Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчисини қабул қилди

19:13 26 Февраль 2019 Сиёсат
375 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Ўзбекистон — АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллсни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлаб, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини юксак баҳолади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.

Турли даражаларда фаол мулоқот олиб борилмоқда, томонлар учун манфаатли йўналишлар бўйича кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Шу маънода, долзарб масалалар ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиш учун сиёсий маслаҳатлашувлар механизмидан янада самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

АҚШнинг етакчи компания ва банклари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йили октябрь ойида АҚШ савдо вазири У. Росснинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида илк бор ташкил этилган Америка бизнеси ҳафталигини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ва Давлат котиби Майкл Помпеонинг саломларини етказди.

Америкалик дипломат бугун Тошкентда бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи давраси натижаларидан мамнун эканини таъкидлади.

Меҳмон Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.

АҚШнинг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий экани таъкидланди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019