Ўзбекистон Хитой гилос бозорида қандай қилиб АҚШнинг ўрнини эгаллаши мумкин?

12:19 23 Июль 2019 Иқтисодиёт
223 0

Иллюстратив фото

Аввало таъкидлаш жоиз, 2017 йилда Хитойга деярли барча гилос АҚШдан келтирилган эди. Божлар кўтарилиши билан вазият ҳам ўзгарди.

Натижада Хитой бозорида Америка гилоси ҳиссаси 38 фоизгача қисқариб кетди. Ваҳолонки, бу кўрсаткич 2018 йилда 80, 2017 йилда қарийб 100 фоиз эди. Энди унинг ўрнини Ўзбекистонда етиштирилган гилос аста-секин эгаллаши мумкин. Сабаби юртимизнинг бу борадаги улуши 0 фоиздан 50 фоизга кўтарилди. Бу ҳақда Reuters маълум қилди.

Айнан гилос ҳам АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши “қурбони”га айланди, деб ёзади манба. Хитой божхона органлари хабарига кўра, 2000 йилдан 2017 йилгача нолдан 200 млн. долларгача етган бизнес бугунги кунга келиб ҳажм бўйича ўз чўққисининг ўндан бирини эгаллаган холос.

Америка гилосларига нисбатан импорт тарифлари 50 фоизгача оширилгач, Пекин Марказий Осиёдан маҳсулотлар импортига тегишли қоидаларни юмшатди. Ўзбекистон бундан биринчилардан бўлиб фойдаланди, бироқ АҚШга етишга ҳали бор. Чунки ҳозир ортилаётгани юк шу қадар кам, талаб эса шу қадар каттаки, оқибатда Хитойда гилос топиш муаммога айланди. Буни шундай изоҳлаш мумкин: АҚШдан маҳсулот етказиб бериш касодга учрагандан сўнг Хитойда гилоснинг умумий импорти кескин камайиб кетди. Гап шундаки, 2019 йил май ойида бор-йўғи 187 тонна гилос олиб келинди. Холбуки, 2018 йилнинг шу ойида мазкур кўрсаткич 337 тонна, 2017 йилда эса 1505 тоннага тенг эди. Фарқ, кўриб турганингиздек, анча сезиларли.

Ушбу ҳолатдан АҚШда гилос етиштириш билан шуғулланадиган ХХРнинг бир нечта компанияси зарар кўрди. Улардан бирининг раҳбари Виктор Ваннинг айтишича, Америка гилосларини Хитойда машҳур қилиш ва ҳатто Канададан ҳам кўпроқ Чин ўлкасига сотилишига эришиш учун 17 йил вақт сарфланган. Маркетинг, лобби деганларидек.

Ҳаммаси 2018 йилда тарифларни ошириш бўйича иккита раунддан сўнг рўй берди. Ўшанда импорт божларига 40 фоизлик пункт қўшилган эди. Хитойликлар умуман гилоссиз қолиб кетмасликлари учун ХХР расмийлари Марказий Осиё маҳсулотларига жўнатишдан олдин 21 кун совуқ ишлов бериш бўйича чекловни олиб ташлади, бу экспортни енгиллаштирди. Зараркунандаларга қарши курашишда эса фумигация(қишлоқ хўжалигида экин ва молларнинг касалликларига ҳамда зараркунандаларига қарши кураш усулларидан бири, яъни тутун бостириш) усулини илгари сурди.

Бу эса илгари америкалик импортчилар билан умидсиз рақобатга киришган тадбиркорларга янги имкониятлар очиб берди.

Улардан бири узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги турли лойиҳаларга инвестиция киритиб келаётган Zhejiang Fishing E-Commerce Co бош директори Чжу Цзяньфэндир. Унинг компанияси жорий йилда илк бор Ўзбекистондан Хитойга 300 тонна гилос экспорт қилди.

Чжу Ўзбекистонда ишлов бериш технологиялари йўқ эканлигига ҳам тўхталиб ўтар экан, бу ерда етиштирилган гилоснинг яроқлилик муддати беш кун бўлса, Америкадагиси эса икки ҳафта сархил ҳолатда туришини таъкидлайди. Шунга қарамай, Чжу тушкунликка тушмай, аксинча, ўз инвестициялари ҳисобига Ўзбекистонда совуқ усулда ишлов бериш технологияларини модернизация қилишга кўмак беришни режалаштираётганини билдирган. Шу йўл билан 2020 йилга келиб Ўзбекистондан ХХРга гилос етказиб бериш ҳажмини 5000-10000 тоннагача етказмоқчи.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушлари инобатга олинса, яқин вақт ичида унга ушбу мақсадини амалга оширишда ҳеч нарса тўсқинлик қила олмаслиги ойдинлашади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019