Ўзбекистон меҳмонхоналарида смайликли терминаллар пайдо бўлади

11:58 02 Август 2018 Жамият
237 0
Фото: CNN

Юртимизда Финляндиянинг HappyOrNot мижозларга хизмат кўрсатиш учун терминаллар ишлаб чиқарувчи компанияси тизими асосида меҳмонхоналардаги сервис хизматларини баҳолаш дастури ҳаётга татбиқ этилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Қўмита Interactive System компанияси билан ҳамкорликда хизмат кўрсатиш тизимлари мониторинги ва сифат бошқаруви(Hospitality Contract) дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича ишларни бошлаб юборди. Ушбу ташаббусни шу йил 1 сентябрдан амалда қўллаш режалаштирилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад мижозларнинг аэропортлар, меҳмонхоналар, меҳмон уйларида кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш даражасини ошириш, ишчи-ходимлар жавобгарлигини кучайтириш ҳамда мижозларнинг салбий баҳосига ўз вақтида эътибор бериб, унга оператив жавоб қайтаришдир.

Жойларга ўрнатиладиган стандарт терминалларида смайликлар тасвири туширилган тўртта тугма бўлади. Мижозлар ўзларига кўрсатилган сервис хизматларидан мамнун ёки норози эканликларини, хизмат даражасини билдириш учун ана шу тугмалардан бирини босади.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан хизмат кўрсатувчи ва мижоз ўртасида ўзаро автоматлаштирилган алоқани йўлга қўйиш таклифи тасдиқланганди.

Бундай дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши туризм инфратузилмаларида хизмат кўрсатиш сифатини кўтариш, компанияларга мижозларнинг фикр-мулоҳазаларига тезкорлик билан муносабат билдириш имконини беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар