Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати ахбороти

23:08 17 Март 2019 Жамият
3712 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, журналистик фаолият ва журналистларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш, оммавий ахборот воситалари орқали юртимизда ҳар бир жабҳада кечаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг омма эътиборига биринчи манбадан етказиш борасида катта ишлар қилинди. Айни йўналишда камчиликлардан кўз юммаслик, очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”лиги ғоясининг инсонпарвар ва демократик тамойилларини ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш борасида ҳам изчиллик кўзга ташланмоқдаки, буни ҳеч ким инкор этолмайди. 

Аммо охирги пайтларда ахборот маконида юз бераётган бошбошдоқликлар, мамлакатимиз халқаро имиджини жаҳон ҳамжамиятида тушириши муқаррар бўлган хатти-ҳаракатлар, оқибати ўйланмасдан ҳамда манбаси ва аниқлиги суриштириб кўрилмасдан ёзилаётган материаллару ҳамда тарқатилаётган хабарларнинг тобора кўпаяётгани айрим веб-сайтларда ишловчи баъзи бир журналистларнинг шов-шув ортидан қувиш ва маълумотни ким биринчи бўлиб тарқатишга интилишдек номақбул “пойга”га берилиб кетганини кўрсатмоқда.

Буни биз давлат мансабдорларининг лавозимдан олиниб, лавозимга қўйилиши ҳолатларида, қайсидир ҳудудда юз берган бирон воқеа юзасидан тарқатилган хабарларда ҳамда шу каби кўплаб вазиятларда бот-бот кузатдик. Энг ачинарлиси, айрим журналистларнинг бундай ҳолларда аниқ ҳамда ҳаққоний маълумотни тарқатишга ҳаракат қилмаслиги, воқеа юзасидан чуқур текширув ва суриштирув ишларини олиб бормаслиги, тўғридан-тўғри хабарни тарқатган биринчи манбага ҳавола қилган ҳолда, гарчи сенсацион бўлса-да, бироқ таги пуч, жорий ҳақиқатга мос келмайдиган ахборотни тарқатиб, ўз сайтининг ёки босма нашрининг ўқувчилари сонини оширишга уринишлари кишини ўйлантиради, ранжитади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларида эълон қилинаётган ҳар қандай ахборотнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун масъулият ҳамда қонун олдида жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, xabar.uz сайти ва “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги расмий каналида 13 март куни эълон қилинган “МИБ ўзининг “мажбурий” мақомидан айрилиши мумкин” мақоласи ана шундай миш-мишларга йўл очганини таъкидлаш лозим. “Прокуратурадаги ўз манбасига таяниб” маълумот тарқатаётган мазкур сайтнинг ахборотнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқлаштириш учун Бош прокуратуранинг Матбуот хизматига мурожаат қилмагани эса янада ажабланарлидир. Наҳотки ҳар бир ташкилотнинг ўзгаришлар, янгиланишлар, ютуқлар ва камчиликлар ҳақида биринчи манба сифатида расмий маълумот беришга ҳақли бўлган матбуот, ахборот хизматлари, жамоатчилик билан ишлаш бўлимлари борлигини сайт мутасаддилари билишмаса?! Ахир бу хабарни Бош прокуратуранинг матбуот хизмати чуқур ўрганиб, текшириб, асосли бўлса, албатта, тасдиқлаши, навбатдаги фейк-хабар бўлса, инкор этиши мумкин ва керак эмасмиди?! Ёки кимлиги номаълум “манба” Матбуот хизматидан кўра ишончлироқми?!

Биз фаолиятимиз мобайнида шу пайтга қадар халқимизга тарқатиш учун оммавий ахборот воситаларига ишончли, тўғри ва ҳаққоний хабарни етказишга ҳаракат қилиб келяпмиз. Бундан кейин ҳам барча ОАВ билан худди шундай ишлашда давом этамиз.

Юқорида номи тилга олинган сайтда чоп этилган мақолага келсак, унда баён қилинган маълумотлар ҳақиқатга мутлақо зиддир. Мажбурий ижро бюроси ўз ишини Президентимизнинг 2017 йил 29 майда имзоланган ПФ-5059-сонли Фармонида белгиланган тартибда бажармоқда ва келгусида Бюро фаолиятини, унинг номини ва бевосита бўйсунувчи юқори ташкилотини ўзгартириш ёки алмаштириш кўзда тутилмаяпти.

ОАВ вакилларидан илтимос қилиб қоламизки, ҳар қандай хабарни узатишдан аввал унинг нечоғли тўғри экани, ҳақиқатга мослиги, навбатдаги ахборот хуружи эмаслигига диққат қилинг. Зарур бўлса, қайта-қайта суриштиринг, аниқлаштиринг!

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Матбуот хизмати келгусида ҳам сизлар билан ҳамкорликда ишлаш, туғилган саволларга жавоб бериш, маълумотларни аниқлаштиришда яқиндан кўмаклашишга ҳамиша тайёр.

Сурайё Раҳмонова, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019