«Ўзбекистон Президенти мамлакат сиёсати ва иқтисодиётини ўзгартиришга қатъий қарор қилган ислоҳотчидир»

11:20 07 Июнь 2018 Сиёсат
419 0

Хорижий оммавий ахборот воситаларида чоп қилинаётган мақолаларда ана шундай фикр билдирилмоқда.

1995 йилдан бери фаолият юритиб келаётган дунёга машҳур “Project Syndicate” электрон порталида жойлаштирилган мақолада қайд этилишича, мамлакат Президенти лавозимига сайлангач, Шавкат Мирзиёев сўз эркинлигини таъминлашни ўз ислоҳотлар дастурининг устувор йўналишларидан бири сифатида эълон қилди. Натижада бугун республика оммавий ахборот воситалари эркинлиги сезиларли даражада кучайди. Инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш жабҳасида ҳам маълум чора-тадбирлар амалга оширилди.

“Мамлакатда кечаётган ижобий жараён Шавкат Мирзиёев республика тараққиётини мутлақо янги йўналишга бура олишига умид уйғотмоқда”, дейилади материалда.

Япониянинг “The Diplomat” таҳлилий журнали Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо беради. Хусусан, ўзбек иқтисодиётига сармоялар киришига тўсқинлик қилиб келган омилларнинг бартараф этилгани алоҳида таъкидланади.

“Бу борада 2017 йил сентябрь ойида валюта устидан назоратнинг бекор қилиниши муҳим қадам бўлди. Янги Солиқ кодекси устида кенг муҳокамалар олиб борилмоқда. Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик янги тус олди”, дейилади мақолада. Пахта экиладиган майдонларни камайтириш, мажбурий меҳнат амалиётига чек қўйиш, ерларни хусусийлаштириш бўйича ислоҳотлар устувор аҳамият касб этмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинган чора-тадбирлар мамлакатнинг минтақа ҳамда дунё даражасидаги имиджи юксалишини таъминлади. Жумладан, кўплаб давлатлар билан виза тартибининг бекор этилиши ёки соддалаштирилиши, қўшни мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви катта шов-шувга сабаб бўлгани таъкидланади.

“Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сиёсати ва иқтисодиётини ўзгартиришга қатъий қарор қилган ислоҳотчидир. Ўзбекистондаги трансформация жараёни хорижий сармоядорлар учун фойдали бўлади”.

“Reuters” ахборот агентлиги Ўзбекистон автомобиль саноатида кечаётган жараённи таҳлил этар экан, ҳукумат Американинг “General Motors” компанияси мамлакатдаги автомобиль заводига киритган тегишли акцияларни сотиб олишни режалаштираётганини хабар қилади.

“Андижон вилоятидаги корхона 1996 йили Жанубий Кореянинг “Daewoo Motors” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган эди”, дея эслатиб ўтади агентлик. 2008 йил “GM” корпорацияси “Daewoo”ни сотиб олганидан сўнг завод “GM Uzbekistan” номини олган. 2017 йили республикада автомобиль ишлаб чиқариш 50 фоиз ортди. Ушбу машиналар ички бозорда “Chevrolet”, ташқи бозорларда эса “Ravon” бренди остида сотилади.

Ўзбекистоннинг саноат салоҳияти ҳақидаги мақола Покистоннинг “The Nation” газетасида чоп қилинди. Унда, хусусан, республикада ишлаб чиқарилган маиший техника, қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллар, юк машиналари каби товарлар жаҳон бозорида катта талабга эгалиги қайд этилади. Ҳукумат бизнес учун солиқ юкини ҳамда электр энергияси учун тарифларни пасайтиргани, ишбилармонлар учун виза тартиби соддалаштирилгани алоҳида эътироф қилинади.

Ҳиндистоннинг “The Times of Central Asia” журнали юртимизнинг Тошкент вилоятида “Чорвоқ” эркин сайёҳлик ҳудуди ташкил этилиши ҳақидаги хабарни ўз ўқувчилари билан бўлишди.

“Экспертларнинг айтишича, пойтахт вилояти туризм жабҳасида салмоқли салоҳиятга эга бўлиб, янги зонани ташкил қилиш орқали мазкур имкониятдан самарали фойдаланиш мақсад этилган. Бу ерда қатор замонавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, аҳоли ва чет элликларнинг ҳордиқ чиқариши учун шароитларни яхшилаш, туризм хизматлари соҳасида янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда”, деб ёзилади журналда.

“The Times of Central Asia” ҳиндистонлик тадбиркорларни ушбу ҳудудга сармоя киритишга чорлайди. “Эркин туристик зона субъектлари учун қатор солиқ ҳамда божхона имтиёзлари берилиши кўзда тутилган. Шубҳа йўқки, киритилган инвестциялар қисқа муддатда ўзини оқлаб, сиз, бизнес соҳаси вакилларига фойда келтиради”, дейилади мақолада.

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар