Ўзбекистон Президентининг БААга ташрифи санаси аниқ бўлди. Ушбу сафар нимаси билан аҳамиятли?

21:58 22 Март 2019 Сиёсат
516 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 — 26 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташриф билан боради. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Мазкур воқеа Ўзбекистон учун халқаро ҳамкорлик борасида муҳим босқичга айланади. Зеро, у кенг миқёсли ташқи сиёсий вазифаларини амалга ошириш учун ўзаро алоқалар уфқларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 октябрь куни ўрнатилган. Шу йилнинг ўзида Дубайда Ўзбекистоннинг Бош консуллиги фаолият юрита бошлади, 2007 йилда эса Абу-Дабида мамлакатимиз элчихонаси очилди. Қолаверса, 2004 йилда БАА ҳукумати Тошкентда ўзининг Бош консулхонасини очиш бўйича қарор қабул қилди, 2010 йилда мазкур муассаса элчихонага айлантирилди.

Таъкидлаш жоиз: икки давлат ўртасидаги алоқалар ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида Абу-Даби амирлиги ворис шаҳзодаси, БАА Қуролли кучлари Бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Заид Ол Наҳаён билан учрашуви бунинг ёрқин далилига айланди. Мазкур воқеа томонлар ўртасидаги уларни қизиқтирган йўналишларни ривожлантиришга кучли туртки берди. Қайд этиш муҳимки, учрашув давомида Ўзбекистон — БАА муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда ўзаро манфаатдорлик тасдиқлаб олинди.

Тарафларнинг қабул қилинган ушбу йўлга содиқлиги 2018 йил декабрь ойида Абу-Дабида икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари раислигида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи раундида ҳам ўз ифодасини топди. Музокаралар чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди ва ҳамкорликни кучайтириш учун энг истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.

Бугунги кунда икки томонлама алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси 20 дан ортиқ битимдан ташкил топган. Улардан 13 таси ҳукуматлараро, 2 таси идоралараро ва яна қатор ҳужжатлар икки давлат муассасалари ўртасида имзоланган. Бундан ташқари, айни пайтда икки томонлама келишувларнинг 10 та лойиҳаси ишлаб чиқиш босқичида турибди.

Ўзаро алоқаларни равнақ топтиришда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси муҳим механизм ҳисобланади.

2019 йил 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев ва БАА иқтисодиёт вазири Султон бин Саид Ал Мансурий ҳамраислигида ушбу комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги муносабатлар кун тартибидаги асосий ва энг жадал ривожланаётган йўналиш бу иқтисодий ҳамкорликдир. У ўзаро товар айирбошлаш ва молиявий-иқтисодий алоқаларнинг юқори кўрсаткичлари билан характерланади. Жумладан, 2018 йилда икки томонлама савдо ҳажми 141,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2017 йилдагига нисбатан 23 фоиз зиёддир.

2018 йил 3 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон — БАА бизнес форумида ҳамкорликда қиймати 1 миллиард долларга тенг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасини тузиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, шунингдек, унинг рақобатдошлигини янада юксалтириш учун тўғридан-тўғри хориж сармоялари ҳамда инновацион технологияларни жалб этиш; маҳаллий хусусий ва хориж инвесторлари ўртасидаги узоқ муддатли ўзаро фойдали шериклик муносабатларини шакллантириш йўли билан инвестициявий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш; инвестициявий таклифларни баҳолаш, инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; инвестициявий муҳитни яхшилаш, республиканинг инвестициявий салоҳияти ва имкониятларини хорижда илгари суришга кўмаклашиш жамғарманинг асосий вазифалари қаторидан ўрин олган. Жамғарма фаолияти икки томонлама сармоявий ҳамкорликни янада фаол равнақ топтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистонда БААлик инвесторлар иштирокида 107 та корхона муваффақиятли фаолият юритиб келаётганини эътироф этиш лозим. Улардан 39 таси тўлиқ хориж капитали ҳисобига ташкил қилинган. Тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тозалаш воситалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, полиграфия, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш, туризм, улгуржи ва чакана савдо хизматлари уларнинг асосий фаолият соҳаларидир.

Шунга қарамай, ўтган даврдаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик томонларнинг салоҳиятига мос келмайди. Бинобарин, бўлажак ташриф ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш учун муҳим таянч нуқтасига айланади.

Сайёҳлик жабҳаси ўзаро шерикликнинг жуда истиқболли йўналиши саналади. Ўзбекистон Республикаси ва БАА ўртасида мазкур соҳадаги алоқалар 2008 йилда имзоланган тегишли икки томонлама битим доирасида тараққий топиб бораётир.

БАА туризм вакиллари мамлакатимизда ўтказилаётган тармоқ анжуманлари ва форумларида фаол иштирок этишяпти. Хусусан, Амирликларнинг етакчи сайёҳлик компаниялари 2018 йил Тошкентда ташкиллаштирилган Биринчи Халқаро инвестициявий форумда, 2019 йил февралда Бухоро мезбонлик қилган зиёрат туризми бўйича Биринчи Халқаро форумда қатнашди.

Мамлакатларимиз ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳам ўзаро туристлар оқимини кенгайтиришга хизмат қиляпти. Чунончи, 1992 йил февралдан буён “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ Тошкент — Шаржа — Тошкент, 2008 йил мартидан Тошкент — Дубай — Тошкент йўналишлари бўйича мунтазам рейсларни амалга ошириб келмоқда.

2019 йил мартидан бошлаб эса “Fly Dubai” авиакомпанияси Дубай — Тошкент — Дубай йўналишида мунтазам рейсларни йўлга қўйди.

2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилиниши ҳам, шубҳасиз, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишбилармонлик алоқалари, сайёҳлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга туртки беради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам жадаллашди. Жумладан, Амирликларнинг мусиқий-фольклор гуруҳлари Самарқанддаги “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивалининг доимий иштирокчиларидир. Икки давлат спорт жамоалари эса бир-бирларининг ҳудудларида ўтказиб келинаётган турли мусобақаларда қатнашмоқда.

Абу-Дабида олий даражада бўлиб ўтадиган музокаралар Ўзбекистон Республикаси ва БАА томонидан узоқ муддатга қаратилган ҳар томонлама самарали ҳамда ўзаро фойдали муносабатларни кенгайтириш бўйича ташланаётган салмоқли қадамларга янги суръат бахш этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019