Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқи

14:51 25 Август 2018 Сиёсат
319 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқи

Муҳтарам Гурбангули Маликгулиевич!

Ҳурматли давлат раҳбарлари!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Авваламбор, ҳурматли Гурбангули Маликгулиевичга меҳмондўстлик ва бугунги саммит Туркманистон гавҳари бўлган гўзал “Аваза” сайёҳлик зонасида юксак даражада ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Ўзбекистон Туркманистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик фаолиятини юксак баҳолайди.

Туркманистонлик дўстларимиз томонидан ушбу серқирра тузилма фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг халқаро нуфузини ошириш бўйича катта амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ишончим комилки, Жамғарма асосчилари бўлган давлатлар раҳбарларининг қарийб ўн йиллик танаффусдан кейин ўтаётган бугунги тарихий мажлиси мазкур ташкилот фаолиятида янги саҳифа очади, Марказий Осиё минтақасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.

Бугун барчамиз туркман заминида ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканимизни яна бир бор қатъият билан тасдиқлаймиз.

Ҳеч шубҳасиз, Орол денгизининг қуриши муаммоси бизнинг минтақавий фаолиятимиз кун тартибида алоҳида ўрин тутади — бу бизнинг умумий фожиамиздир. Унинг салбий оқибатлари, афсуски, тобора чуқурлашмоқда.

Оролбўйи ҳудудини у ерда пайдо бўлган саҳро эгаллаб олмоқда.

Оқибатда биз сув ресурслари тақчиллиги, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви, тупроқнинг деградацияга учраши, биохилмахилликнинг кескин камайиши, жиддий иқлим ўзгаришларини яққол сезиб турибмиз.

Шу муносабат билан бугунги учрашувимиз ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Биз умумий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз лозим.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Ҳозирги пайтда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Марказий Осиёда вақт синовидан ўтган ягона минтақавий ташкилот бўлиб, мамлакатларимиз ўртасида бу борадаги ҳамкорликнинг амалий механизми бўла олади.

Биз Жамғарма фаолиятида Қирғизистон Республикаси иштироки тикланганини қўллаб-қувватлаймиз.

Аминманки, биз мазкур ташкилот доирасида минтақадаги барча мамлакатлар манфаатлари мутаносиблигини таъминлашга эришамиз, бизнинг умумий келажагимиз — ўз қўлимизда. Фақат барча минтақа давлатларининг Жамғарма фаолиятида, жумладан, Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи Дастурни ишлаб чиқиш ва ўзаро келишиш жараёнида тўлақонли иштирок этиши орқали биз бу борадаги умумий муаммоларни ҳал этишимиз ва таҳдидларни бартараф этишимиз мумкин.

Шу муносабат билан биз Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг меъёрий-ҳуқуқий асослари ва ташкилий тузилмасини такомиллаштириш юзасидан ҳамкорларимиз билдирган таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз.

Ҳурматли дўстлар!

Шу ўринда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Глобал экологик фонд ва бошқа ҳамкор ташкилотлар, донор давлатлар кўмагида Ўзбекистонда Оролбўйидаги экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлайман.

Сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистон Оролбўйи ҳудудида бир қатор кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширди. Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрхокликка чидамли ўсимликлардан иборат 350 минг гектарлик бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони ҳозирги кунда 700 минг гектарни ташкил этмоқда.

Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 тадан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.

2018 — 2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил этиш борасидаги ташаббусни илгари сурди ва бу БМТ томонидан қўллаб-қувватланди.

Бизнинг фикримизча, БМТ шафелигида иш олиб борадиган Траст фонд фаолияти ва туркман дўстларимиз таклифи асосида бугун тасдиқланадиган Орол денгизи ҳавзаси учун БМТ махсус Дастурининг амалга оширилиши бир-бирини тўлдиради.

Ҳурматли дўстлар!

Шу йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг асосий хулоса ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, бизнинг назаримизда, ўзаро ҳамкорлик борасида устувор аҳамиятга эга бўлган қуйидаги йўналишларни алоҳида таъкидламоқчиман.

Биринчи. Ишончим комилки, минтақамизда ноқулай экологик вазиятни тубдан яхшилаш учун қатъий ва ностандарт чора-тадбирлар зарур.

Шу муносабат билан Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этаман.

Бу ташаббус бизнинг умумий кучимизни қуйидаги мақсадлар бўйича бирлаштиришга йўналтирилган:

экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш;

“яшил иқтисодиёт”, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш;

чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш;

экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.

Бизнинг ташаббусларимизни ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Глобал экологик фонд кўмагида махсус конференция ташкил этилишини таклиф қиламиз.

Мазкур халқаро ташкилотлар билан Экологик инновациялар ва технологиялар зонасини ташкил этишнинг амалий масалалари бўйича музокаралар олиб бориш масаласини Жамғарма бошқарувига топшириш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Бу жараёнда қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:

дунёдаги экологик ноқулай минтақаларда бундай лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги тажрибаларни инобатга олган ҳолда, инновацион лойиҳаларнинг ягона рўйхатини шакллантириш ва уларни биргаликда тайёрлаш;

бундай мақсадлар учун узоқ муддатли имтиёзли кредит ва грантлар ажратиш.

Бундан ташқари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ҳузурида юқорида қайд этилган халқаро институтларнинг ваколатхоналарини очишни таклиф этамиз.

Иккинчи. Қум кўчкиларини мустаҳкамлаш, Оролнинг қуриган қисмидан ҳавога заҳарли аэрозол чанглари кўтарилишини камайтириш масалалари бизнинг эътиборимиз марказида бўлиши зарур.

Шу мақсадда чўл шароитига чидамли ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича Минтақавий марказ ташкил қилишни таклиф этамиз.

Бизнинг олимларимиз берган маълумотларга кўра, 10 — 12 йил давомида денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантиришимиз мумкин.

Бундан ташқари, янги унумдор яйловлар яратишга қурбимиз етади, бу чорвачиликни изчил ривожлантириш ва ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаш имконини беради.

Минтақавий марказ эса эҳтиёж катта бўлган мутахассислар тайёрлаш бўйича ўзига хос ноёб илмий-таълим базасига айланади.

Учинчи. Минтақамизнинг ноёб ҳайвонот дунёсини сақлаш масаласи. Бу масалада ҳам умумминтақавий ёндашув зарур.

Оролбўйи зонасида муҳофаза қилинадиган трансчегаравий табиий ҳудудлар ташкил этишни таклиф қиламиз.

Йўқолиб бораётган ҳайвонлар, жумладан, қоплон, қулон, сайғоқ ва бошқа ноёб жониворларни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келадиган барча ишларни ўзаро келишиб амалга оширишимиз ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчи. Сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини кескин ошириш лозим.

Биз Орол денгизи ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ўзаро мақбул ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш учун барча зарур шароитларни яратишга ва Ўзбекистонда ушбу масалага бағишланган минтақавий конференция ўтказишга тайёрмиз.

Ўйлаймизки, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур қабул қилиниши мазкур конференциянинг энг муҳим натижаси бўлади.

Бешинчи. Бугунги кунда илмий кооперацияни самарали ривожлантирмасдан олдимизда турган муаммолар ечимини таъминлашнинг иложи йўқ.

Шу муносабат билан биргаликдаги фанлараро тадқиқотларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз. Жумладан, Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси ва Давлатлараро барқарор ривожланиш комиссиясининг илмий-ахборот марказлари негизида бундай тадқиқотлар олиб бориш мумкин.

Ҳурматли давлат раҳбарлари!

Аминманки, бугун илгари сурилган ташаббуслар асосида “йўл харитаси” ишлаб чиқишимиз ва унинг ижросини амалий жиҳатдан назоратга олишни Жамғарма бошқарувига топширишимиз мумкин.

Халқларимизнинг табиатга унинг бойликларини асраб-авайлаган ҳолда муносабатда бўлиш ва умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш борасидаги кўп асрлик анъаналарига суянган ҳолда биз ҳақиқатан ҳам улкан натижаларга эришамиз, деб ишонаман.

Сўзимнинг якунида ҳурматли Гурбангули Маликгулиевичга Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитини муваффақиятли ўтказишга қўшган катта ҳиссаси учун яна бир бор миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар