Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишда муҳим роль ўйнамоқда

20:21 04 Март 2020 Сиёсат
600 0

Хабарингиз бор, яқинда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон” гуруҳи ўртасида узоқ кутилган тинчлик битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур жараён афғонлараро умуммиллий ярашувга пойдевор ўрнатгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Расмий Тошкент Афғонистонни минтақанинг ажралмас қисми деб билади. Бинобарин, ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар жуда долзарбдир. Марказий Осиёнинг мустаҳкам ривожланиши Афғонистондаги вазият барқарорлашуви билан бевосита боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаб ўтганидек, афғон муаммосини ҳал этмай туриб, тинч ва юксак даражада тараққий этган Марказий Осиё ҳақида гапириб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси бўлди. Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган мамлакатлар, минтақанинг етакчи давлатлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти Тошкент конференциясида чиқиш қилар экан, Афғонистондаги можарони ҳал қилиш йўлларининг аниқ стратегик ёндашувларини кўрсатиб, “Расмий Тошкентнинг афғон сиёсати”га доир устувор йўналишларини белгилаб берди. Булар эса Афғонистон Ислом Республикасида тинчликни ўрнатиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш асосига айланди.

Тошкент декларациясининг якдиллик билан қабул қилиниши форумнинг муҳим мантиқий якунига айланди. Зеро, унда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни ўрнатишнинг асосий принципларига нисбатан минтақавий ҳамда глобал даражада тўлиқ муроса ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича қандай роль ўйнагани ҳақида Қатарда бўлиб ўтган тадбир иштирокчилари қуйидаги фикрларни билдирди.

Залмай ХАЛИЛЗОД,

АҚШ Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили:
 

— Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган Тошкент конференцияси бугунги амалий натижаларга эришиш учун муҳим пойдевор вазифасини ўтади. Мазкур анжумандан сўнг АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, имзоланган келишувга мувофиқ, бундан буён Афғонистон ҳудудида халқаро террорчилик гуруҳлари яширилмайди. Ўз навбатида, шартномани имзолаган томонлар мазкур масалани, албатта, кузатиб боришади. Асосий мақсад эса Афғонистонда яхлит тинчлик ва барқарорликни ўрнатишдир. Яна бир бор алоҳида таъкидлашни истардимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси бугунги кунда фавқулодда муҳим роль ўйнамоқда.

Узоқ кутилган тинчлик жараёни минтақа учун ҳам, бутун дунё учун ҳам катта имкониятлар очяпти. Минтақада янги иш ўринлари пайдо бўлади, саноат, транспорт-логистика соҳалари ривожланади.

Маркус ПОТЦEЛ,

Германия Федератив Республикасининг

Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича махсус вакили:
 

 Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисмидир. Германия Афғонистон масаласи бўйича узоқ йиллардан бери Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келади. Ҳамкорлик доирасида афғон ёшларининг таълим олишлари учун грантлар ажратилмоқда. Беш томонлама ёндашувни ҳам бу борадаги ўзаро алоқаларнинг ёрқин мисоли сифатида кўрсатиб ўтиш мумкин. Бунинг доирасида Қатар, Норвегия, Индонезия, Ўзбекистон ва Германия саъй-ҳаракатлари билан Афғонистондаги турли кучлар ҳамда гуруҳлар ўртасида мулоқот йўлга қўйиляпти.

Германия Афғонистонда тинчлик ўрнатишда Ўзбекистон муҳим роль ўйнамоқда, деб ҳисоблайди. Айнан Ўзбекистон Президенти ушбу мамлакатда тинчликни ўрнатишга қаратилган халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини кўрсатди. Қолаверса, ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувида афғон масаласи чуқур таҳлил қилинди.

 

Абдул Салом ХАНАФИЙ,

“Толибон” ҳаракатининг Қатардаги

сиёсий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари:
 

— Биз Ўзбекистон Президенти саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз. У мамлакатимизнинг тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик борасидаги манфаатлари бўйича ташаббусларни илгари сурди. Биз буни қадрлаймиз. Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини тарихий илдизлар боғлаб туради. Бу минтақада яшаётган барча инсонлар якдилдир. Яратганнинг иродаси билан келажакда ҳам биз тинч-тотув ва яхши қўшничиликда яшаймиз. Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон хавфсизлигидир. Ҳамкорлик қилишдан умидвормиз.

Қори Дин МУҲАММАД,

“Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий

ваколатхонаси раҳбари ўринбосари:
 

— Қарийб 40 йилдан буён Афғонистонда уруш давом этяпти. Жангларни тўхтатиш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш биз ва қўшниларимиз учун жуда муҳимдир. Ўзбекистон Президенти Афғонистонда тинчликни ўрнатиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурганини яхши биламиз ва биз ушбу тарихий натижага эришамиз. Афғонистон ва Ўзбекистон умумий чегаралар, маданиятга эга. Икки мамлакат халқлари бир дарёнинг икки томонида яшайди. Тақдирларимиз ҳам бир-бирлари билан узоқ тарихдан бошлаб боғланган. Тинчликни таъминлаш, қурилиш, таълим ва бошқа соҳалардаги кўмагингиз узоқ давлатларнинг ёрдамидан кўра анча самаралироқдир.

Тадамичи ЯМАМОТО,

БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили,

БМТнинг Афғонистонга кўмак бериш миссияси (UNAMA) раҳбари:
 

— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Доҳада бўлиб ўтган ушбу тарихий тадбир бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборида турди. Афғонистон келажаги бу глобал миқёсда стратегик аҳамиятга молик воқеадир. Биз Ўзбекистонни Афғонистоннинг нафақат яқин қўшниси, балки Марказий Осиё минтақасида ўз ўрни, ўз сўзи, мавқеи ва бой тажрибага эга давлат сифатида биламиз.

2018 йил март ойида Тошкентда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Афғонистон муаммоси бўйича ўтказилган халқаро анжуман бугунги тинчлик келишуви имзоланишига жуда катта ҳисса қўшди. Муҳим пойдевор яратди, десак муболаға бўлмайди. Шу аснода, Ўзбекистон раҳбариятига бу жараёнда асосий иштирокчи сифатида хизмат қилгани учун халқаро ҳамжамият ва БМТ номидан алоҳида ташаккур билдирамиз.

Ўзбекистон биз учун Афғонистонда тинчлик ва тикланиш жараёнида муҳим роль ўйнайдиган давлат сифатида қадрлидир. БМТ келгусида ҳам афғон муаммосини тўла ҳал қилишда Ўзбекистонга суянади.

Абдулазиз КАМИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири:
 


 

 АҚШ ва “Толибон” афғон ҳаракати ўртасида жуда муҳим келишув имзоланди. Томонлар Афғонистонда ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлаш бўйича бир тўхтамга келишгани унинг асосий шартига айланди. Ушбу йўл охирги қирқ йил ичида биринчи марта очилишидир. Айтиш лозим, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган Тошкент конференциясидан кейинги охирги икки йилда жуда кўплаб ишлар қилинди. Боз устига булар Ўзбекистон томонидан жуда мураккаб шароитларда амалга оширилди. Чунки йирик давлатларда Ўзбекистон бундай муаммоларни ҳал этишга қодирлиги бўйича тўлиқ ишонч йўқ эди, шунга яраша кўплаб муҳокамалар ва мунозаралар бўлди. Бироқ Президентимизнинг қатъийлиги, прагматизми, вазиятни реал баҳолай олганлиги шарофати билан биз катта муваффақиятларга эришдик.

Биз Афғонистондаги қирқ йиллик уруш даврида босиб ўтилмаган Тошкентдан Доҳагача бўлган катта йўлни деярли охирги икки йилда босиб ўтдик. Ўзбекистон атрофида фаровонлик ва хавфсизлик ҳалқаси шаклланяпти. Республикамиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш мамлакат етакчиси томонидан афғон йўналиши бўйича қабул қилинаётган барча саъй-ҳаракатнинг аниқ натижаларидир. Доҳадаги “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан учрашувда ушбу ҳаракат раҳбарияти вакиллари улар ўз томонидан Афғонистон ҳудудидан мамлакатимиз хавфсизлигига нисбатан қандайдир таҳдид пайдо бўлмаслигини тасдиқлашди. Мен буни эртага “Толибон” ҳаракати Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон томон ҳаракатланиши ва вазият яна издан чиқиши ҳақидаги “шарҳлар” ва тахминлар ҳалигача тарқатилаётгани учун айтяпман. Бундай “шарҳлар” ва кузатувчилар тегишли хулосаларни чиқариб олишлари шарт.

Биз учун жанубий қўшниларимизга маҳсулотларимизни экспорт қилиш, улар билан савдо, коммуникацияларни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар очилмоқда. Булар Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва табиийки, Афғонистон каби мамлакатлардан иборат катта бозордир.

Исматилла ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Афғонистон бўйича махсус вакили:
 

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев афғон муаммосига ечим топишда ҳар бир жиҳатни пухта ўйлаб, таҳлил қилиб чиқди. Яъни бу жараёндаги кейинги қадамлар қандай бўлади? Тошкент конференциясидан кейин нима ишлар амалга оширилиши керак?

Энг аввало, Президентимиз топшириқлари бўйича глобал миқёсда консенсусга эришишда биз дунёнинг энг йирик мамлакатлари, яъни АҚШ, Россия, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон намояндалари билан алоқаларни йўлга қўйдик. Бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон томони халқаро ҳамжамиятни глобал даражада афғон муаммосига эътиборини қаратди. Бундан кейинги вазифаларимизда биз минтақавий даражада консенсусга эришдик. Минтақанинг кўзга кўринган ва афғон муаммосини ҳал этишда катта салоҳиятга эга бўлган энг асосий акторлар — Покистон, Туркия, Саудия Арабистони, БАА, Қатар давлатлари вакиллари билан музокараларни олиб бордик. Шу билан бирга, биз энг муҳим бўлган масала — тинчлик жараёнига эришиш учун музокараларни афғонларнинг ўзи ташкил этиши ва уларнинг ўзи раҳбарлик қилиши керак, деган тамойилни илгари сурдик Бунинг учун Афғонистон ички сиёсий кучларининг энг асосий намояндалари билан учрашувларини ўтказдик. Жуда қисқа муддатлар ичида биз “Толибон” ҳаракати билан Доҳа шаҳридаги сиёсий маҳкамаси раҳбарияти билан ҳам муносабатларни ўрнатдик. Улар Ўзбекистонни минтақада олиб бораётган яхши қўшничилик сиёсатини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Президентининг Афғонистонга кўрсатаётган ҳар томонлама ёрдами учун чексиз миннатдорлик билдирди.

Мулоқотларимиз доимий тус олди. Натижада “Толибон” ҳаракати ва Афғонистоннинг барча ички сиёсий кучлари раҳбарлари бир фикрга келдиларки, дунёдаги энг самимий муносабат кўрсатаётган ва Афғонистонда, ҳақиқатан ҳам, тинчлик ўрнатилишини хоҳлаётган ягона давлат Ўзбекистон ва унинг Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев деб эътироф этдилар.

Элдор АРИПОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори:
 

 АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик битимининг имзоланиши, ҳақиқатан ҳам, тарихий воқеадир. 40 йиллик уруш давомида биринчи марта зўравонлик, тинч аҳоли орасида саноқсиз қурбонлар беришга чек қўйиш учун имконият пайдо бўлди. Ушбу давр ичида қарийб икки миллион инсон ҳалок бўлди, тўрт миллион нафар афғон мажбурий қочоқлар сифатида ўз юртларини тарк этди. Тинчлик истиқболлари шундан дарак бермоқдаки, яқин вақтлар ичида мазкур мамлакатнинг миллионлаб фуқаролари осойишта, тинч ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўладилар.

Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчликка эришиш,ушбу тинчлик битимини имзолаш жараёнига улкан ҳисса қўшди. Айнан унинг ташаббуси билан мазкур тинчлик жараёнига старт берилди. Гап, энг аввало, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ҳақида кетяпти. Ўшанда дунёнинг етакчи давлатлари ва қўшни мамлакатлар ўртасида афғон можаросини тартибга солиш бўйича умумий принциплар ҳамда ёндашувларда муросани шакллантиришнинг уддасидан чиқилган эди. Амалда бундай қилиш мумкинлигига, истиқболда Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига кўпчилик ишонмаганди. Бироқ Ўзбекистоннинг изчил ва прагматик сиёсати шарофати билан бу рўёбга чиқди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?