Ўзбекистон Омбудсманининг миллий превентив механизмни яратиш бўйича ташаббуси муҳокама қилинди

14:35 02 Июнь 2018 Сиёсат
368 0

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда «Миллий превентив механизмни ташкилий-ҳуқуқий ривожлантириш: халқаро ҳужжатлар, хориж амалиёти ва Ўзбекистон тажрибасининг хусусиятлари» мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, вазирликлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, БМТнинг Қийноққа қарши қуйи қўмитаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, БМТ Тараққиёт дастури, «Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти», «Минтақавий мулоқот» (Словения) ҳамда «Халқаро Амнистия» каби халқаро нодавлат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад БМТнинг Миллий превентив механизмни ривожлантиришга оид халқаро ҳужжатларининг хорижий мамлакатлар амалиётидаги ижросининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини умумлаштириш ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан қийноқларга солиш ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи миллий превентив механизм вазифасини амалга ошириш тўғрисидаги низомни кенг муҳокама этишдан иборат.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини янги сифат босқичига олиб чиқиш имконини бергани алоҳида таъкидланди. Мазкур дастурий ҳужжат мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳасини комплекс қамраб олди. Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, уларнинг давлат ҳимояси тизимини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майда ушбу йўналишда қабул қилинган «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2018 йил 14 майда имзоланган «Жиноят ва жиноят-протсессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чуқур институционал аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хорижий экспертлар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, қамоққа олинган, шунингдек, маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш бўйича комплекс норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга замин яратган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони аҳамияти алоҳида қайд этилди.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига -бағишланган Тадбирлар дастури доирасида Омбудсман томонидан миллий превентив механизмни ташкил этиш ва маҳкумлар ҳуқуқларининг таъминланиши устидан парламент назоратини кучайтиришга оид қонун ҳамда низом лойиҳаларини ўз ичига олувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Тадбир қатнашчилари мазкур норматив ҳужжатлар лойиҳаларига юқори баҳо берган ҳолда, улар БМТ ва ЕХҲТнинг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларига, демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келишини таъкидладилар. Экспертлар ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши миллий қонунчилик ҳамда халқаро нормаларнинг янада уйғунлашувига, ислоҳотлар ошкоралигини таъминлашга, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш тизимининг мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Сўз — халқаро анжуман иштирокчиларига

Армен ДАНИЕЛЯН,

БМТнинг Қийноққа қарши қуйи қўмитаси эксперти:

— Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилишдан аввал миллий превентив механизм (МПМ)ни татбиқ этиш бўйича мулоқотга киришгани жуда эътиборлидир. Чунки, одатда, аксар мамлакатлар бу ҳақда ҳужжатни қабул қилгандан сўнггина ўйлашади. Бу Ўзбекистон тўғри йўлдан кетаётганлигини кўрсатади.

Мазкур халқаро анжуман миллий превентив механизмининг бўлажак модельи бўйича гаплашиб олиш нуқтаи назаридан долзарб аҳамиятга эга. Биз Ўзбекистон зўравонлик, одамларга ғайриинсоний муносабатда бўлишга қарши курашишга тайёр эканлигини кўряпмиз. Давра суҳбатида Ўзбекистон Омбудсмани билан ушбу йўналишдаги ишларни давом эттиришга келишиб олдик.

Айгул ТАБЕРГЕНОВА,

«Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти» халқаро ноҳукумат ташкилотининг Марказий Осиёдаги катта менежери:

— Биз халқаро мустақил ташкилотмиз ҳамда Европа иттифоқида консултатив мақомга эгамиз. Марказий Осиёда жиноят одил судлови тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатларга кўмак бериш юзасидан узлуксиз иш олиб боряпмиз. Бугун Ўзбекистонда бўлиб турганимиздан хурсандмиз. Умид қиламизки, юртингизда яқин вақт ичида миллий превентив модель ҳаётга жорий этилади.

Бизнинг ташкилот Ўзбекистонга мазкур институтни яратиш ва ривожлантириш учун кўмак беришга тайёр.

Татяна ЧЕРНОБИЛ,

«Амнестй Интернатионал» халқаро жамоатчилик ҳаракатининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси:

— Биз, шубҳасиз, Ўзбекистон Омбудсманининг миллий превентив механизмни яратиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Ишончимиз комилки, у халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг шу бўйича белгилаб берган учта мезонига тўғри келади.

Таъкидлаш керакки, ташкилотимиз бутун дунёда фаолият юритади. Биз жаҳон мамлакатларидан қатъий равишда ҳеч қандай молиявий кўмак олмаймиз ҳамда мутлақо -бетарафликни сақлаймиз. Ўзбекистон айнан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги нишонланаётган йилда мамлакатни жаҳон ҳамжамиятининг муносиб иштирокчиси бўлишига имконият яратадиган миллий превентив механизмни татбиқ этишни мақсад қилгани ҳам рамзий маъно касб этади.

Ника КВАРАСКХЕЛИЯ,

Грузия жамоатчилик ҳимоячи идорасининг превенция ва мониторинг бўлими бошлиғи:

— Грузия 2009 йилда миллий превентив механизмни жорий қилди. Давра суҳбатида ушбу модельнинг ривожланиш босқичлари, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда уларнинг олдини олиш ҳақида гапириб бердим. Ўйлашимча, бу борада бизнинг тажриба Ўзбекистон учун фойдали бўлади. Ўзбекистон таклиф этган МПМ ҳужжатининг ҳозирги ҳолати жуда яхши. Унда халқаро амалиётнинг кўплаб қоидалари ҳисобга олинган. Умид қиламанки, яқин келажакда Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколига қўшилади ва МПМни муваффақиятли амалга оширади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар