Ўзбекистон минтақанинг ахборот хабига айланадими?

18:55 18 Апрель 2018 Жамият
422 0

Дунёнинг етакчи “Amazon”, “IBM”, “Cisco”, “Microsoft”, “Alibaba” ва “Google” технологик компаниялари қатор ноёб имкониятлар тақдим этиш, ўсиш учун салоҳиятли нуқтага айланишга қодир бўлган Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираяпти. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг «Кабинет» махсус лойиҳаси доирасидаги видеоинтервьюсида айтиб ўтди.  

Унга кўра, мазкур компаниялар Ўзбекистонга эътибор қаратишмоқда, чунки МДҲ минтақасида бизнес юритиш харажатларини қисқартириш имконини берадиган маълумотларни қайта ишлаш маркази йўқ.

Қайд этилишича, Ўзбекистон улар учун яқин ўртада жойлашган мамлакатлар билан ўз амалиётлари ва фаолиятини тезкорлик билан амалга ошириш мумкин бўлган қувватни яратиш имконини беради. Бу эса охирги мижознинг мазкур компаниялар хизматларидан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик бўйича қабул қиладиган қарорига кучли таъсир ўтказади.

Масалан, бир киши Ригадан “Alibaba” компаниясининг олис Гонконгдаги серверига сўров жўнатди дейлик. У етиб бориши учун муайян вақт кетади. Унга жавоб келгунча ҳам шундай. Орада истеъмолчи ана шу харидни амалга ошириш унга энди қизиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

Бинобарин, вазир таъкидланганидек, Ўзбекистонни минтақадаги IT-марказга айлантиришга эришиш лозим. Мамлакатимиз ўзига хос ахборот хаби бўлиши мумкин. Бунинг учун юртимизга хориждан иложи борича кўпроқ мутахассислар келиши, улар бу ерда маълумотлар алмашиши лозим. Бу йўлда барча учун қулай бўлган майдон яратилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, яқинда “Amazon Web Services” (“Amazon”нинг шўъба компанияси) ходимлари республикамиз ҳукумати вакиллари билан Ўзбекистон ҳудудида қуёш панелларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази (дата-центр) қуриш имкониятларини муҳокама қилишган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга “Cisco” компанияси “ақлли” ва хавфсиз шаҳарни ривожлантириш стратегиясини, “Google Global Cache” компанияси эса маҳаллий фойдаланувчилар учун “Google” сервиси сифатини яхшилаш бўйича ҳамкорликни таклиф этганди.

“Халқ сўзи online” — xs.uzнинг мобиль иловасини ЮКЛАБ олинг!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар