Ўзбекистон Миллий кутубхонасида қандай ноёб асарлар сақланади?

15:05 08 Январь 2020 Маданият
506 0

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фонди нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам алоҳида эътибор топган. Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати фондида йигирма саккиз мингдан ортиқ нодир китоблар сақланади.

Жумладан, XIII-XIX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзма ва тошбосмалар, XVII-XVIII асрларда Ғарбий Европада чоп этилган китоблар ўзининг бетакрор маълумотлар манбаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда,фонда сақланаётган илк чоп этилган газета ва журналлар тадқиқотчилар томонидан қизиқиб ўрганиладиган манбалардан бири ҳисобланади.

Жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси, ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоийнинг асарлари ҳаётлик давридан то XIX аср охирларигача кўплаб хаттотлар томонидан кўчирилиб, кўпайтирилган. Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати фондида шоирнинг бир неча асари сақланяпти. Жумладан, “Маҳбуб ул қулуб“асарининг Қўқонда ҳижрий 1239/1824 йили котиб Мулла Холиқназар Уста Қурбон Бешариқий томонидан кўчирилган нусхаси бор.

Бухорода 1300/1882 йилда китобат қилинган “Хазойинул маоний“ (Маънолар хазинаси) девони, “Хамса“нинг турли йилларда Тошкентда тошбосма усулида чоп этилган нусхалари мавжуд. Ғарбий Европада босмахоналар пайдо бўла бошлагандан сўнг кўплаб нодир асарлар матбаа йўли билан чоп этилди. Жумладан, Алишер Навоийнинг қадимги шоҳликлар тарихига оид “Тарихи мулуки ажам“ асари “Тарихи Фанойи“ номида биринчи марта Венада 1785 йилда чоп этилган. “Навоий асарларидаги ўзбекча сўзларнинг форсча изоҳи” луғати Назарали Саййид томонидан тузилган. Қўлёзма китобда Алишер Навоий шеърларида учрайдиган туркий тилидаги сўзларнинг форс тилидаги таржимаси келтирилган. Луғат муқаддима, уч боб ва хотимадан иборат. Умуман олганда кутубхонанинг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати фондида Алишер Навоий асарларининг 18 та қўлёзма ва тошбосма китоблари, ҳамда 50 дан ортиқ турли давр ва минтақаларда чоп этилган нашрлари мавжуд. Француз тилидаги “Шарқий турк тили хрестоматияси”нинг биринчи қисми номли китобда Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн“ (“Икки тил муҳокамаси”), “Тарихи мулуки Ажам“ (“Эрон шоҳлари тарихи“) асарларидан шарқий турк тилини ўрганиш мақсадида матнлар келтирилган. Рус шарқшунос олими Владимир Владимирович Вельяминов-Зерновнинг “Чиғатой-туркий луғат”и Алишер Навоий асарларидан олинган сўз ва иборалар асосида тузилган. 1697 йили Парижда француз тилида нашр этилган шарқшунос Бартоломей Эрбелонинг “Bibliotheque orientale” (“Шарқ кутубхонаси” ёки “Шарқ энциклопедияси”)да Ўрта Осиёда яшаб ижод этган улуғ олим, шоир, давлат арбобларидан юзга яқини шунингдек, Алишер Навоий ҳақида хам маълумотлар келтирилган.

Шунингдек, Миллий кутубхона фонди Буюк Британия кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Ҳукуматига тақдим этилган Алишер Навоийнинг“Ғароиб ус-сиғар” асарининг муаллиф замонасига жуда яқин даврда, XVIасрда кўчириб ёзилган, китобат санъатининг ноёб дурдонаси номига муносиб қўлёзма нусхасининг электрон шакли билан бойиди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланаётган ва тарихий, илмий,бадиий, маданий қимматга эга бўлган нодир нашрларнинг библиографик ва тўлиқ матнли базасини шакллантириш ҳамда уни тўлдириш бўйича Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида дастур яратилди. Бу миллий дастурнинг афзалликлари фойдаланувчи (www.nodir.natlib.uz) Online тизимида Интернет орқали қўлёзмалар, нодир китоб, альбом, газеталар каталоги ҳамда тўлиқ матн билан танишиш имконига эга бўлади . Дастурда қўлёзмалар, нодир китоблар сақловчи кутубхона, архив, институт, музейлар маълумотлар базаси билан уланиш, айрим фойдаланувчилар учун (олимлар, мутахассис, тадқиқотчилар учун) қўшимчалар киритиш имконияти мавжуд. Мазкур дастур ёрдамида фойдаланувчига қисқа вақтда барча ахборот ресурсларини бир маконга умумлаштириш, кенг кўламли маълумотларни сифатли тақдим этиш имконини беради. Алишер Навоийнинг ушбу асари ҳам бошқа асарлари қатори каталогга тавсифи киритилди. Ушбу дастурий таъминотни самарали жорий қилиниши фойдаланувчилар, мутахассис олимларга ҳамда талаба ёшларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида фондлардан кенг фойдаланиш имконини яратади.

Наргиза ЗОИТОВА,

Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати раҳбари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019