Ўзбекистон ипак экспортида Хитой ўрнини эгаллаши мумкин

13:56 13 Апрель 2018 Иқтисодиёт
996 0

Илгари фақат аслзодалар доирасигагина хос бўлган ипакли кийим-кечаклар бугун дунё аҳолисининг барча қатлами орасида урфга кирмоқда. Сабаби, ипакли матолар табиийлиги, киши танасига хуш ёқувчи майинлиги, энг асосийси, жозибали ранги билан хотин-қизларни мафтун этган. Шу боис ипакчилик саноатида бой тажрибага эга Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талаб тобора ортмоқда.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналарда 2018 йилнинг биринчи чорагида 165 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 19,7 миллиард сўмлик халқ истеъмол моллари, 683,3 тонна хом ипак, 1034 минг погон метр  ипакли газлама ишлаб чиқарилиб, режадагига нисбатан 2,3 марта кўп, яъни 9,6 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиётлари бажарилгани бунинг яққол далилидир. 

Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбек ипаги: янги ислоҳотлар давридаги муҳим вазифалар ижроси” мавзуидаги анжуманида шу ҳақда маълумот берилди. 

— Юртимизда соҳани ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани туфайли ўтган бир йил ичида пиллачилик тармоғи қайта оёққа туриб, ривожланишнинг инновацион йўлига ўтди, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Олимжон Жумаев. — 2017 йилда икки марта, жорий йилда эса уч марта ипак қурти парваришланиши чет элик ҳамкорларимизда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки пилла етиштириш ҳажми ортиб, қайта ишлаш корхоналарининг хом ашё бўлган эҳтиёжини таъминлаш суръати тобора ортмоқда. 

Дарҳақиқат, уюшма ташкил этилгунга қадар тизимдаги пиллани қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан таъминлаш даражаси 17 фоизга тушиб қолган эди. 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, ушбу кўрсаткич 54 фоизга чиқарилгани қувонарли ҳол, албатта. Бундан ташқари, шу пайтгача фақат хом ипак ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда унинг сафига ипак момиғи, тайёр мато ҳам қўшилди. Ҳадемай, янги қувватларнинг ишга туширилиши ҳисобига тут баргидан чой, ипак қурти ғумбагидан мой ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Умуман олганда, 2021 йилгача ипакдан камида 6 турдаги рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспортга йўналтирилади. 

— Мода йўналишида ипакли газламалар билан ишлаш жуда осон, — дейди БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО)нинг Марказий Осиё бўйича менежери Анита Траваини. — Чунки унинг ёрқин ранглари, нафислиги ва ўта пишиқлиги ҳар қандай мавсумга мос либослар коллекциясини яратиш имконини беради. Шу боис кейинги пайтда Европада ипакли газламаларга бўлган талаб ортмоқда. Биз ўзбекистонга келиб, унинг ушбу соҳада юксак салоҳиятга эга эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Соҳани ривожлантириш йўлида ҳамкорлик қилиш, бунинг учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишга тайёрмиз. 

Бугун жаҳон бозорида ипак маҳсулотлари етказиб беришда Италия етакчилик қилмоқда. Ўтган йили 1 миллиард евролик ипак матолар экспорт қилингани фикримиз тасдиғидир. Қизиқ жиҳати шундаки, бунинг учун зарур хом ашё Хитойдан олиб келинади. 

— Бугун янги бозорларга кириш, янги ҳамкорлар топиш ҳаракатидамиз, — дейди Италиянинг “Ongetta” компанияси ижрочи директори Франческо Онжетта. — Ўзбекистон улар орасида етакчи бўлиши мумкин. Бу ерда ипакчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор савдо-сармоявий алоқаларни йўлга қўйишга ундамоқда. Биз юқори сифатли ўзбек ипагини харид қилиш, биргаликда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишдан манфаатдормиз.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, уюшма томонидан АҚШ, Австралия, Канада, Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея, Италия, Швейцария, Буюк Британия, Австрия, Венгрия, Словакия каби давлатлар билан ипакчилик, туризм соҳаларида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, биргаликда йирик лойиҳалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.  

        
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар