Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Афғонистонда Ўзбек тили кунини нишонлашда иштирок этди

12:37 21 Октябр 2020 Жамият
280 0

Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида Кобул шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбек тили кунини нишонлаш байрам тантаналарида иштирок этди. Афғонистон томонидан тадбирда Президент Ашраф Ғани ҳамда мамлакатнинг олий раҳбарияти иштирок этди

Жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган икки мамлакат халқлари умумий аждодлари маданий меросини асраб-авайлашга катта эътибор қаратгани учун Ўзбекистон ҳукумати номидан дўст Афғонистон ҳукумати ва халқига чуқур миннатдорлик билдирилди, дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Анжуман қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда ўзбек ва афғон халқлари тарихий тараққиёти ягона илмий ва маданий маконда, замонда рўй бергани маданият ва анъаналар яқинлигини сақлаб қолиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида мустаҳкам дўстона муносабатлар шаклланиши учун шарт-шароит вужудга келишига имкон бергани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари ривожида муҳим қадам бўлган ушбу тадбир келгусидаги маданий, илмий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш учун кучли рағбатлантирувчи омил бўлишига қаратилгани қайд этилди. 

Тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Афғонистон жамоатчилиги аъзолари ҳам сўзга чиқдилар.

Эътироф этиш керак, Афғонистонда 21 октябрь – расмий жиҳатдан байрам куни - Ўзбек тили куни деб эълон қилинган. Афғонистон Конституциясига мамлакатнинг расмий тилларидан бири сифатида киритилган ўзбек тили Афғонистоннинг 10 вилоятида кенг тарқалган ва йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Афғонистонда ўзбек тилида бир неча телеканаллар, ўнлаб радиоканаллар эфирга узатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?