

15-модда. Палатани ташкил этиш

Палата ўз муассисларининг ташаббусига кўра ташкил этилади.
Палата муассислари Палатанинг қурултойини чақиради, унда Палатанинг устави қабул қилинади, бошқарув ва назорат органлари тузилади.
Палатанинг қурултойини чақириш ва ўтказиш, унинг бошқарув ва назорат органлари фаолиятини ташкил этиш тартиби Палата устави билан тартибга солинади. 

16-модда. Палатанинг тизими

Палатанинг тизимига қуйидагилар киради: 
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси;
Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари (бундан буён матнда Палатанинг ҳудудий бошқармалари деб юритилади);
тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари;
ҳакамлик судлари;
халқаро тижорат арбитраж суди;
Палатанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ Палата унитар корхоналар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар ташкил этишга ҳақли. 
Палата, унинг ҳудудий бошқармалари, тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, унитар корхоналари, хориждаги ваколатхоналари, шунингдек бошқа муассасалари ва ташкилотлари Палатанинг ягона тизимини ташкил этади. 

17-модда. Палатага аъзолик

Палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир.
Палатага аъзолик тадбиркорлик фаолияти субъекти ёки тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бирлашмаси ёхуд тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган бошқа ташкилот, чет эл компанияларининг ваколатхоналари ва Палата ўртасида шартнома тузиш йўли билан расмийлаштирилади.
Палата аъзолари Палата уставида ҳамда аъзолик тўғрисидаги шартномада белгиланган тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. 

18-модда. Палатанинг устави

Палатанинг уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
Палатанинг номи ва жойлашган ери (почта ва электрон манзили);
Палатанинг мақсад ва вазифалари;
Палатанинг ҳудудий бошқармаларини ва тадбиркорликка кўмаклашиш марказларини ташкил этиш тартиби;
Палатанинг бошқарув ва назорат органларини шакллантириш тартиби ҳамда уларнинг ваколатлари, бу ваколатларнинг муддатлари ва мазкур органларнинг қарорлар қабул қилиш тартиби;
Палата аъзолигига қабул қилиш ҳамда аъзоликдан чиқиш шартлари ва тартиби;
Палата аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
Палатанинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкини шакллантириш манбалари;
Палатанинг уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби;
Палатани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
Палата тугатилган тақдирда унинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби.
Палата уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.
Палатанинг уставига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар Палата қандай тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлса, шундай тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

19-модда. Палатанинг бошқарув органлари

Палатанинг бошқарув органлари қуйидагилардан иборат:
Палата қурултойи;
Палата Раёсати;
Палата ижроия қўмитаси.
Палатанинг тўрт йилда камида бир марта чақириладиган қурултойи Палата бошқарувининг юқори органидир.
Қурултой делегатлари томонидан йигирма беш нафар кишидан иборат таркибда сайланадиган Палата Раёсати Палата бошқарувининг қурултойлар оралиғидаги раҳбар органидир.
Палата бошқарувининг ижро этувчи органи унинг ўз фаолиятида Палата Раёсатига бевосита ҳисобдор бўлган Палата ижроия қўмитасидир.
Палата раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига кўра Палата қурултойи делегатлари томонидан лавозимга сайланади.
Палата раиси лавозимига кўра Палата Раёсатининг раиси бўлиб, у Палата ижроия қўмитасининг ишига раҳбарлик қилади.
Палата раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Палата раисининг тақдимномасига кўра Палата Раёсати томонидан лавозимга тайинланади.

20-модда. Палатани давлат рўйхатидан ўтказиш

Палатани давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Палатанинг ҳудудий бошқармаларини давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

