Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи дастуридан ўрин олган тадбирлар ҳақида маълумот берилди

10:05 15 Май 2018 Сиёсат
450 0

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифини ёритиш бўйича Вашингтонда ташкил этилган Матбуот марказида брифинг ўтказилди. Унда Президентнинг Матбуот котиби Комил Алламжонов бўлажак ташриф доирасидаги тадбирлар ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим қилди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга расмий ташрифи 15 май куни бошланади. Давлатимиз раҳбарини Вашингтондаги “Эндрюс” аэропортида АҚШ Давлат департаменти раҳбарияти кутиб олади.

Бу ташрифга ҳар икки томон ҳам катта эътибор билан қарамоқда. АҚШ маъмурияти Ўзбекистон Президенти ташрифини тарихий, дея баҳоламоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор доирада, кейин кенг доирада бўлиб ўтади. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ҳамда АҚШ расмий делегацияси вакиллари қатнашади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилади.

Ташриф давомида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, жумладан, умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу рақамлар, албатта, ташриф давомида ўзгариши мумкин. Бу ҳақда қўшимча маълумот берилади.

Шу куни кечқурун Ўзбекистон томонидан расмий қабул маросими ўтказилади. Бу ерда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ҳамда корпорациялар раҳбарлари иштирок этади.

Президентимиз 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки Президенти билан ҳам учрашиб, юртимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этиш бўйича музокара олиб боради.
Ташриф давомида бўлиб ўтадиган мулоқотлар, уларнинг натижалари ҳақидаги қўшимча маълумотлар Матбуот маркази орқали етказиб борилади.
Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» махсус мухбири.
Вашингтон, Америка Қўшма Штатлари


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар