Ўзбекистон GM глобал платформасидаги деярли барча автомобилларни ўзлаштириш имконига эга бўлди 

10:09 11 Май 2018 Иқтисодиёт
589 0

Асакадаги “GM Uzbekistan” автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларига сифатни интеграция қилингалигини белгилаб берувчи BIQ-III (Built-In Quality) сертификатини қўлга киритди. 

Бу сўнгги уч йил давомида автозаводда технологик ускуналарни тубдан янгилаш ва модернизациялаш, бошқарувга янги тизим ва инструментларни жорий қилиш, ходимларни GM компаниясининг Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Ҳиндистонда жойлашган заводларида малакасини ошириш бўйича олиб борилган кенг қамровли тадбирлар натижасидир. 

“GM Uzbekistan” АЖ Жамоатчилик билан ишлаш хизматидан маълум қилишича, текширув “General Motors” корпорациясининг Жанубий Корея, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистондаги мутахассислари томонидан ўтказилиб, сертификат “General Motors International” ташкилотининг аудити натижасига биноан топширилди. 

Айтиш жоизки, ушбу сертификатни қўлга киритиш учун корхона фаолияти 44 та кўрсаткич бўйича талабларга тўла жавоб бериш шарт. Ўрганишлар Асакадаги автомобиль заводи ушбу стандартларга 100 фоиз мос эканлигини кўрсатди (минимал даража — 95,5 фоиз).

Табиий савол туғилади: бу 8 мингдан ортиқ киши меҳнат қилаётган завод жамоасига нима беради? 

Сертификат топшириш маросимида иштирок этган “GM International” компанияси вице-президенти Фил Кинлининг изоҳлашича, ишлаб чиқариш жараёнига сифат даражаларини белгилаб берувчи учинчи даражанинг берилиши корхонага GM глобал платформасидаги деярли барча автомобилларни ўзлаштириш имконини беради. Зеро, заводга жорий этилган GMS глобал ишлаб чиқариш тизими хавфсизлик ва сифатнинг юқори стандартлари ягоналигини таъминлаш, ишлаб чиқаришга энг сўнгги технологияларни татбиқ қилишда қўл келади.

Саид РАҲМОНОВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар