Ўзбекистон Президенти кузда Ҳиндистонга боради

10:57 29 Март 2018 Сиёсат
586 0

2018 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган Ҳиндистон Республикаси Давлат ташқи ишлар вазири Мобашер Жавед Акбар билан учрашди.

Суҳбат аввалида Мобашер Жавед Акбар Ҳиндистон делегацияси номидан Ўзбекистон Ҳукуматини Афғонистон тинчлик жараёни ва минтақамиз учун Тошкент форумининг муҳим якунлари билан табриклади. 

Конференцияда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари, халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамда Афғонистонга қўшни давлатларнинг юқори даражали делегациялари йиғилганлиги қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил кузига режалаштирилган Ҳиндистонга расмий ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатлари ва олий даражада бўлажак музокаралар кун тартибига асосий эътибор қаратилди.

Суҳбат чоғида икки ва кўп томонлама шакллардаги Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг бошқа масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда Ҳиндистон Элчиси Винод Кумар иштирок этди.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар