Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида

10:15 16 Март 2018 Ҳужжатлар
738 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 

Мамлакатимизда қоракўл маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва уларнинг турларини кўпайтиришга қаратилган кенг кўламли таркибий ўзгартиришлар амалга оширилди.
Ўтган давр мобайнида қоракўл зотли қўйларнинг бош сони қарийб 2 баравар кўпайиб, соҳада олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида қоракўл қўйларининг янги турлари ва чўл озуқабоп экинларининг янги навлари яратилди.

Шу билан бирга, қуйидагилар қоракўлчилик соҳасининг жадал ривожланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда:

биринчидан, қоракўл зотли қўйларнинг ирсий хусусиятлари бузилиши, қўйлар тана ҳажмининг кичиклашиши;

иккинчидан, чўлда озуқа ишлаб чиқаришни интенсивлаштиришнинг илмий ва -амалий асослари яратилмаганлиги, чўл озуқабоп ўсимликлари истиқболли навларининг -бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ишлари йўлга қўйилмаганлиги;

учинчидан, яйловларни ривожлантириш ва уларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган илмий ва инновацион ишланмаларнинг жорий этилмаганлиги, яйловлардаги мавжуд сув иншоотларининг эскирганлиги;

тўртинчидан, қоракўлчилик билан шуғулланаётган хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, уларга озуқа маҳсулотлари етказиб беришнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги;

бешинчидан, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналарнинг модернизация қилинмаганлиги, ушбу соҳада янги замонавий технологиялар асосида фаолият юритувчи корхоналарнинг барпо этилмаганлиги;

олтинчидан, қоракўлчилик соҳасида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш механизмининг мавжуд эмаслиги ҳамда уларнинг қўнимсизлиги.

Қоракўлчилик соҳасини янада ислоҳ қилишни таъминлаш, соҳада наслчилик ишларини илмий асосда йўлга қўйиш ва жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган сифатли қоракўл териларини етиштириш, Бухоро қоракўли нуфузини қайта тиклаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва яйловлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг:

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг Бухоро филиалини (кейинги ўринларда — Филиал);

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказига қарашли Бухорочўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Филиалнинг тузилмаси 1-иловага мувофиқ ва Марказнинг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директорига, зарур ҳолларда, Филиалнинг ва Марказнинг тузилмаларига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини илмий асосда тизимли ташкил этиш, бунда қимматли, экспортбоп яримдоира қаламгул, қовурғасимон, яссигул типларидаги сур ва қора рангли қоракўл қўйлари селекциясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш;

Бухоро вилоятининг қоракўлчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида илмий ишланмаларни амалиётда синаш ва унинг ижобий натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

наслли қўчқорларнинг ранги ва типи бўйича ҳудудлар ҳамда хўжаликлар кесимида алмашинувини ташкил этиш;

қоракўлчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаси ва қоракўлчиликда олиб борилаётган наслчилик ва селекция ишларини ўрганиш ва бу борада эришилган илғор ютуқларни жорий этиш.
4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

чўл ҳудудларида озуқа ишлаб чиқаришни интенсивлаштиришнинг илмий ва амалий асосларини яратиш, чўл озуқабоп ўсимликлар истиқболли навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш;
чўл озуқабоп экинлари уруғликлари етиштириладиган майдонларда илғор агротехник тадбирларни жорий қилиш, ушбу майдонларни сифатли уруғликлар билан таъминлаш ва уруғлик етиштириш ҳажмини ошириш;
яйловлар тупроқ иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, мос навларни танлаш ва уларнинг уруғларини жадал кўпайтириш;

инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш учун чўл озуқабоп экинларни экиш ишларини ташкил этиш;

қоракўлчиликка ихтисослаштирилган хўжаликларнинг талабига асосан, озуқабоп экинлар уруғларини етказиб бериш.

5. Бухоро вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда Марказ томонидан чўл озуқабоп ўсимликлар уруғларини етиштириш мақсадида Бухоро вилоятининг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб 4 та участка ташкил этиб, уларга жами 1 000 гектар яйлов ер майдонлари ажратиб бериш;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Филиал ва Марказни бир бинода жойлаштириш чораларини кўрсин.

Марказ республиканинг бошқа вилоятларида ҳам ўз филиалларини ташкил этиши ва келгусида Марказ ҳамда унинг филиаллари фаолиятини давлат-хусусий шерикчилик асосида йўлга қўйиши мумкинлиги белгилансин.
6. Қуйидагилар Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт), Филиал ва Марказ фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Институт, Филиал ва Марказни сақлаш, шу жумладан, ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар;
халқаро молиявий ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грант маблағлари.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратиладиган грант маблағлари қоракўлчилик соҳаси бўйича амалга оширилаётган аниқ ишланма ва лойиҳа ташаббускорларини рағбатлантириш мақсадлари учун йўналтирилиши белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Институт, Филиал ва Марказни сақлаш, ходимлар учун бюджет ҳисобидан иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағларни 2018 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари параметрлари доирасида ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида назарда тутсин.

8. Белгилансинки, Марказнинг чўл яйлов ўсимликларнинг уруғликларини етиштириш ва уларни чўл ҳудудларда экиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, шу жумладан, 2018 йилда 2,5 миллиард сўм миқдорда ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инқирозга учраган яйлов майдонларининг тикланиш даврида яйлов сифатида фойдаланилмаслиги устидан доимий назорат ўрнатсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Филиал ва Марказда замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этиш ҳамда Марказни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш учун зарур маблағлар ажратилишини;

бир ой муддатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида 

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб қоракўлчи селекционер ва чўл ўсимликлари яйловшуноси йўналишида сиртқи бўлимни ташкил этиш юзасидан асослантирилган таклифлар, шунингдек, Институт тузилмасини мақбуллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

10. Белгилансинки:

а) 2023 йил 1 январга қадар қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар ва қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қоракўлчилик учун зарур бўлган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади;

б) қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкалари 2023 йил 1 январга қадар ўзгаришсиз қолдирилади;

в) республика ҳудудида қоракўл териси ва жунини тайёрлаш ҳамда харид қилиш “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан олдиндан 50 фоиз бўнак тўлаш орқали амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзпахтаёғ” АЖ, Республика товар-хом ашё биржаси, “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари билан биргаликда бир ой муддатда қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, шунингдек, уларга омихта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини етказиб бериш тизими жорий этилишини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қоракўлчилик соҳасида наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш, жаҳон бозори талабларига мос бўлган рақобатбардош қоракўл териси ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Қоракўл” уюшмаларининг Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки филиалларида очиладиган махсус ҳисоб рақамлар шаклида Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармалари (кейинги ўринларда — Жамғармалар) ташкил этилсин.

13. Жамғармаларнинг асосий вазифалари этиб:

жаҳон бозорида қоракўлчилик маҳсулотига бўлган талаб ва таклифларни, қоракўлчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, малака ошириш масалалари бўйича маҳаллий қоракўлчи мутахассисларнинг хизмат сафарларини ташкил этишни;

республика миқёсида наслли қоракўл қўчқорларини хўжаликлараро алмаштириш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этиш харажатларини;

қоракўлчилик соҳасида маҳаллий ва чет эл мутахассислари иштирокида кўргазмали ўқув семинарлари ўтказишни;

республикада қоракўлчилик маҳсулотларини экспорт қилишда қоракўлчилик корхоналарини қўллаб-қувватлашни;

қоракўлчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва наслчилик корхоналарининг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки филиаллари орқали 3 йил муддатга 3 фоизли имтиёзли йиллик ставка бўйича кредит линияларини очишни молиялаштириш ҳисоблансин.

14. Қуйидагилар Жамғармаларни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

жисмоний ва юридик шахсларнинг, хайрия жамғармаларининг грантлари, ихтиёрий бадаллари, хорижий донорларнинг маблағлари;

Жамғармаларнинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳамда Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳокимликларининг маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан мазкур қарорнинг 3-иловасига мувофиқ Жамғармаларнинг дастлабки маблағларини шакллантириш тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.

Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари 2019-2020 йиллар давомида Жамғармалар маблағларининг ўзлаштирилишидан келиб чиқиб, заруратга кўра, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишли маблағлар ажратиш чораларини кўрсин.

15. Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкига “Қоракўлчилик” уюшмаси таркибига кирувчи Бухоро вилояти ҳудудида қоракўлчилик билан шуғулланаётган корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларида мавжуд қоракўл қўйларининг зотини яхшилаш мақсадида четдан наслли қўйлар сотиб олиш ҳамда вилоятда қоракўл териси, жунини қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича 30 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларини ажратиш тавсия этилсин.

16. Қоракўлчилик билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида сунъий уруғлантириш пунктларини модернизация қилиш ва янгиларини ташкил этиш, четдан наслли қўйлар, қоракўлчиликка ихтисослаштирилган корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун зарур технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш, қоракўл териси ва жунини қайта ишлаш, чўл озуқабоп ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган яйловларни ривожлантириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш билан боғлиқ лойиҳаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан ресурс маблағлари ажратилишига, кафилликлар берилишига ҳамда кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тўланишига рухсат берилсин.

17. “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки 2018 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги 
ПҚ-2718-сон “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган кредит линиялари ҳисобидан Бухоро шаҳрида қоракўл териси хом ашёсини чуқур қайта ишлаш корхонаси ташкил этилишини таъминласин.

18. “Ўзагротехсаноатхолдинг” ва “Ўзагролизинг” акциядорлик жамиятлари қоракўлчилик фаолияти билан шуғулланувчи субъектларга чўл яйлов озуқабоп ўсимликларнинг уруғликларини етиштириш ва уларни чўл ҳудудларида экиш билан боғлиқ агротехник тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган техникаларни лизинг асосида етказиб бериш чораларини кўрсин.

19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари мазкур қарорнинг 4 ва 5-иловаларига асосан, 2018 — 2020 йилларда узоқ чўл ҳудудларида қоракўл қўйларини суғориш иншоотлари (тик ва шахтали қудуқлар)ни таъмирлаш ва янгиларини қуриш билан боғлиқ харажатлари учун маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 45 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, заруратга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг сўровига асосан, йил якунига қадар қайтариш шарти билан ушбу мақсадлар учун республика бюджетидан бюджет ссудалари ажратилишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг суғориш иншоотларини таъмирлаш ва қуриш ишларининг мақсадга мувофиқлиги бўйича ўрнатилган тартибда гидрогеологик хулосалари ҳамда қудуқларни энг мақбул жойларда қазиш бўйича таклифлари асосида суғориш иншоотларини таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишларини амалга ошириш ҳамда уларнинг сақланиши юзасидан назорат ўрнатиш бўйича масъул этиб белгилансин.

20. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Савдо-саноат палатаси, Республика “Қоракўлчилик” ва “Ўзбекчармпойабзали” уюшмалари билан биргаликда бир ой муддатда қоракўл терисини халқаро мўйна кимошди савдоларида реализация қилиш ва салоҳиятли чет эллик шерикларни топиш орқали ташқи бозорларга чиқиш, ўзбек қоракўл терисининг халқаро миқёсдаги брендини тиклаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимларига, қўшни давлатларга чегарадош туманлар ҳокимларига қоракўлчилик маҳсулотларининг республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳудудий тузилмаларининг бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари қоракўлчилик маҳсулотларининг республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетилиши ҳолларининг ўз вақтида олдини олиш бўйича ишларнинг аҳволи учун шахсий жавобгарлиги белгилансин.
22. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда қоракўлчилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади, моҳияти ва мазмуни аҳоли орасида мунтазам равишда кенг ёритилишини таъминласин.

23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З. Т. Мирзаев, “Қоракўлчилик” уюшмаси раиси Н. Э. Юлдашов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў. И. Барноев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти          Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 14 март
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар