National Review: Дипломатия осмонида порлаб бораётган юлдуз бўлса, бу Ўзбекистондир

15:37 14 Декабрь 2018 Сиёсат
1291 0

Архив фото

2018 йилнинг 12 декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Ушбу муҳим воқеа дунё оммавий ахборот воситалари, нуфузли экспертлар томонидан кенг эътироф этиляпти. Хусусан, хорижий ОАВда янграётган фикрларга кўра, янгиланиш даврига ўтган Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори изчил ортиб бормоқда.

Чикагода чоп қилинадиган “National Review” таҳлилий журналида қайд этилишича, Ўзбекистон 1992 йили БМТга аъзо бўлиб, 1993 йилдан буён Тошкентда ушбу глобал тузилманинг ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, сўнгги икки йил Ўзбекистон БМТ доирасида жадал ва проактив иштирок этган давр бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига келиши ўзбек дипломатиясининг кўп томонлама тузилмалар билан ҳамкорлиги мутлақо янгича тус ва руҳда ривожланиши учун шароит яратди.

Ўзбекистон Президенти 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида барчани ҳайратда қолдирган нутқ сўзлаган эди, дея ёзади америкалик журналистлар. 2018 йил май ойида эса Шавкат Мирзиёев Вашингтонга расмий ташриф билан келди ва Президент Дональд Трамп ҳамда АҚШ бошқарув доиралари билан музокаралар ўтказди. “Дипломатия осмонида порлаб бораётган юлдуз бўлса, бу Ўзбекистондир”, дейилади журналда.

Япониянинг “Asahi Shimbun” газетасида ушбу мавзу юзасидан чоп этилган мақолада Ўзбекистон ташаббуси ва ўзбек дипломатиясининг фаол чора-тадбирлари натижасида қабул қилинган резолюция БМТ доирасида қабул қилинган қатор муҳим ҳужжатлар, шу жумладан, БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадларига тўла мос келади.

Жанубий Кореянинг “The Korea Times” газетаси мухбирлари Ўзбекистон етакчисининг глобал ташаббуслари муносиб кутиб олинаётганини эътироф этади. Бу борада, жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Циндао шаҳридаги саммитида илгари сурган таклифи натижаси ўлароқ, ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани ҳам эслатиб ўтилади. Қолаверса, жорий йилнинг июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Мазкур ҳужжат ҳам Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббуснинг амалий рўёби бўлди.

Кореялик шарҳловчиларнинг маълум қилишича, умумбашарий тузилмага аъзо барча давлатлар Шавкат Мирзиёевнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги резолюцияни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Шу ўринда, “The Korea Times”да БМТнинг аввалги Бош котиби Пан Ги Мун ҳам, ҳозир мазкур лавозимни эгаллаб турган Антониу Гутерриш ҳам Ўзбекистонга илиқ муносабат билдириши алоҳида таъкидланади.

“Ўзбекистонда экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, соғлом ҳаётга қайтаришда инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик тамойиллари асосида иш тутиш бўйича тўпланган тажриба жаҳон бўйлаб қанот ёзмоқда, деб ёзилади Ҳиндистоннинг “Times of Central Asia” журналида. Таниқли ёзувчилардан бири ўз асарида “дунёни гўзаллик қутқаради”, деб ёзган экан. Аммо замон шуни кўрсатмоқдаки, дунёни маърифат қутқаради. Ўзбекистон буни яхши англаган ҳолда, нафақат мамлакатда, балки бутун жаҳонда юксак маърифат ғоясини илгари сурмоқда”.

Озарбайжоннинг “Report” ахборот агентлиги тарқатган хабарда қабул қилинган ҳужжат дунёда диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, диний эркинликларни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилиши ҳақида фикр билдирилади. Резолюция таълим-тарбияни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ва тинчликпарварлик фаолиятини кучайтириш, илм-фан ҳамда тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш каби чорловларни ҳам ўз ичига олган. Бу борада муайян таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019