“Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ: Валюта тушуми 12 миллион долларга ошади

17:06 02 Февраль 2019 Иқтисодиёт
271 0

Пульт орқали бошқариладиган ҳайҳотдек махсус саватдаги 60 — 65 тонна темир парчалари ва бошқа қотишмалар алангаланиб турган печга ташланди. Бу пайтда печдан олов пуркалади. Унинг ёруғлиги кўзни қамаштиради, шовқини эса қулоқни қоматга келтиради. Махсус ҳимоя воситаларисиз бу ҳолатни кузатиш мумкин эмас. Чунки компьютер ўчоқдаги иссиқлик 1 600 даража эканлигини кўрсатмоқда. 55 дақиқадан сўнг оловранг суюқлик мосламалар ёрдамида турли шакл ва ҳажмдаги прокатларга, қурилишда ишлатиладиган темир маҳсулотларга айланади.

Бу — “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг юрагига қиёсланувчи электрда пўлат эритиш цехи фаолиятидан бир лавҳа.

Дарҳақиқат, бекободлик металлурглар бугун ана шундай замонавий ускуналардан унумли фойдаланмоқда. Пировардида ўтган йили комбинатда 911 мингтонна пўлат эритилди. Бу цехнинг, қолаверса, бутун бошли корхонанинг 75 йиллик тарихидаги энг яхши кўрсаткичдир. Негаки, корхона ишга туширилганидан бери бу қадар кўп пўлат ­эритилмаган эди.

Яна бир гап. Корхонада инкор қилиб бўлмайдиган қатъий қоида мавжуд. Унга кўра, электрда пўлат эритиш цехининг қандай ишлаши ­бутун бошли комбинат ­фаолиятини белгилайди. Шу боис 847 нафар ўз касбининг устаси меҳнат қилаётган ­жамоада пўлат эритишнинг замонавий технологиялари мунтазам равишда ўзлаштириляпти.

Цехнинг катта пўлат ­эритувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Алим Тўйчиевнинг айтишича, бу, ўз навбатида, меҳнат самарадорлигини таъминлаши баробарида, электр энергияси, ўтга чидамли материаллар ва графитланган электродлар сарфини камайтиришда ҳам қўл келмоқда.

Бундай ижобий ўзгаришлар прокат маҳсулотлари миқдорида ҳам кўзга яққол ташланади. Яъни бир йил мобайнида комбинатда аввалги йилдагига нисбатан 333 857 тонна кўп прокат маҳсулотлари тайёрланиб, ўсиш суръати 146 фоизни ташкил этди.

Якунланган йил металлург­лар учун баракали бўлди, дейишга асослар етарли. Хусусан, бу ерда инвестиция дастурлари асосида йилига 15 минг тонна ферросилиций ва 10 минг тонна ферросиликомарганец ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани унинг фаолиятини янада кенгайтирди. Натижада жорий йилдан эътиборан биринчи марта ферросилиций ва ферросиликомарганец экспорт қилина бошланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бу орқали йилига 12 мил­лион АҚШ доллари миқдорида ­валюта келиб тушади. Муҳими, харидор бор.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, ферроқотишмаларга бўлган талаб мунтазам ошиб бормоқда. Демак, мазкур ло­йиҳанинг келажаги порлоқ.

Ферросилиций ва ферросиликомарганец шу пайт­гача бизга четдан келтирилганини, бунинг учун ҳар йили 17 миллион доллар миқдоридаги маблағ сарфланганини инобатга олсак, унинг аҳамияти қанчалик юқори эканлигини англаш қийин эмас.

Комбинатнинг рангли металлар ишлаб чиқариш цехида ўтган йили мис ва унинг қотишмаларидан 60,3 миллиард сўмлик 1 177 тонна тасмалар ўрами, шу жумладан, енгил ҳамда юк автомобиллари радиаторлари учун мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга жў­натилди. Бу ҳам ушбуцехнинг ўз тарихида қўлга киритган энг юқори кўрсаткичидир.

Эътиборлиси, тайёр маҳсулотнинг 71 фоиздан ортиғи Россия, Қирғи­зистон, Тожикистон, ­Туркия сингари давлатларга сотилди. Экспорт тушуми 5,37 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Тошдан тола олса бўладими? “Қаловини топса қор ҳам ёнади”, деганларидек,ишловини уддаласа, тошдан юмшоқ маҳсулот олса бўлар экан. Бу натижага корхонанинг иссиқлик ўтказмас материаллар ишлаб чиқариш цехи жамоаси эришди. Россия ва италиялик мутахассислар билан ҳамкорликда қурилган, замонавий янги технологиялар асосида ишлайдиган мазкур участкада том маънодаги мўъжизанинг гувоҳи бўлиш мумкин. Бу ерда қурилишда ишлатиладиган, иссиқлик ва совуқлик ўтказмайдиган сим тўрли матлар, иссиқхоналар учун гидропоника плиталари тайёрланмоқда. Ҳар икки маҳсулот бир қарашда майин тўшакни эслатади. Енгил ва бежирим. Мазкур юмшоқ маҳсулотларнинг хом ашёси базальт ва оҳак тошлари ҳисобланади. Ишониш қийин, лекин бу — ҳақиқат.

Тайёр маҳсулотнинг бир куб метри 4 килограмм тош босади. Хом ашёсининг шунча ҳажмиэса 1600 килограммни ташкил этади. Маҳсулот ҳажм бирлигини ўзгартирмай, унинг вазнини 400 марта камайтириш асосида тошни толага айлантиришнинг ўзи бўлмаса керак.

— Базальт ва оҳак тошлари махсус печларда 1500 — 1600 даража иссиқликда эритилади, — дейди цех бошлиғининг ўринбосари Шерзод ­Шарипов. — Олинган маҳсулотга ҳар дақиқада 1600 марта айланадиган дисклар ёрдамида ишлов берилади. Натижада узун толалар ҳосил бўлади.

Мутахассис жараённи ўта содда ва жўн тушунтирди. Аслида, у жуда мураккаб ва кўпқиррали юмушдир. “Ақлли” асбоб-ускуналар, замонавий ­бошқариш технологиялари ҳар бир жараённи ­назорат қилиб туради.

Хом ашё табиий бўлгани учун маҳсулот ҳам ­экологик тоза.

Ўзбекистон металлургия комбинатида яқинда қуюв-прокатлаш маж­муаси қурилишига тамал тоши қўйилгани ҳам ­тарихий воқеалардан бири бўлди. Мазкур мажмуа фойдаланишга топширилгач, комбинатда ишлаб чиқариш ҳажми икки баравар ошади. Дарвоқе, комбинатда 2018 — 2022 йилларда 474,5 миллион АҚШ доллариликдан зиёд 13 та инвес­тициявий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Демак, бу ерда келгусида янада кўпроқ янгиликларга қўл урилади.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019