Ўзбекистон — Грузия: Ҳамкорликнинг янги уфқлари

12:08 12 Март 2018 Сиёсат
474 0

Ўзбекистон ва Грузия халқлари ўртасида азалдан дўстлик ҳамда ўзаро ҳурмат қарор топган. Уларнинг ўхшаш жиҳатлари ҳам кўп. Одамлари меҳнатсевар, тарихи буюк, замини гўзал ва бетакрор. Пурвиқор тоғлару сўлим табиат, шифобахш сувлару унумдор тупроқлар, чин маънода, икки халққа туҳфа этилган инъомдир.
Юртимизнинг воҳадан водийгача узанган тоғларию тўрт фасл мужассам табиати қанчалик машҳур бўлса, Грузиянинг сўлим манзараларидан тортиб, Боржоми водийсининг шифобахш сувлари ҳам шунчалик донгдордир.
Таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ўзбек халқини ўз халқидек эъзозлаб, юксакларга кўтарган бўлса, асарларида чин ватанпарварлик ҳамда мардликни тараннум қилиш учун грузин миллати вакилларини қаҳрамон этиб танлагани бежиз эмас, албатта.
Бугун ўзбек ва грузин халқлари ўртасида ҳам иқтисодий, ҳам маданий алоқалар тобора ривожланиб, тараққий топиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда ўзининг АҚШга ташрифи доирасида Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик юзасидан мулоқот ўтказгани фикримиз далилидир.
Маълумки, Грузия Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижий мамлакатларнинг бозорларига олиб чиқиш учун муҳим транзит давлат ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ҳамда электр техникаси жиҳозлари экспорт қилиш билан бирга, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор.
Жорий йилнинг 22-23 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи Тбилисида бир қатор вазирликлар, идора ва компаниялар вакиллари билан учрашди. Ташриф мобайнида темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро транспорт коридорларидан самарали фойдаланиш ҳамда икки давлат темир йўллари орқали транзит юкларини ташиш ҳажмини кўпайтириш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу музокараларнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида Грузия томонидан барча турдаги ўзбек маҳсулотларининг ташиб ўтилиши учун 50 фоиз чегирма тақдим этилганини таъкидлаш ўринли.
Заминимизда етиштирилаётган лимон кўчати 1932 йилда айнан Грузия мамлакатидан олиб келингани ва тажрибали боғбонларимиз томонидан иқлимимизга мослаштирилгани ҳам бугун кўпчиликка аён бўлса керак. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг бир нечта ҳудудида Грузия ноклари, Греция олхўри ҳамда шафтолиси, Ҳиндистоннинг данаксиз аноригача пайвандлаш усулида кўпайтирилаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Шу ўринда яна бир гап. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соҳибкор, Давлат мукофоти соҳиби, фахрий академик Ризамат ота Мусамуҳамедов ўзининг ҳаёти ва фаолияти давомида узумнинг ўнлаб навларини яратди, токни яшартириш усулини жорий қилди. Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудуди ҳамда қўшни давлатларнинг бир қатор туманларида, ҳатто Грузия ва Арманистонда ҳам минглаб гектар ерларда намунавий токзор ҳамда боғлар яратишга бош бўлгани ҳар қандай кишида фахр ҳиссини уйғотади. Ўзбек боғбонининг узум етиштириш усуллари бугунги кунда ҳам ўнлаб хорижий мамлакатларда эътироф этилиб, амалиётга киритилмоқда.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат қишлоқ хўжалиги, балки адабиёт ва санъат йўналишида ҳам муҳим ўрин тутади, десак, тўғри бўлади. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Корнелий Кекелидзе номидаги Грузия Миллий қўлёзмалар маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши кутубхона ва фонд ишини янада такомиллаштириш, тажриба алмашиш, миллий меросни ўрганишга хизмат қилади. Эътиборли жиҳати, бу учрашувда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг Грузия Миллий қўлёзмалар марказида сақланаётган қўлёзмаларидан фотонусхалар тақдим этилди.
Ўзбекистонда ҳар йили Грузия маданияти кунлари ўтказилиб, унда ушбу миллатнинг кино, тасвирий санъат ҳамда бошқа кўплаб соҳалардаги янгиликлари юртдошларимизга ҳавола қилиб келинади.
Ўзбек адабиёти каби грузин адабиёти ҳам бой ва қадимий тарихга эга. Грузин ёзувчиларидан И. Чавчавадзе, Г. Мдивани, С. Чиковани, И. Абашидзе ҳамда бошқа ижодкорларнинг поэтик ва драматик асарлари М. Шайхзода, Уйғун, Миртемир, Р. Бобожон таржималарида ўзбек китобхонлари қалбига йўл топди. Грузияда ҳам Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидовнинг повесть ҳамда романлари, ўафур ўулом, Уйғун, Зулфия, Миртемир, Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Ҳамид ўулом каби шоиру адибларнинг поэтик асарлари таржима қилиниб, нашр эттирилгани қувонарли ҳолдир.
Умуман, икки халқнинг ҳам буюк тарихини, миллатлар ўртасидаги самимий муносабатларни боғлаб турадиган узвий ришталар борки, улар йиллар давомида ривожланиб, шаклланиб бораверади.
Ориф НИҒМАТОВ,
«Ўзбекистон — Грузия» дўстлик жамияти аъзоси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар