Ўзбекистон ҳудудида етиштирилмайдиган, аҳоли талаби юқори бўлган барча маҳсулотларнинг импортига рухсат бор​ — "Ўздавкарантин" вакили

15:18 24 Апрель 2020 Иқтисодиёт
447 0

“Ўздавкарантин“ инспекцияси Ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова АОКАда бўлиб ўтган брифингда соҳада учраётган долзарб саволларга жавоб қайтарди.

У, жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида етиштирилмайдиган, аҳоли талаби юқори бўлган барча маҳсулотларнинг импортига рухсат борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

"Масалан, бундай маҳсулотлар сирасига цитрус меваларни киритиш мумкин, — деди у жумладан. — Аҳолининг лимон маҳсулотларига бўлган йиллик талаби 125 минг тонна ва йиллик етиштирилаётган лимон маҳсулоти 30 минг тонна эканини инобатга олиб, йилнинг май, июнь ва август ойлари учун республикага хориждан лимон маҳсулотлари импортига рухсат бериш мумкин.

Бу каби маҳсулотлар учун экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини бўйича ваколатли органи томонидан фитосанитар сертификат тақдим этилиши лозим. Мазкур сертификат асосида электрон ариза топширилади. Авваллари бундай мурожаатлар 30 кун давомида кўриб чиқилган бўлса, ҳозирда 3 кун ичида "Ўздавкарантин" инспекцияси томонидан Республикага импорт бўлиши учун карантин рухсатномаси расмийлаштириб берилади".

Ўз навбатида "Ўздавкарантин" инспекцияси томонидан мамлакат экспорт ҳажмини ошириш мақсадида қатор давлатлар билан музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Хусусан, Ҳиндистонга 37 хил мева-сабзавотларни экспорт қилишга рухсат олиниб, яна 15 хил маҳсулот учун музокаралар олиб бориляпти. 

Жанубий Кореяга 36 хил мева сабзавот экспорти учун рухсат олиниб, яна 14 хили учун музокаралар давом этмоқа.

Японияга 64 хил мева-сабзавот экспортига рухсат олиниб, яна 11 хил маҳсулот учун музокаралар олиб бориляпти.

Хитойга 14 хил мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти учун рухсат олиниб, яна 16 хил маҳсулотлар учун музокаралар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?