Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги ташаббуслари Туркия ОАВлари диққат марказида

09:14 25 Сентябр 2020 Дунё
840 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги иштироки чоғида қатор ташаббусларни илгари сурди. Мазкур ташаббуслар минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга экани билан хорижий жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Қайд этилишича, хусусан, Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлиги, «ТРТ-Аваз» давлат телерадиокомпанияси расмий сайтларида Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, халқаро тузилмалар доирасида кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Президенти интилишлари ҳақида туркум материаллар чоп этилмоқда.

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари чиқишида янги турдаги коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашда ҳаракатларни бирлаштириш, масъулиятни ошириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мақоми ва салоҳиятини юксалтириш зарурлигини қайд этди. Бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асоси сифатида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари кодексини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади», дейилади Туркия нашрида.

Ҳамкор мамлакат ОАВ саҳифаларида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига урғу берилади.

«Ўзбекистон раҳбари БМТдаги иштирокида Марказий Осиё давлатлари олдида глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўналишларида интеграциялашувни таъминлаш вазифаси турганини маълум қилди. Шу боис Ўзбекистон Президенти БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этди», дейилади яна бир турк ОАВлари хабарида.

Афғонистон масаласи Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва тинчликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Айни масалага диққат-эътиборини қаратган Туркия ахборот агентликлари Президентимизнинг БМТ саммитида ушбу масалага алоҳида тўхталганини ва долзарб ташаббусни илгари сурганини айтади.

Хусусан, хабарларда шундай дейилади: «Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўриши, Доҳада бошланган тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлашини айтди. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши мавзуси ҳар доим БМТнинг диққат-эътиборида бўлиши зарурлигини таъкидлаган ҳолда БМТ қошида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшадиган доимий қўмита тузишни таклиф этди».

Оролбўйи ҳудуди бугунги кунда инсоният дуч келган экологик фожиадир. Давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқи давомида ушбу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди.

Туркия нашрларида айни мавзуга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?