“Ўзбекистон почтаси” АЖга россиялик мутахассис бош директор этиб тайинланди

12:37 25 Май 2018 Жамият
646 0

Евгений Биргер “Ўзбекистон почтаси” миллий почта оператори бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда ушбу компания сайтида хабар берилди. 

Евгений Биргер 1960 йил 16 майда Россиянинг Москва вилоятида туғилган. 1982 йил Москва миллий алоқа электротехника институтини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди. Турли йилларда Россия почта алоқаси департаменти бошлиғи ва “Россия почтаси”ни стратегик рисожлантириш бўйича кенгаш аъзоси бўлган.

У 22 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “#MITCROADMAP2018” конференциясида  сўзга чиқиб, “Ўзбекистон почтаси” ўз нормативлари ва анъанавий фаолиятини уддалай олмаётгани ва мазкур ташкилот тубдан ислоҳ қилинишга муҳтож эканлигини айтиб ўтганди. Шу муносабат билан у почта ташкилотлар фаолияти ва фуқаролар ҳаётига чуқур интеграция қилиш назарда тутилган “Почта 2.0” лойиҳасини тақдим этганди.

Маълумот учун, жорий йил февраль ойида мамлакат раҳбарияти томонидан “Ўзбекистон почтаси”ни хорижлик консультантларни жалб этган ҳолда ва илғор халқаро тажрибани ўрганиб ислоҳ этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга оид топшириқ берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 19 январда мазкур компанияга раҳбар бўлиб келган Шуҳрат Атамуҳамедов жорий йил 12 май куни Учтепа тумани ҳокими вазифасига тайинланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар