Ўзбекистон — Қозоғистон: Абадий дўст, стратегик ва ишончли ҳамкор

11:30 12 Ноябрь 2018 Иқтисодиёт
371 0

“Халқ сўзи” йўлланмаси билан

Тили, дини бир, тарихи туташ, маданияти муштарак бўлган ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлиги узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўзаро алоқалар, айниқса, кейинги йилларда янада мустаҳамланди. 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили нишонланаётгани бунга ёрқин мисолдир. Шу мносабат билан ўтказилаётган маданий-гуманитар ва ишбилармонлик тадбирлари халқларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ришталарни мустаҳамлаб, алоқаларга янгича мазмун бағишлаяпти, десак, айни ҳақиқат.

Яна бир қувончли мужда, шу йил Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 20 йил тўлди. Қутлуғ сана муносабати билан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга табрик мактуби йўллади.

Унда қайд этилганидек, мазкур ҳужжатда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлиги белгилаб қўйилган. Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларациянинг имзоланиши ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда янги босқич бўлди.

Саҳро бағридаги жавоҳир
Тошкентдан кўтарилган самолёт мазилга тобора яқинлашиб, пастлай бошлаган чоғда Остона аллақачон қоронғуликка чўмганди. 1 соату 40 дақиқа парвоз қилган йўловчилар борт командирининг эълонидан сўнг хавфсизлик камарларини тақиб, тунги шаҳарни томоша қила бошлашди.

Иллюминатордан боқар экансиз, чироқлар ёғдусидаги ажиб манзарадан диққатингизни тортади. Сабаби, нафақат кўчалар, балки улкан иморатлар ҳам шундай тартиб билан жойлаштирилганки, улар ўзаро уйғунлашиб, бамисоли геометрик шаклларни ҳосил қилади. Осмонўпар биноларнинг меъморий қиёфасига монанд ўрнатилган лампочкалардан таралаётган заррин нур янада улуғворлик бахш этади. Самолётнинг елдек тезлиги туфайли бу гўзалликка боқиб тўймай қоласан, киши...

Остона дунёдаги энг ёш пойтахт шаҳар саналади. Ушбу новқирон кент Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан бунёд бўлган.

Гап шундаки, бундан атиги 20 йил муқаддам унинг ўрнида қумликлар ястаниб ётар, қишнинг изғирин, ёзнинг гармсел шамоллари уларни тўзғитиб, баланд-паст барханлар ҳосил қиларди. Ҳадемай, қум уюмлари ўрнида маҳобатли иморатлар қад ростлашига, очиғи, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам ишонишмасди. Лекин орадан кўп ўтмай, Ишим дарёсининг сўл соҳилида тамомила замонавий шаҳар вужудга келди.

Айтишларича, Остонани лойиҳалаштириш учун эълон қилинган халқаро танловда дунёдаги энг донгдор 40 нафардан зиёд меъморлар иштирок этган. Улар орасидан АҚШ, Хитой, Россия, Германия, Япония сингари давлатларнинг юқори салоҳиятли мутахассислари жалб этилади. Натижада жуда қисқа фурсатда одамлар кўз ўнгида янги шаҳар пайдо бўлади.

Замонавий шаҳарсозлик анъаналари, қурилиш индустриясининг сўнгги ютуқларидан моҳирона фойдаланган ҳолда, тикланган Остона бугун мамлакат бренди, ўзига хос рамзига айланган. Бу ерга ўқиш, ишлаш, яшаш илинжида келаётган аҳоли сони йил сайин ортмоқда. Айтайлик, унга пойтахт мақомига берилгунга қадар эски шаҳар қисмида атиги 275 минг нафар киши истимоқат қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич бир миллион нафардан ошди.

Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази таклифи асосида биз, бир гуруҳ эколог, сув хўжалиги мутахассислари ва журналистлар “Сув хўжалигида “яшил” технологияларни татбиқ қилиш бўйича Қозоғистон тажрибасини оммалаштириш” мавзуидаги халқаро конференцияга ташрифимиз давомида Остона шаҳри билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик.

Бу ерга келганлар замонавий Қозоғистоннинг ташриф қоғозига айланиб улгурган “Остона-Байтерек” монументини кўришга ошиқадилар. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки янги шаҳарнинг қоқ марказида қад кўтарган ушбу минора наинки ўзига хос меъморий ечими, балки қозоқ халқининг кўп йиллик орзу-интилишлари, келгуси режаларини ўзида ифода этгани билан аҳамиятли.

Иншоотнинг тилла тусли, шар шаклидаги тепа қисмига кўтариламиз. Замонавий лифт 97 метр баландликка бир зумда элтиб қўяди. Модерн усулда жиҳозлаган залнинг ойнаванд деворларидан атрофни кузатамиз. Кўз ўнгимизда шаҳар бўй-басти билан кафтдек намоён бўлади. Ҳеч ким ҳайратини яшира олмайди. Беихтиёр шундай таърифни қўллагимиз келди:

Саҳро бағридаги жавоҳир!

Шаҳарсозликда кам учрайдиган тажриба
Мажуанинг олд қисмида Президентнинг Оқўрда саройи, ўнг томонда эса Ҳазрат Султон масжиди савлат тўкиб турибди. Шарқ меъморлик услубида қурилган мазкур масжид 2012 йилда фойдаланишга топширилган. Унинг муҳобатли гумбази, тўрт бурчагидаги миноралари олис-олисдан ҳам кўзга яққол ташланиб туради. Ахир, уларнинг баландлиги 77 метр. Муаззин айтаётган азон товуши эса осмонўпар иншоотлардан оша шаҳарнинг эски қисмигача эшитилиб, акс садо бериб туради. Умумий майдони 11 гектарни эгаллаган бу муқаддас масканда ҳайит намозларини 10 минг киши адо этиши учун барча шарт-шароит яратилган.

Эътиборимизни майдон марказидаги “Қуёш-Фаввора”нинг ҳар икки томонидаги улкан иморатлар тортади. Ривожланган давлатлардаги машҳур иншоотларни эсга соладиган 33, 37 ҳамда 42 қаватли “Шимол ёғдуси” аҳоли яшаш мажмуалари, шунингдек, бошқа иншоотлар ўзаро уйғунликда тугал меъморий ансамбль ҳосил қилган. Шаҳар бош лойиҳасида кўзда тутилган ишлар ҳали тугалланмаган шекилли, бу мағрур иморталарга басма-бас янги-янги бинолар қад кўтармоқда.

“Остона-Байтерек” монументининг қарама-қарши томонида эса улкан чодир тикилган. Экскурсаводнинг айтишича, бу — “Хан Шатир” савдо-кўнгилочар маркази. Замонавий шаҳарсозликда кам учрайдиган ушбу мажмуани кўришга ошиқамиз.

Ҳамроҳим, “Давсувхўжаликназорат” инспекцияси масъул ходими Шарофиддин Исмоилов ҳайратини яширолмай “Хоннинг чодриям замонага мос экан-а?!” дейди.

Чиндан ҳам, ташқи қиёфаси баҳайбат чодирни эсга соладиган мажуанинг ичи буткул ўзгача.

“Хан Шатир” деганлари айлана шаклдаги кўп қаватли иншоот бўлиб, унинг ўрта саҳни очиқ. Унга шаффоф томёпқичдан қуёш нури мудом тушиб туради. Шунинг учун бўлса керак, махсус гултувакларда пакана дарахтлару анвойи гуллар барқ уриб ўсмоқда.

Бу ерда кичик тамаддихоналардан тортиб, шоҳона таомлар тайёрланадиган ҳашамдор ресторанлар, савдо мажмулари, кўнгилочар аттракционлар, болалар майдончалари, ҳатто дендропарк ҳам ўрин олган. Бинонинг охирги қаватида эса пиляж курорти йил — ўн икки давомида фаолият юритади.

Дарвоқе, мажмуадан китоб дўкони ҳам жой олган. Унда Марказий Осиё халқлари адабиётларидан ташқари, жаҳон классикасининг дурдоналари ҳам топилади. Тағин, уларнинг таржимаси билан бирга, асли ҳам жавонларга териб қўйилганига нима дейсиз?!

Шаҳардагиҳар қайси объект бўлмасин, кирган заҳотингиз ташқаридаги совуқ ҳаво, изғиринли шамолни унутасиз. Мажмуа маъмуриятидан бу ҳақда сўраганимизда, улар ҳудуд табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, мўътадил ҳароратни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини айтади. Шунинг учун ҳамма биноларнинг кириш қисмида гардероб мавжуд. Бу ерга келувчилар устки кийими ва қўл юкини қолдириб бемалол сайр қилишлари мумкин.

Ватанимнинг бир парчаси
Остонда бўйлаб сайр қилиб, Ўзбекистонимни топиб олдим. Ажабланманг, шундай. У “Astana park”нинг марказий кириш жойида экан.

Гап шундаки, ушбу ердаги улкан соат атрофида дунё халқларининг ўзаро бирдамлиги, дўстлигининг рамзи сифатида давлатларнинг харитаси ер шарида алоҳида-алоҳида тасвирланган. Ўзбекистонимиз харитаси олд қаторда жойлаштирилганидан бир қувонсам, болакай кўлида тутиб турган шардаги давлатимиз харитаси Регистон майдони фонида, байроғимиз тасвирида битилганини кўриб, ўндан чандон севиндим.

Очиғи, бу монумент мен учун кутилмаган совға бўлди!

Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат ҳақида тўхталсак, шаҳар кўчалари кенг ва равонлигига қарамай, йўллар кечаю кундуз тирбанд. Шундай бўлса-да, жамоат транспорти учун мўлжалланган биринчи полоса доимо очиқ. Ҳайдовчилар босиқлиги, ҳатто тезлик соатига 40 километргача чекланган жойларда ҳам ўзи ҳам, ўзгаларни ҳам шоширмаслиги диққатга сазовор.

Ўз навбатида, йўловчиларнинг маданиятига қойил қолмай илож йўқ. Чунки фақат пиёдалар ўтиш жойидангина ҳаракатланиш одат тусига кирган. Бунинг учун барча чорраҳаларда пиёдалар учун таймерли светафорлар ўрнатилган. Унинг яшил чироғи катта чорраҳалардан 45, кичикроқларида эса 25 сония давомида ёниб туради.

Ҳар бир бекат ёнида соғлом турмуш тарзи тарафдорлари учун велосипедлар ижараси йўлга қўйилган. Қизиғи, ушбу уловларни олиш, тўлов қилиш, яна жойига қўйишда инсон иштироки йўқ. Хоҳлаган киши ўзи мустақил равишда пластик карточка орқали тўловни амалга ошириб, велосипедни миниб кетаверади.

Остонада Тошкентдаги сингари игна баргли, серсоя, манзарали дарахтларни учратмайсиз. Йўл атрофиларида ҳам ҳудуд иқлими, тупроқ шароитидан келиб чиқиб, асосан, қайрағоч дарахтидан “яшил деворлар” ҳосил қилинган.

Боғ ва хиёбон, яшил майдонларда ҳам совуқ ва иссиққа бардошли, сувсизликка чидамли бўлган тол, терак, жийда, қайрағоч, дўлана, наъматак, оқ қайин каби дарахтлар ўстирилган.

Аҳолининг айтишича, кескин континентлар об-ҳаво шароитида бир туп ниҳол ўстириш осон эмас. Шаҳарда ана шундай машаққатли меҳнат эвазига яшил майдонлар яратилмоқда. Бундан 20 йил муқаддам экилган кўчатлар энди қаддини ростлаб, соя ташлаб қолган. Уларга боқиб, инсон мўъжизалар яратишга, чин дилдан ҳаракат қилса, саҳрони чекинтиришга ҳам қодирлигига ишонгинг келади.

Давр талаб этаётган технология
Халқаро конференция мавзуси ҳам бевосита шу долзраб масалага дахлдорлиги билан кўпчиликда қизиқиш уйғотди. “Сув хўжалигида “яшил” технологияларни татбиқ қилиш бўйича Қозоғистон тажрибасини оммалаштириш” мавзуидаги мазкур форумда Қозоғистон вакиллари билан бирга, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларидан тегишли ташкилот ва идоралар масъул ходимлари иштирок этдилар.

“Яшил иқтисодиёт” моделига ўтиш, айниқса, сув хўжалигида шундай технологяиларни қўллашни муҳокама этиш эмас, балки зудлик билан амалиётга татбиқ қилиш керак. Анжуман иштирокчиларининг якдил фикрлари шундай бўлди. Чунки сув танқислиги сайёрамиздаги глобал муаммолардан бирига айланган. Унинг асоратлари қурчоқчиликка мойил Марказий Осиё давлатларида кўзга яққол ташланмоқда. Европа иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури, Европа иқтисодий комиссияси ҳамда Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази ҳамкорилигида амалга оширилаётган “Яшил иқтисодиёт” моделига ўтишда Қозоғистонни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад эса вазиятни юмшатиш, иқлим ўзгаришларига мослашишдир.

Ушбу лойиҳа менежери Гулжамол Исаеванинг таъкидлашича, сув хўжалигида “яшил” технологияларни оммалаштиришда бежизга Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази билан ҳамкорлик қилинаётани йўқ. Чунки минтақа давлатлари билан бевосита ишлайдиган мазкур тузилма салоҳиятли экспертлар ҳамда мустаҳкам моддий-техника базага эга.

Қозоғистонда лойиҳа доирасида биргина сув хўжалигида 18 та технология синовдан ўтказилиб, энг мақбуллари танлаб олинди. Бунинг натижасида Қизилўрда вилоятида деҳқончиликнинг анъанавий усулидан ташқари, органик усули ҳам ривожланиши баробарида, шўрланган майдонларда боғлар барпо этишнинг устидан чиқилди. Шунингдек, Остона шаҳри ва унинг атрофида иссиқхона хўжалигининг янги мактабига асос солинаётган бўлса, Оқтўба сув омбори бошқаруви тизимини автоматлаштириш орқали обиҳаёт беҳуда йўқотилишига чек қўйилди.

Лойиҳа менежери Мурат Якубовнинг изоҳ беришича, ундан кўзланган мақсад Европада юқори самара бераётган “яшил” технология ва ишланмаларни минтақада кенгроқ татбиқ этишдир.

Конференцияда айни шу йўналишда Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар олқишланди. Бу ерда тўпланган тажрибадан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Инсоният тақдири, аҳолининг турмуш фаровонлиги она-табиат билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, унинг неъматларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, ушбу йўлдаги ҳар қандай тажрибани оммалаштириш зарур. Бунинг учун эса Марказий Осиё давлатлари экология ва атроф-муҳит соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши мақсадга мувофиқдир. Зотан, “яшил иқтисодиёт” модели тамойилларини амалиётга жадал татбиқ қилиш давримизнинг энг долзарб вазифасига айланган.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” махсус мухбири.

Тошкент — Остона — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар