Ўзбекистон мева ва сабзавотлари Россия вилоятларидан бирига тўғридан-тўғри етказилиши мумкин 

14:37 16 Июль 2018 Иқтисодиёт
291 0
Фото: rra.uz

Ўзбекистон Республикаси мева ва сабзавотларни Иркутск вилоятига тўғридан-тўғри етказиб беришни таклиф қилди. Бу ҳақда губернатор Сергей Левченко билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият вакиллари билан учрашувда айтиб ўтилган, дея хабар бермоқда «Интерфакс» Иркутск ҳокимияти матбуот хизматига таяниб.

Манба хабарида қайд этилишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон мева ва сабзавотлари ортилган машиналар Новосибирск шаҳрига келиб, божхонадан ўтказилмоқда. Шундан сўнг, маҳсулотлар улгуржи бозорга етказилмоқда, у ерда эса маҳсулотларни Иркутск корхоналари харид қилишади. Агар бу корхоналар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилса, мева ва сабзавотлар тезроқ етказиб берилган бўларди.

«Биз бу ерга эски алоқаларни тиклаш учун келдик. Мева ва сабзавотларни, биринчи навбатда пиёзни тўғридан-тўғри шартномалар орқали етказиб бериш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз. Биз икки томонлама савдонинг ривожланишидан манфаатдормиз», - деган учрашувда Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов.

Иркутск губернатори мутасадди вазирликлар ва «Россельхознадзор» ташкилотига маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиш масаласини ҳал қилиш бўйича топшириқ берган.

Аввалроқ, транспорт-логистика инфратузилмасининг суст ривожлангани, тез бузиладиган маҳсулотларни сақлаш терминалларининг йўқлиги, уч кунгача вақт оладиган божхона расмиятчилиги туфайли, тўғридан-тўғри етказиб бериш йўлга қўйилмай қолган эди. Ҳозирги кунда бу жараён 24 соатгача қисқарган, транспорт ва логистика муаммолари ечилган. Иркутск божхонаси ҳам Ўрта Осиёдан етказилаётган маҳсулотларни ўз вақтида расмийлаштира оляпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар