Ўзбекистон Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгашида кузатувчи давлат мақомини олди

20:20 02 Июль 2020 Иқтисодиёт
326 0

Грузия раислигидаги Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгашининг (IOС) 111-ялпи ялпи мажлиси видеоконференсалоқа шаклида ташкил қилинди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Кенгаш ялпи мажлисида унга аъзо давлатлар — Албания, Жазоир, Миср, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Грузия, Эрон, Исроил, Иордания, Ливан, Ливия, Черногория, Марокаш, Фаластин, Тунис, Туркия, Уругвай ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар — Аргентина, Ўзбекистон ва Сурия вакиллари иштирок этди.

Тадбир очилишида «IOС» президенти Георгий Сванидзе сўзга чиқиб, иштирокчиларни кенгашга аъзо бўлиш тўғрисидаги Ўзбекистон аризаси тўғрисида хабардор қилди ва мамлакатимиз вакилларини Ўзбекистоннинг ташкилотга кузатувчи мақомини олгани билан табриклади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг «IOС»га аъзо бўлиш қарори нафақат Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши обрўсини мустаҳкамлайди, балки мамлакатда зайтун ишлаб чиқаришни ривожлантиришга имкон беради.

Тадбирда Грузия атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги вазири Леван Давиташвили, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев, шунингдек, Туркия савдо вазири ўринбосари Сезай Ужармак маърузалар билан иштирок этишди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, мамлакатда зайтун экинларини етиштириш истиқболлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистонда зайтун етиштириш уни минтақавий ва глобал миқёсда етказиб бериш занжирини ривожлантиришда янги имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, мамлакатимиз фермер ва ишлаб чиқарувчилари учун янги савдо бозорларини тараққий эттиришга имкон беради.

Тадбирда, шунингдек, ушбу соҳани ривожлантириш учун Ўзбекистонга янги билим ва технологияларни жорий этишга қодир зайтун ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар билан яқин ҳамкорлик зарурлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши билан ҳамкорлиги мамлакатда зайтун саноатини ривожлантириш ва зайтун плантацияларини кенгайтириш учун шароит яратади.

Ўз навбатида, онлайн мажлисда иштирок этган делегациялар раҳбарлари бир овоздан Ўзбекистоннинг кенгашга кириш истагини қўллаб-қувватладилар.

Эслатиб ўтамиз, «IOC» 1959 йилда, «Зайтун мойи тўғрисида»ги халқаро шартнома (1956 йилда қабул қилинган) негизида ташкил этилган. Кенгаш асосчилари Ўрта ер денгизидаги Европа ва Африканинг 11 та мамлакати ҳисобланади.

Ташкилотнинг бош қароргоҳи Испания пойтахти Мадрид шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда кенгаш зайтун мойи ва зайтун ишлаб чиқарувчиларнинг қарийб 80 фоизини, уни экспорт қилувчиларнинг эса 98 фоизини бирлаштиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?