Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Россия делегациясини қабул қилди

21:41 01 Март 2019 Жамият
539 0

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

1 март куни Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Лапин бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда томонлар икки давлат мудофаа идораларининг ҳамкорлиги ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари, ҳарбий-таълим йўналишида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Павел Эргашев давлатларимиз раҳбарлари ҳамда мудофаа вазирларимиз даражасида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган учрашувлар стратегик ҳамкорлик ва мамлакатларимиз ўртасида иттифоқдош муносабатларни мустаҳкамлашга, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлашга қўшимча туртки бўлишини таъкидлади.

Генерал-майор П. Эргашев Россия Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини ошириш масалаларида кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

2017 йилнинг октябрида “Фориш” тоғ полигонида (Жиззах вилояти) икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик ҳамда Россия — Ўзбекистон қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилган, унга Россия Марказий ҳарбий округига қарашли тоғ-ўқчи бўлинмалари ҳам жалб этилганди.

Учрашувда 2016 йилдан қайта тикланган Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларини Россия муассасаларида ўқитиш амалиёти ҳам нақадар аҳамиятли эканлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Александр Лапин Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ҳамда Марказий Осиё минтақасида хавфсизликнинг кафолати эканлигини билдирди.

Учрашувдан сўнг Россия Қуролли Кучлари делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муассасаси тарихи ва фаолияти, шунингдек, қўмондонлик ва штаб бўғинида ҳарбий кадрларни тайёрлаш соҳасидаги янгича ёндашувлар билан танишди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Россия Федерациясининг ҳарбий делегацияси эртага Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, шаҳарнинг тарихий ва маданий обидалари билан яқиндан танишади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019