Ўзбекистон ОТМларини дунёнинг кучли университетлари рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда

10:24 30 Август 2019 Жамият
78 0

Жорий йилнинг 27 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги ва Elsevier халқаро нашриёт уйи мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги етакчи эксперти Никола Хорсман, ташкилотнинг стратегик маҳсулотлар ва қарорлар бўйича директори Майкл Каруана, Elsevier халқаро нашриёт уйининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова ҳамда давлат инспекциясининг тегишли бошқарма бошлиқлари иштирок этди.

Бугунги кунда Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги билан Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингга киришини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорлик қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ОТМларининг рақобатбардошлигини ошириш, улар орасидан энг яхшиларини дунёнинг етакчи илмий-таълим марказлари қаторига киритиш, пировардида университетларнинг нуфузли халқаро рейтингига киришини таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Учрашув давомида халқаро ташкилотлар вакиллари билан маҳаллий олий таълим муассасаларини дунёнинг кучли университетлари рўйхатига киритиш учун қилиниши лозим ишлар муҳокама қилинди.

Улуғбек Ташкенбаев халқаро компаниялар вакилларига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан маҳаллий олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш бўйича амалга оширилган ва уларнинг натижадорлиги ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида Times Higher Education халқаро рейтинг агентлигининг стратегик маҳсулотлар ва қарорлар бўйича директори Майкл Каруана илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, давлат инспекция томонидан ўтказилган ўрганишлар ва аниқланган рейтинглар, Ўзбекистон ОТМларининг келгусида халқаро рейтингларда иштирок этишида муҳим роль ўйнаши таъкидлаб, икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишини айтиб ўтди.

Учрашув сўнгида 2019 йил 16 январдаги президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро даражадаги нуфузини оширишда етакчи халқаро рейтинг агентликлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, жумладан Халқаро олий таълим муассасалари рейтинги агентлиги THE билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш бўйича музокаралар олиб бориш ҳамда мазкур агентлик томонидан жорий йилнинг 10−12 сентябрь кунлари Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтадиган «Бутунжаҳон Таълим Саммит"ида иштирок этишга келишиб олинди. Ушбу саммитда олий таълим муассасаларининг ривожида илмий асосларнинг шакллантирилиши билан боғлиқ тавсиялар, инсон капиталини иқтисодий ўстириш бўйича таклиф ва муҳокамалар, қолаверса кўплаб давлатлар вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг етакчи университетлари вакилларини World University Rankings халқаро рейтингида иштирок этиш учун маълумотларни тақдим этишга тайёрлайди. World University Rankings дунё университетларининг глобал рейтинг мезонларига мувофиқ, Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртлари ривожланиши тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилади. THE DataPoint ахборот-таҳлилий сервиси имкониятлари билан таништириш мақсадида халқаро рейтинг агентлигининг нуфузли хорижий экспертлари иштирокида семинарлар ташкил қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019