Ўзбекистон кейинги йили туристлар учун оммабоп бўладиган ҳудудлар рейтингида юқори ўринда қайд этилди

18:16 16 Ноябрь 2018 Welcome to uzbekistan
815 0

Фото: Спутник

Дунёга машҳур “Lonely Planet” сайтида Канаданинг “G Adventures” сайёҳлик компанияси экспертлари фикри асосида келгуси йилда энг оммабоп бўладиган 10 та туристик йўналиш эълон қилинди.

Мазкур рўйхатдан айни пайтда улкан ислоҳотлар ва сиёсий ўзгаришларни бошдан кечираётган ҳамда юксалаётган мамлакатлар жой олган. Изоҳланишича, ушбу давлатларга сафар уюштириш қизиқ бўлиши билан бирга, осонлашиб ҳам боряпти.

Биз учун аҳамиятли жиҳати, рейтингда Ўзбекистон иккинчи ўринда қайд этилди. Мутахассислар 2018 йилда юртимизда визага оид талаблар юмшатилгани ва электрон виза тизими жорий қилинганини алоҳида кўрсатиб ўтишган.

“G Adventures” эътирофига кўра, Марказий Осиё давлатларига бўлган қизиқиш асло сусайгани йўқ. Масалан, охирги беш йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар оқими 72 фоиз ўсган. Мутахассислар рўйхатни шакллантиришда компания маълумотлари ва истеъмолчиларнинг фикрларига таянишган.

Ўнталикда биринчи поғонани Япония эгаллади. Бу ерда 2019 йилда регби бўйича жаҳон чемпионати, 2020 йилда эса ёзги Олимпия ўйинлари ташкил қилинади. Айтиб ўтганимиздек, иккинчи ўринда Ўзбекистон, кейин Сенегал, Тайвань, Шри-Ланканинг шимолий провинциялари, Иордания, Исландия, Эфиопия, Италия, Патагония жойлашган.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, “Lonely Planet” ўрта синф сайёҳлари учун тавсиялар, маслаҳатлар эълон қилиб борадиган дастлабки нашриётлардан бири ҳисобланади. Унга 1972 йилда асос солинган. 2007 йилда “ВВС”нинг “BBC Worldwide” тижорат агентлиги томонидан сотиб олинган. “Lonely Planet” 500 номдан зиёд туристик йўналишлар, маслаҳатчи қўлланмалар ва саккиз тилда сўзлашув китоблари чиқарган. Уларнинг йиллик адади 6 миллион нусхага етади.

“G Adventures” компанияси эса кичик гуруҳлар учун саргузашт туризмини ташкил этишга ихтисослаштирилган. У 1990 йилда Канаданинг Торонта шаҳрида очилган. Дунё бўйлаб 28 та офиси мавжуд ҳамда 100 дан ортиқ мамлакатга 700 га яқин турларни таклиф этади. Ҳар йили 162 та давлатдан 200 минг сайёҳга хизмат кўрсатади.

Маълумот учун, Охирги беш йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар оқими 72 фоиз ўсган.

С. МАХСУМОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019