Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот​

20:45 14 Сентябр 2019 Сиёсат
303 0

2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда  Олий Мажлис палатлари Кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Кун тартиби тасдиқлангач, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй-ҳашамларда, оилавий тантаналарда, маърака ва маросимларда, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда. Уларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар томонидан бўладиган танқидлардан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда.

Мажлис иштирокчилари бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қатъий чоралар кўриш лозимлигини таъкидлаб ўтишди. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида оилавий тадбирларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш  тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, унинг талабларига риоя қилиш юзасидан назорат олиб бориш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари зиммасига юклатилди.   

Кун тартиби доирасида ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Сўзга чиққанлар таъкидланганидек, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини, давлат органлари фаолияти очиқ-ошкоралигини, фуқаролар манфаатларига оид энг муҳим қарорлар қабул қилишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни бошқариш тизими тубдан қайта шакллантирилди, мамлакатни модернизациялашда журналистлар ролини ошириш,   фуқароларнинг сўз эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек жамият ва давлатнинг барча соҳаларига ахборот-коммуникация ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича комплекс чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз медиа бозорини жадал ривожлантиришга, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг виртуал макондаги фаоллигини таъминлашга, миллий ахборот индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантиришга, шунингдек глобал ахборот муҳитига оид замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини либераллаштириш ҳамда демократлаштиришга етарлича эътибор берилмаяпти. Шу жиҳатдан республикамиз жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари даражасига эришиши зарурлиги мажлисда алоҳида қайд этилди.

Ахборот соҳасига оид долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантиришда жамоат ташкилотлари аҳамиятини ошириш, давлат органлари ва оммавий коммуникациялар субъектлари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек ахборот соҳасини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши тузиш муҳимлиги таъкидланди.

Ушбу янги тузилманинг асосий вазифаси очиқ ахборот маконини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштирадиган замонавий, демократик ва шаффоф майдон сифатида давлат ва оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг самарали мулоқотини таъминлашдан иборат бўлиши лозим. Қолаверса, аҳолининг ахборот маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш ҳам Жамоатчилик кенгаши фаолияти мақсадларидан бири бўлиши керак. Шунингдек, янги тузилма халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикаси эгаллаган ўрнини изчил яхшилаш ва мамлакатимизнинг оммавий ахборот воситалари эркинлиги индекслари юқори даражада бўлган илғор мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш дастурлари бўйича таклифлар ҳам тайёрлайди. 

 Жамоатчилик кенгашига юкланган вазифаларни бажариш, шунингдек унинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича марказ ташкил этилиши таклифи маъқулланди ҳамда у Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи сифатида белгиланди. 

Шунингдек, қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлисида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қўшма қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019