Ўзбекистон фуқароларида учта паспорт бўладими? ИИВ вакили жавоб берди

18:03 13 Август 2018 Жамият
932 0
Иллюстратив фото

Фуқароларнинг идентификацион картаси (ID-карта) босқичма-босқич равишда ҳозир амалда бўлган биометрик паспорт ўрнини эгаллайди. Бу ҳақда ИИВ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси вакили Баҳодир Усмонов Yoshlar телеканалига берган интервьюси вақтида маълум қилди.

Олдинроқ тарқатилган хабарларга кўра, Ўзбекистонда бир йўла учта шахсни тасдиқловчи ҳужжат амалдаги миллий биометрик паспорт, хорижга чиқиш учун мўлжалланган паспорт ва ID-карта бўлиши маълум қилинганди. Бироқ ИИВ вакили бу хабарларни инкор қилиб чиқди.

“ID-карта — бу фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, у ҳозир амалда бўлган биометрик паспорт ўрнига жорий этилади. Фуқарода бир вақтнинг ўзида ID-карта ва паспорт бўлиши мумкин эмас”, — деган у.

Маълумотларга кўра, ID-карта жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этила бошланади. Шундан сўнг мазкур жараён босқичма-босқич равишда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам қўлланилади ва у ҳозир амалда бўлган биометрик паспорт ўрнини эгаллайди.

Нега ҳозир амалда бўлган биометрик паспортни бир йўла хорижга чиқиш учун паспортга алмаштирилмаётгани борасида берилган саволга Баҳодир Усмонов ички ва ташқи паспортни рўйхатга олиш тартиб фарқланиши билан изоҳлаган.

“Агар 16 ёшга тўлган фуқаро мажбурий тартибда фуқаролик паспортини олиши шарт бўлса, четга чиқиш учун керак бўлган паспорт фақат зарурат туғилгандагина олинади. Бу икки хизматни амалга ошириш регламенти бир-биридан фарқ қилади”, — дея таъкидлаган Усмонов.

Маълумот учун, муҳокамага қўйилган Президент қарорига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун 2 йиллик муддатга бериладиган стикер (халқ тилида ОВИР)бекор қилиниши ва 10 йил муддатга бериладиган хориж паспорти жорий этилиши кўзда тутилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар