«Ўзбекистон минтақа локомотивига айланмоқда»

16:54 17 Октябр 2018 Жамият
920 0

Буни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган VIII Марказий Осиё савдо форуми иштирокилари эътироф этишмоқда.

Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилаётган мазкур нуфузли анжуман нафақат минтақа, балки яқин ва олис хориж давлатлари ишбилармон доиралари учун муҳим мулоқот майдонидир. Зеро, унинг доирасида Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорлари имкониятлари билан танишиш баробарида, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик ришталарини боғлаш, энг муҳими, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш мумкин. Шу боис форум нуфузи ортиб, иштирокичилар сони йил сайин кўпаймоқда.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бу йилги форумда АҚШ, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларидан 1000 дан зиёд давлат ва хусусий бизнес вакиллари, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов, АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси муваққат ишлари вакили Алан Мельтцер ва бошқалар таъкидлаганидек, минтақа давлатларининг савдо-инвестициявий алоқалари ривожланишида Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон муҳим роль ўйнамоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан прагматик ташқи сиёсат юритилаётгани, айниқса, қўшни давлатлар билан очиқ ва дўстона муносабатлар ўрнатилгани интеграцияни чуқурлаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошишида мисли кўрилган имкониятларни тақдим этаётир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда охирги йилларда иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириш, эркин бозор тизимини чуқурлаштиришга қаратилган шиддатли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг амалий самараларини, энг аввало, валюта сиёсати либераллаштирилгани, солиқ юки камайтирилгани, бизнес юритишда барча учун бирдек тенг шароит яратиб берилгани, тадбиркорлик субъектларининг рўйхатга олиш ва лицензиялаш тартиб-таомиллари тубдан соддалаштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин. Буларнинг бари ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қиляпти.

— АҚШ учун Марказий Осиё давлатларига инвестиция киритиш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш стратегик аҳамиятга эга, — дейди АҚШнинг Савдо ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Марк Линскотт. — Айниқса, минтақа локомотивига айланаётган Ўзбекистон билан муносабатларни чуқурлаштиришдан манфаатдормиз. Шу маънода, форум давомида янада қулай савдо муҳитини яратиш, минтақа ва халқаро бозор истиқболи учун инфратузилмани такомиллаштириш, инновациялардан кенгроқ фойдаланиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинаётгани аҳамиятлидир.

Таъкидлаш керакки, VIII Марказий Осиё савдо форуми “Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар” мавзуида бўлиб ўтаётир. Зотан, анъанавий йиллик анжумандан кўзланган асосий мақсад ҳам минтақа давлатларида озиқ-овқат саноати, туризм, транспорт ва логистика соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлиги таъминлашга инвестицяиларни жалб этиш, мақбул савдо муҳитинияратишдан иборатдир.

Форум ялпи мажлисларида соҳа мутахассислари ҳамда экспертларнинг “Янги истиқболлар: Марказий Осиёда янги имкониятлар”, “Савдо ва инвестиция имкониятлари” мавзуларида маърузлари тингланиб, эркин савдо ва қулай инвестициявий муҳитни қарор топтиришда қаратилган ислоҳотлар самаралари, тадбиркорликни молиялаштиришда муқобил манбаларни излаб топиш, халқаро тўловлар механизмини такомиллаштириш сингари долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўзаро фикр алмашиш асносида амалиётга татбиқ қилинадиган инновацион ғоя ва ишланмалар, имзоланаётган бизнес битимлари 70 миллиондан ортиқ нуфусга эга минтақа давлатларининг наинки иқтисодиётини ривожлантириш, айни чоғдв аҳолиси бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир.

Форум кундалиги ғоятда ранг-баранг бўлиб, унинг доирасида савдо-кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек бошқа давлатларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари, асбоб-ускуналар ва техникалар ишлаб чиқариш концернлари, транспорт, туризм хизматлари кўрсатиш компаниялари қатнашмоқда.

Форум иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида шуъбаларга бўлинган ҳолда, туризмни ривожлантириш, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишнинг афзалликлари, санъат ва фан ривожида аёллар инновациялари, бозордан жой олишда имтиёзларнинг роли, инвестициявий жозибадорликни таъминлашда интеллектуал мулкнинг аҳамияти каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

VIII Марказий Осиё савдо форуми давом этмоқда.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019