Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг мамлакатимиз ёшларига МУРОЖААТИ

20:22 29 Август 2020 Жамият
166 0

Қадрли ёшлар, азиз тенгдошлар!

Аввало, Сизларни ва яқинларингизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз –мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллик шодиёнаси билан самимий табриклаймиз.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг чинакам амалий устувор йўналишига айланди.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил қилинди. Бу эса биз ёшларнинг ҳаётимизда яна битта янги тарихий саҳифа очилди демакдир.

Бунинг негизида мамлакатимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тенгдошларимизни қийнаб келаётган муаммоларни парламент минбарига олиб чиқишнинг яна бир имкони яратилди.

Шу нуқтаи назардан Сенат ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари Сиз азиз ёшлар билан биргаликда амалга оширишимиз лозим бўлган бир қатор мақсад ва вазифаларни белгилаб олдик:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга рўёбга чиқаришда фаол иштирок этиш;

Иккинчидан, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини юксалтириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш;

Учинчидан, қонунчилик жараёнидан ёшларни хабардор қилиб бориш
ва бу жараёнларнинг уларнинг ҳаётига дахлдорлигини ошириш;

Тўртинчидан, ёшларнинг, шу жумладан, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ
ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Бешинчидан, ёшларнинг, айниқса, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг муаммо ва таклифларини аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишга кўмаклашиш;

Олтинчидан, ёшларнинг олий таълим олишга қизиқишларини янада ошириш, айниқса, иш билан банд бўлмаганларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, уларни бизнес фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш;

Еттинчидан, ёшларнинг тиббий ва экологик маданиятини юксалтиришга, улар ўртасида китобхонликни ривожлантиришга, уларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашиш;

Саккизинчидан, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг ижтимоий мослашуви ҳамда уларни уй-жой ва иш билан таъминлаш масалаларини ҳал қилишга кўмаклашиш;

Тўққизинчидан, ҳудудларда эрта турмуш ҳолатларини олдини олиш ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида ихчам тўйлар ўтказиш юзасидан тарғиботни кучайтириб, бундай тўйларни мазмунан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўнинчидан, пандемия даврида ёшларнинг шахсий масъулиятини ошириш, улар томонидан ёрдамга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган кўмак асосида волонтёрлик фаолиятини кенгайтириб бориш шулар жумласидандир.

Муҳтарам тенгдошлар!

Бизнинг бугунги ғояларимиз, саъй-ҳаракатларимиз шу азиз Ватанимизнинг – саодат масканимизнинг келгусидаги равнақига муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Шундай экан, буюк мақсадлар йўлида бирлашамиз!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?