21-модда. Палатанинг ҳуқуқлари

Палата қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, вазирликларга, давлат қўмиталарига ва идораларга ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари юзасидан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки унинг ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида таклифлар киритиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ва тадбиркорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида эксперт кенгашларини тузиш;
тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги низонинг ҳал этилишини таъминлаш, шунингдек бозорларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ва уларнинг мансабдор шахсларидан зарур маълумотлар, ҳужжатлар, материалларни ҳамда статистика маълумотларини сўраб олиш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишни амалга ошириш;
Палата аъзоларининг, шунингдек ўз манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш;
жиноят ишлари бўйича иш юритишда тадбиркорлик субъектларининг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида иштирок этиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинганда тадбиркорлик субъекти номидан суд муҳокамасининг исталган босқичида иштирок этиш (иккала тараф Палата аъзолари бўлган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек даъво аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, шу жумладан назорат тартибида протест келтириш ҳақида илтимосномалар бериш;
давлат активларини хусусийлаштириш, шу жумладан давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш, шунингдек давлат органлари функцияларининг ва давлат хизматларининг айрим турларини хусусий секторга ўтказиш, давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш;
ўз тузилмасида таълим муассасаларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасида ва чет давлатларда ташкилотлар ташкил этиш, ўз ваколатхоналарини очиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларига ихтироларни, фойдали моделларни, саноат намуналарини патентлашда, товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товарлар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикасида ва унинг ҳудудидан ташқарида кўргазмалар ҳамда ярмаркалар ташкил этиш ва ўтказиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларига ҳуқуқий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;
газеталар, журналлар ва бошқа босма материаллар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш учун ноширлик ҳамда реклама хизматлари кўрсатиш;
халқаро ва чет эл ташкилотларида Палата аъзоларининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ манфаатларини ифода этиш;
тадбиркорлик субъектларининг фаолияти масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва муҳокама қилишда иштирок этиш;
иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик судларини, шунингдек халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш;  
чет эллик шериклар мурожаат этган ҳолларда, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тасдиқлаш;
Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш;
чет эл ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ҳамда техник ёрдамини жалб этишда тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўмаклашиш. 
Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

22-модда. Қонун ижодкорлиги фаолияти соҳасида Палатанинг ваколатлари

Палата норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун улар юзасидан хулосалар берувчи ваколатли органдир.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий тартибда Палата билан келишилиши лозим.
Палата норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг мазмунига умуман ёки унинг бирор қисмига рози бўлмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қиладиган органга тегишли хулоса киритишга ҳақли.
Тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки унинг ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш зарурлиги тўғрисидаги Палата тавсиялари ва ёзма сўровлари қонунда белгиланган муддатларда мажбурий равишда кўриб чиқилиб, кейинчалик Палатага уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида асосланган хулосалар юборилиши лозим.

23-модда. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати

Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини қуйидаги йўллар билан амалга оширади:
давлат органларининг, биринчи навбатда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бажарилиши, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича фаолиятига доир зарур маълумотларни сўраб олиш ҳамда таҳлил қилиш;
давлат органларининг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларнинг жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари фаолиятида мажбурий равишда иштирок этиш; 
давлат органларининг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида сўров ўтказиш ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиш; 
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш юзасидан жамоатчилик экспертизасини тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда ўтказиш; 
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантиришга доир давлат дастурларини, шунингдек ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш; 
Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар мониторингини амалга ошириш ва ушбу текширишларда иштирок этиш.
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

24-модда. Палатанинг ҳудудий бошқармалари

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Палатанинг тегишинча битта ҳудудий бошқармаси ташкил этилиши мумкин.
Палатанинг ҳудудий бошқармаси юридик шахс бўлиб, у Палата томонидан тасдиқланадиган низом асосида фаолият кўрсатади.

25-модда. Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари

Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида ташкил этилади, туманлар ва шаҳарларда эса уларнинг бўлинмалари ташкил этилади ҳамда улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.  
Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат органларининг ва бозор инфратузилмаси субъектларининг барча турдаги хизматларидан ҳамда бизнес-хизматлардан бир жойнинг ўзида фойдаланиш имкониятини бериш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда, ахборот билан таъминланишда, давлат хизматларидан фойдаланишда (рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш, лицензиялаш ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни олишда) кўмаклашиш;
бизнес-режалар ишлаб чиқиш, шунингдек лизинг, суғурта ва баҳолаш хизматларидан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш;
молиявий, товар-хом ашё ва табиий ресурслардан, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан, технологик машиналар ва ускуналардан, ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишда, шунингдек ер участкалари олишда кўмаклашиш;
солиқ солиш, ходимларни ёллаш, статистика, молия, солиқ ҳисоботларини ҳамда бошқа ҳисоботларни топшириш, банк хизматлари, бинолар ва хоналарнинг ижараси ва (ёки) уларни олиш, шу жумладан давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича олиш соҳасида маслаҳатлар бериш;
халқаро стандартларни ва сертификатлаштириш тизимини жорий этишда, кооперация алоқаларини йўлга қўйишда, шу жумладан ташқи савдодаги шериклар билан йўлга қўйишда, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда кўмаклашиш;
тадбиркорлик субъектлари учун тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бозор инфратузилмаси субъектлари билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни ташкил этиш.
Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширади. 

26-модда. Ҳакамлик судлари

Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ҳакамлик судлари фаолият кўрсатади.
Ҳакамлик судлари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

27-модда. Халқаро тижорат арбитраж суди

Палата ҳузурида чет эллик инвесторларнинг, шунингдек хорижий шериклар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича Халқаро тижорат арбитраж суди ташкил этилади.
Халқаро тижорат арбитраж суди ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

28-модда. Палатанинг хориждаги ваколатхоналари

Палата хорижий мамлакатларда ваколатхоналар ташкил этишга, шу жумладан савдо-инвестиция уйлари тарзида ваколатхоналар ташкил этишга ҳақли.
Хорижий мамлакатлардаги савдо-инвестиция уйлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва ушбу савдо-инвестиция уйлари қайси давлатлар ҳудудида ташкил этилган бўлса, ўша давлатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, ўз харажатларининг ўрнини ўзи қоплаш ҳамда ўзини ўзи молиявий жиҳатдан таъминлаш принциплари асосида фаолият кўрсатади.
Палата хорижий мамлакатлардаги савдо-инвестиция уйлари орқали қуйидаги функцияларни амалга оширади:
мамлакатимизда тайёрланган, экспортга йўналтирилган маҳсулотни хорижий бозорларда илгари суриш;
Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий имкониятларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда чет эллик инвесторлар ва уларнинг шериклари учун ахборот-маслаҳат бериб борилишини ташкил этиш;
илғор технологияларни, шу жумладан мини-технологияларни уларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси тадбиркорларига етказиб бериш учун танлашда кўмаклашиш;
Палата ва унинг аъзолари манфаатларини хорижий мамлакатларда ифода этиш.

29-модда. Палатанинг эксперт кенгашлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шунингдек улар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш мақсадида Палата ҳузурида эксперт кенгашлари ташкил этилади.
Эксперт кенгашлари ҳуқуқий масалалар бўйича, шунингдек саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда фаолиятнинг бошқа соҳалари бўйича ташкил этилиши мумкин.
Эксперт кенгашлари таркибига Палатанинг, тадбиркорлик субъектларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органларнинг, шунингдек таълим, илмий-тадқиқот, эксперт муассасаларининг ва бошқа муассасаларнинг вакиллари киради.
Зарур ҳолларда, эксперт кенгашлари мажлисларининг натижалари бўйича Палата ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан таклифлар киритади. 
Эксперт кенгашлари муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади, қарорлар мажбурий тартибда кўриб чиқиш ва натижалари ҳақида маълум қилиш учун тегишли давлат органларига юборилади.   
Эксперт кенгашларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Палата ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади. 
30-модда. Палатанинг мулки

Бинолар, иншоотлар, ускуналар, инвентарь, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар ҳамда уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа мол-мулк Палатанинг мулки бўлиши мумкин.
Палатанинг мулки қонун билан муҳофаза қилинади.

31-модда. Палатанинг мол-мулкини шакллантириш манбалари

Палатанинг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:
Палата аъзоларининг кириш ва аъзолик бадаллари;
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасидан келиб тушадиган, фақат бозор инфратузилмасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда ўқитиш учун мақсадли йўналтириладиган маблағлар;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан олинган даромадлар;
пуллик хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар; 
Палата томонидан таъсис этиладиган корхоналарнинг фойдасидан ажратмалар;
халқаро донорларнинг грантлари ва ҳомийларнинг маблағлари;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маблағлар ва тушумлар.

32-модда. Палата аъзоларининг кириш ва аъзолик бадаллари

Палата аъзолари Палата уставида белгиланадиган тартибда ҳамда миқдорларда кириш ва аъзолик бадаллари тўлайди.

5-боб. Якунловчи қоидалар

33-модда. Палатанинг халқаро ҳамкорлиги

Палата қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзо бўлиши, тўғридан-тўғри халқаро мулоқотлар ва алоқаларни йўлга қўйиши, ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимлар тузиши мумкин.

34-модда. Низоларни ҳал этиш

Палатанинг фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

35-модда. Палата ва унинг аъзолари мажбуриятлари бўйича жавобгарлик

Палата ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавоб беради. Палата ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Палата аъзолари Палатанинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

36-модда. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар