Ўзбекистон келаси 20 йил ичида қарийб сувсиз қолиши мумкин. Ечим нима?

14:12 12 Август 2019 Жамият
256 0

Харита Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида ҳозирданоқ ўта сув тақчиллигини кўрсатади.

Дунё аҳолиси сони ўсиши, гўшт истеъмоли ошаётгани, суғорма деҳқончилик, иқлим исиши ва иқтисодий ривожланиш биргаликда дунёда сув захиралари камайишига олиб келмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Жаҳондаги 400 минтақа ёки ҳудудда ҳозир сув ўта тақчил.

Бу борадаги тадқиқотларни эълон қилган WRI ёки Жаҳон Захиралари Институтига кўра, сув етишмаслиги сабаб миллионлаб одамлар бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлиши, урушлар ва сиёсий нотинчликлар юзага келиши мумкин.

Туркманистон аллақачон Марказий Осиёдаги энг сув тақчил мамлакат. Иккинчи ўринда эса - Ўзбекистон.

Аммо келаси 20-25 йил ичида Ўзбекистон ҳам жаҳондаги энг сувсиз давлатларда бирига айланиши кутилади.

Сув - халқаро муаммо

Энг кўп чучук сув дунёда суғориш учун ишлатилади. Кейинги ўринда саноат келади.

Бугун Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Ботсвана, Эретрия ва Туркманистонда сув жуда тақчил.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам аллақачон сув тақчиллиги сезилади.

Чили ва Туркиянинг қатор минтақаларида ҳам сув етишмайди.

Хитой ва Россияда сув захиралари етарли, аммо бу икки мамлакат пойтахтлари - Пекин ҳамда Москвада сув кам.

Европада эса Италия ва Испания бугун сув тақчиллиги муаммоасига юз тутмоқда. Бир сабаби - туризм.

Сув қаерга кетмоқда?

Охирги ярим асрдан кўпроқ вақт ичида ёки 1961-2014 йиллари давомида дунёда сув истеъмоли 2 ярим баравар ошган.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун чучук сувнинг 67% сарфланади.

Ўзбекистонда, масалан, пахтани суғориш учун ишлатилган сув туфайли Орол Денгизи қуриган.

Бу нафақат сув тақчиллигини кучайтираяпти, балки Ўзбекистон экологиясини ҳалокат ёқасига келтириб, инсонлар саломатлигига жуда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Дейлик, Ўзбекистон ҳудудининг ярмидан кўпи шундоқ ҳам Қизилқум саҳроси ва унга ёндош чўл-дашт минтақаларидан иборат.

Бунинг устига, Орол денгизи ўрнида янги, Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Бу саҳро эса пахтадан чиққан пестицид ва бошқа заҳарли ўғитларга бой.

Шамол учирадиган бу заҳарли моддаларни юзлаб чақирим узоқда яшовчи миллионлаб одамлар ҳаво орқали ютишади.

Ўзбекистон ҳозир Орол ўрнида саксовул экиб, бу қумларнинг осмонга кўтарилишини жиловлаб, одамларнинг яшаши учун шароитларни яхшиламоқда.

Аммо Орол тубини ўрмонга айлантириш учун ҳали 150 йил вақт керак.

Бутун дунёда чучук сувга эҳтиёж ошиб бормоқда.

Бир ечим - инсонлар мол гўшти ейишни камайтириши керак. Чунки қорамол учун кўп сув кетади.

Шунингдек, пахта каби экинлар ҳам сувталаб саналади.

Тожикистон ва Қирғизистон тоғларидаги музликлар ҳам иқлим исиётгани сабабли жадал эримоқда.

Расмийлар аллақачон қатор музликлар кичрайгани ё чекинганини айтишган. Келаси ярим аср давомида бу жараён тезлашиши мумкин.

Сув ва уруш

Шундоқ ҳам нотинч давлатларда сув тақчиллиги уруш учун янги сабаб бўлади.

БМТнинг Саҳролашишга Қарши Конвенциясига кўра, чўл ва ярим чўл минтақалардаги аҳвол ҳозиргидек давом этса, 2030 йилга бориб, дунёда 24 миллиондан токи 700 миллионга яқин одам ўз уй-жойларини ташлаб, бошқа яшайдиган жой излашга мажбур бўлишади.

Исроил, Ливия, Яман, Афғонистон, Сурия ва Ироқ каби давлатларнинг аксариси нотинч.

Сув тақчиллиги эса бу мамлакатларда тинчлик ўрнатишни қийинлаштириб, янги низоларни келтириб чиқаради.

Миллионлаб қочқинлар келиб ўрнашган Иордания ва Туркияда ҳам қатор ҳудудларда сув етишмайди.

Сувни тежаб ишлатиш, қайта ишлаш ҳамда сув истеъмолида энг сўнгги технология ва инновацияларни қўллаш муаммога ечим бўлиши мумкин.

Сингапур "Тўрт жўмрак" номли сув йиғиш тизимини ишга туширган.

Исроил дунёдаги сувни энг кўп қайта ишловчи давлат ва бу борада сўнгги технологияларни ишга солади.

Айрим мамлакатларда денгиз сувини кичик миқёсда чучуклаштириш тажрибалари йўлга қўйилган.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019