Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимидаги нутқи

14:24 21 Февраль 2020 Сиёсат
775 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимидаги нутқи

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари, азиз қардошим!

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, мана шундай ғоят муҳим ва шукуҳли маросимга таклиф қилганлари учун Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларига, муҳтарама Эмине Хоним Олияларига, қардош турк халқига чин қалбимдан миннатдорчилик изҳор этаман.

Муҳтарам дўстлар!

Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда, десак, адашмаган бўламиз.

Барчангизни қадрли биродарим Эрдоған Жаноби Олийларининг ташаббуси ва раҳнамолигида барпо этилган Туркия Президенти девонининг Халқ кутубхонаси билан самимий муборакбод этаман.

Қадимий ва замонавий меъморчилик анъаналари, муҳандислик санъатининг энг сўнгги ютуқларини, турк халқининг буюк ўтмиши, бунёдкорлик салоҳияти, бой маънавий оламини ўзида ёрқин мужассам этган бу маҳобатли кошона ҳар қандай юксак таҳсинга муносибдир.

Агар азим Анқара Туркия мамлакатининг тожи бўлса, ушбу кутубхона ана шу тожга ўрнатилган энг ёрқин, энг гўзал гавҳарлардан бири бўлибди.

Бу тенги йўқ маърифат қасри барчангизга, бутун Туркия халқига муборак бўлсин.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Биз Туркия Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини ҳамиша миннатдорлик билан эслаймиз.

Бугунги кунда гўзал мамлакатингиз улкан сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий салоҳиятга эга бўлган давлат сифатида дунёда тобора равнақ ва шуҳрат топиб бормоқда.

Замонамизнинг йирик давлат ва сиёсат арбоби Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийлари раҳбарлигида Туркия халқи эришаётган барча ютуқлар замирида, авваламбор, инсон омилига, илм-маърифатга беқиёс эътибор мужассам эканини биз яхши биламиз. Сизларнинг бу борадаги ноёб тажрибангизни ўрганишга доимо интиламиз.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва халқларимизнинг қўллаб-қувватлаши билан дўстлик ва ҳамкорлигимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очилди. Кеча бўлиб ўтган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бу йўлдаги янги амалий қадамдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашига қўшилди. Биз барча аъзо мамлакатлар қатори Туркия билан муносабатларимизни янги босқичга кўтариш учун фаол ҳаракат қилмоқдамиз. Давлатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Илм-маърифат ва китобхонлик маданиятига бўлган катта қизиқиш ва эътибор халқларимизни ўзаро яқинлаштирадиган бебаҳо қадриятдир.

Мамлакатимизда 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилганимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган улуғвор ғоямизга тўла мос келади.

Азиз қардошлар!

Тарих саҳифаларига назар солсак, халқларимизнинг маданий ҳамкорлиги олис даврлардан бошланганига гувоҳ бўламиз. Рум элида туғилиб камолга етган Қозизода Румий буюк давлат арбоби ва аллома Мирзо Улуғбек расадхонасининг асосчиларидан бири бўлганини биз ифтихор билан эслаймиз.

Ўз навбатида, Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди, машҳур астроном ва математик Али Қушчи ҳаётининг сўнгги йилларини Туркияда ўтказгани ва бу юртда аниқ фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшганини ҳам барчамиз яхши биламиз. Али Қушчининг набираси Мирим Чалабий ҳам бобоси сингари атоқли аллома бўлиб танилган ва бунда турк илмий-маърифий муҳитининг улкан хизматлари борлиги шубҳасиз.

Ўзаро маданий ҳамкорлигимиз ҳақида сўз борганда, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бу жараёнда ғоят муҳим ўрин тутганини таъкидлаш лозим. Тарихий манбалар XV асрда турк ҳукмдори Боязид Иккинчининг Султон Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий билан мактублар ва элчилар орқали ўзаро мулоқотда бўлганидан гувоҳлик беради.

Туркиянинг машҳур олим ва адиблари Алишер Навоийни туркий дунёнинг энг буюк шоири, турк тилининг ҳимоячиси сифатида улуғлаб келадилар. Туркия китоб фондларида беназир шоиримиз асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланаётгани ҳам шундан далолат беради.

Алишер Навоий бебаҳо ижоди билан бугун ҳам туркий халқларни маънавий жиҳатдан бирлаштиришга хизмат қилиб келмоқда.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Халқимиз тарихининг оғир ва мураккаб даври, яъни XX аср бошида жадид боболаримиз Ватанимиз мустақиллиги йўлида фидойилик билан курашганлар. Бу борада улар туркиялик маърифатпарварлар билан фаол ҳамкорлик қилганлари, бу диёрда таълим олиб, янги ғоя ва қарашларга эга бўлганларини яхши биламиз.

Ўша йилларда Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий сингари атоқли адиб ва арбобларимиз Туркияда таҳсил олганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ибрат, Абдулла Авлоний, Чўлпон каби ўнлаб улуғ ватандошларимиз турк маданияти ва адабиёти руҳида тарбия топганлар. Минг афсуски, уларнинг аксарияти мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлганлар.

Бугунги кунда биз Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракатининг ноёб меросини чуқур ўрганиш бўйича катта ишларни бошладик. Ўтган йили мумтоз адибимиз Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини кенг миқёсда ўтказдик. Бу йил машҳур жамоат арбоби, аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасини нишонлаймиз. Биз бу аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини қанча кўп ўргансак, бизни ўйлантираётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз.

Айни пайтда ўзбек мумтоз адабиёти намояндалари билан бир қаторда замонавий шоир ва ёзувчиларимизнинг асарлари ҳам Туркияда мунтазам нашр этилаётганини биз юксак баҳолаймиз. Мамлакатингизнинг бир қатор олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитилаётгани, Истанбулда буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний номидаги университет фаолият олиб бораётгани бизни мамнун этади.

Гўзал ва бетакрор турк диёрида ўзбек халқи тарихи ва маданияти билан боғлиқ ўнлаб жой номлари – маҳалла ва марказлар, такялар юз йиллар давомида безавол сақланиб келмоқда. Бундай бағрикенглик ва дўстона муносабат учун Туркия раҳбарияти ва халқига яна бир бор ташаккур билдиришга ижозат бергайсиз.

Бизнинг юртимизда ҳам турк адабиёти ва санъатига қизиқиш тобора ортиб, улар илмий ва таълим масканларида кенг ўрганилмоқда. Мавлоно Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Аҳмад Пошо, Сайди Али Раис Котибий, Тошлижали Яҳё, Ҳамди Чалабий сингари буюк шоирлар ижодини халқимиз севиб ўқийди.

Шу билан бирга, замонавий турк адабиёти, халқ достонлари, антологиялар ўзбек тилида нашр этилиб, китобхонларимизнинг маънавий мулкига айланганини таъкидлаш лозим.

Азиз қардошлар!

Биз илм-маърифатни кенг маънода тушунамиз. Шу сабабли юртимизда дунёвий таълим даргоҳлари билан бирга диний мактаб ва мадрасалар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси марказини бунёд этмоқдамиз.

Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда бошқа фанлар қатори ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмлари чуқур ўрганилмоқда.

Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент Ислом маъҳади, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси сингари олий ўқув юртларида етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Бу йил ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, ақида илмида мактаб яратган алломалар – Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафийга бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказиш ниятидамиз. Шунингдек, улуғ аллома – насли-насаби туркиялик бўлган Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг, Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг таваллуд айёмларини, Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигини ҳам юқори савияда ўтказишни ният қилганмиз.

2020 йил Бухоро шаҳри – “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри – “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан жорий йил давомида мамлакатимизда бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилади. Туркиялик муҳтарам олиму уламоларимиз ушбу маданий-маърифий тадбирларнинг азиз меҳмонлари бўладилар, деб ишонаман.

Қадрли дўстлар!

Ҳозирги кунда Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд ноёб қўлёзма асарлар сақланмоқда. Бироқ, айтиш керакки, уларнинг аксарияти ҳамон ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди. Бу маънавий хазинани ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва оммалаштириш олдимизда турган муҳим ва шарафли вазифадир.

Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистон ва Туркия университетлари, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга даъват этаман. Бу жараёнларда Туркиянинг бугун очилаётган ушбу энг улкан кутубхонаси ва 150 йиллик тарихга эга бўлган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташаббускор бўладилар, деб умид қиламан.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Бугун Туркияда катта шодиёна, таъбир жоиз бўлса, маънавият ва маърифат тўйи бўлиб ўтмоқда. Бизнинг халқимизда “Тўйга тўёна билан бормоқ лозим”, деган ҳикматли сўз бор.

Шунга кўра, биз Туркия Президенти девонининг Халқ кутубхонасига 350 дан зиёд турли мавзудаги китобларни келтирдик. Уларнинг орасида дунёда ўта ноёб бўлган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган “Усмон Мусҳафи”нинг моҳир хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси ҳам бор.

Бутун ислом оламининг фахри бўлмиш мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг машҳур “Маснавий” асари қўлёзмасининг факсимиле нашрини сиз, азизларга тақдим этамиз.

Маълумки, буюк аллома Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” номли асари бутун дунёда шуҳрат қозонган. Бу китобни ХVIII асрда истанбуллик табиб, шоир ва хаттот Муҳаммад Рафиъ арабчадан турк тилига таржима қилиб, ўз қўли билан кўчирган. Биз келтирган китоблар ичида ушбу қўлёзманинг факсимиле нусхаси ҳам бор.

Айни вақтда “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом адабий ҳамкорлигимизнинг чуқур тарихий илдизларидан далолат беради.

Нафақат Туркия, балки бутун мусулмон оламининг оташнафас шоири бўлган Юнус Эмронинг “Ўлмас кўнгул” номли янги китоби яқинда мамлакатимизда ўзбек тилида нашр этилди. Мен ушбу китобга “Сўзбоши” ёзиш шарафига муяссар бўлганимдан бахтиёрман.

Ижозатингиз билан Юнус Эмронинг дўстлик ҳақидаги шеърий сатрларини келтирмоқчиман:

Менинг тилим – қуш тилидур,

Менинг қўлим – дўст қўлидур.

Мен булбулман, дўст гулимдур,

Билинг, гулим сўлмас менинг.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгаши доирасида “Туркий адабиёт хазинаси” рукнида 100 жилдлик китоблар туркумини нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Ана шу эзгу ташаббуснинг илк самараси ўлароқ, Юнус Эмронинг ушбу асарини ҳам Президент девони Халқ кутубхонасига тақдим этиш менга катта мамнуният бағишлайди.

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

Азиз дўстлар!

Сизларни бугунги тантанали маросим билан яна бир бор чин юракдан қутлайман.

Бу муаззам кутубхона Туркия халқи, Туркия ёшлари учун, илм-маърифатни юксак қадрлайдиган барча инсонлар учун чинакам маънавият саройига айланишини қодир Аллоҳдан сўраб қоламан.

Эътиборингиз учун ташаккур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?