«Ўзбекистон Осиёнинг энг тез ўсиб бораётган туризм йўналишига айланди»

10:04 07 Ноябрь 2018 Жамият
808 0

Хитойнинг нуфузли “South China Morning Post” газетасида юртимизнинг туризм салоҳияти ҳақида мақола чоп этилди.

Маълумки, ҳозирги кунда Хитой Халқ Республикаси ташаббуси билан “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси амалга оширилмоқда. У амалда Буюк Ипак йўлининг рамзий маънода тикланишини билдиради. Шундан келиб чиқиб, нашр Ўзбекистонни транспорт коридори марказида жойлашган асосий мамлакат, дея таърифлайди.

Кейинги йилларда республикада тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу жараённи бутун халқаро ҳамжамият диққат билан кузатмоқда.

“Ислоҳотларнинг самарадорлигига яққол мисол сифатида туризм соҳасини кўрсатиш мумкин, — дейилади газетада. — Хусусан, жорий йилнинг ўзида мамлакатга сайёҳлар оқими 40 фоиз ортди. Ўзбекистон Осиёнинг энг тез ўсиб бораётган туризм йўналишига айланди”.

“South China Morning Post” журналистларининг фикрича, ўзбек замини чинакам архитектура ихлосмандлари эътиборини жалб қила олади. Ўлканинг қадим шаҳарлари вақт синовидан ўтиб, илк кўринишини сақлаб қолган. Улкан миноралар ва масжидлар ўзининг гўзаллиги билан кишини ҳайратга солади ҳамда гўё тарихга қайтиб, ўтмишни ёрқин тасаввур қилиш имконини беради. Ўзбек халқининг самимийлиги, меҳмондўстлиги билан бирга, ана шу омилларнинг барчаси мамлакатда сайёҳлар учун ажиб бир муҳит яратади.

Сўнгги вақтда ўлкада янги меҳмонхоналар қурилмоқда, транспорт тизими такомиллаштирилаётир, хизмат кўрсатиш даражаси ўсяпти. Бу борадаги ислоҳотлар замон талаблари ва туристлар истакларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётгани диққатга сазовор.

Мамлакатимиз пойтахти ҳақида сўзлар экан, мухбирлар Тошкентда Парижнинг меъморий гўзаллиги, Лондоннинг ям-яшил боғлари, Нью-Деҳлининг қадимий урфини кўриш мумкин, дея фикр билдиради. Афросиёб шаҳри харобалари, мана неча асрки, сайёҳлар ва олимлар эътиборини тортиб келмоқда. Регистон майдони эса беқиёс гўзаллиги ва муҳити билан инсонни ҳайратга солади. Бухоро ёрқин мовий гумбазлар шаҳри бўлса, Хива очиқ осмон остидаги музейдир. “Шаҳар шу даражада табиий гўзаллигини сақлаб қолганки, “Ичан-Қалъа”га борсангиз, ўзингизни Ўрта асрлар даврига тушиб қолгандек ҳис қиласиз”, дея тавсия этади “South China Morning Post”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019