Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ташкил этилди

19:42 28 Август 2020 Жамият
321 0

Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ташкил этилди. Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 26 август куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси V Қурултойи” доирасида шу ҳақида маълум қилди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда «Янгиланаётган Ўзбекистон» шиори остида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда туризм, маданият ва спорт соҳалари ҳам туб янгиланиш босқичидан ўтиб, мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, — деди Бош вазир ўринбосари. — Ўз навбатида, ушбу соҳалардаги, айниқса, туризм соҳаси ривожланишининг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари ва яратилаётган минглаб иш ўринлари, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларининг жадал шаклланиб бориши бугунги учрашувимизнинг асосий сабабларидан деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасидан ажратиб чиқариш йўли билан Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорга келиниши тобора сафи кенгайиб бораётган ушбу соҳалардаги меҳнат муносабатларидаги низоларни барвақт олдини олиш ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти топшириғига мувофиқ, туризм, маданият ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Туризм, маданият ва спорт масалалари бўйича қўшма ҳайъати ташкил этилгани қўшимча қилинди. Қурултойда маълум қилинишича, тизимда мавжуд сиҳатгоҳларни қайта таъмирлаш ва янгиларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган, меҳнат жамоаларининг сифатли дам олиши ва уларнинг фарзандларига қулайлик яратиш мақсадида тизимда қатор туристик компаниялар ташкил этилган, Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Хива шаҳарларида меҳмонхона ва болалар оромгоҳлари барпо этилиб, бугунги кунда фойдаланиб келинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг бевосита кўмагида Россия ва Беларусдаги турли касаба уюшмалари вакилларининг Ўзбекистонга таништирув турлари ташкил этилгани алоҳида эътироф этилиб, улар томонидан келгусида меҳнат жамоаларининг диёримизга саёҳати кутилаётгани қайд этилди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда 260 минг киши бевосита туризм соҳасида иш билан банд ва ҳозирги пандемия даврида уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга зарур ёрдам кўрсатишда касаба уюшмаларининг ўрни катта, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Қолаверса, сўнгги вақтларда юртимизда янгидан янги замонавий саёҳат ва дам олиш масканлари, даволаниш комплекслари очилмоқда.

Касаба уюшмалари томонидан ишчиларининг шу жойларга йўналтирилиши ҳам туризм соҳаси ривожи учун катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бундан ташқари, касаба уюшмаларимиз халқаро йўналишда — МДҲ давлатлари, айниқса Россия, Беларус каби мамлакатлардаги ҳамкор касаба уюшмалари, йирик ишлаб чиқариш уюшмалари ва бошқа жамоат ташкилотлари аъзоларини Ўзбекистонда дам олиш, даволаниш ва саломатликларини тиклаш учун жалб қилишга доир катта ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, касаба уюшмалари бизнинг муҳим ҳамкорларимиз ҳисобланади, бу каби ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга тайёрмиз!

Пандемиядан бошқа соҳаларга нисбатан кўпроқ зарар кўрган туризм соҳасини ички туризм оқимлари орқали тиклаш бугун олдимиздаги долзарб масалалардан ҳисобланади. Бунда, албатта, меҳнат жамоаларини ўз қошида бирлаштира оладиган касаба уюшмалари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Сўз сўнгида Азиз Абдуҳакимов касаба уюшмалари вакилларини меҳнат жамоаларининг Ўзбекистон бўйлаб (карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда) тизимли саёҳати амалга оширилишида ҳамда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 20 дан ортиқ соҳа хизматчиларининг қайта иш билан таъминланишига ҳисса қўшишга чорлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?