Ўзбекистон — Франция: Ҳамкорликнинг стратегик истиқболлари

10:24 11 Октябр 2018 Сиёсат
532 0

Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўналишни изчил ҳамда самарали илгари суриш Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар ва демократик янгиланишларни муваффақиятли амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаоллаштириши натижасида хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича улкан натижаларга эришилди. Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мунтазам равишда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда, чет давлатлардаги ватандошлар билан мулоқот мустаҳкамланяпти, юртимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги обрўси юксалмоқда.

Муносабатларнинг мантиқий давоми

Хорижий шериклар билан муносабатларни йўлга қўйиш бўйича устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Европа иттифоқи ва унинг етакчи аъзо давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда кенгайтириш жараёнини давом эттиришдан манфаатдор. Улар орасида Франция Республикаси ҳам бор.

Шу маънода, жорий йил 8-9 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга амалга оширилган расмий ташрифи кўп томонлама ўзбек — француз муносабатларига янгича руҳ бериш йўлида кейинги йилларда янада фаоллашган ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ташриф мобайнида давлатимиз раҳбари Франция Президенти Эммануэль Макрон, Франция Сенати Раиси Жерар Ларше, шунингдек, ушбу мамлакатнинг энг йирик компания ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашди. Ўзбекистон етакчиси ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан музокаралар ўтказди.

Кун тартибидан ўзбек — француз сиёсий мулоқотини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалалари ўрин олди. Автомобиллар ташуви, сайёҳлик, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, коинотни тадқиқ қилиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ҳамда бошқа соҳаларга дахлдор ҳукуматлараро ва вазирликлараро 10 та ҳужжат имзоланди.

Қайд этиш жоизки, ташриф арафасида томонлар умумий қиймати 5 миллиард еврога яқин инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Якдил қарашлар

Француз томони бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси Франция етакчисининг ислоҳотлар дастури билан, аввало, сиёсий ва иқтисодий модернизация, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ҳокимият органлари ишини халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилишга йўналтириш борасида ўхшаш жиҳатлар борлигини қайд этди.

Икки давлатнинг долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишга доир ёндашувлари яқин ёки мос экани эътироф этилиб, минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорлик, хавф-хатарларга қарши биргаликда курашишнинг янги шаклларини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақа давлатларининг изчил тараққиётга эришиш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

Давлат раҳбарлари минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини яна бир бор қайд этдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Франция ҳукуматлараро комиссияси фаолиятига алоҳида урғу берилди. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш муҳимлиги айтилди.

Шуниси диққатга сазоворки, олий даражадаги ташриф Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга кучли қизиқиш билдираётган Франция томони таклифи билан бўлиб ўтди. Масалан, “Veolia” француз компанияси Ўзбекистон билан мамлакатнинг сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича келишувга эришди, “Orano” уран конларидаги қазиш ишларида иштирок этмоқчи, “Thales” компанияси космик технологияларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида, “Airbus” эса юк самолётларини етказиб бериш ҳаракатида.

Бугун, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бир томондан, Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳасини эркинлаштириш ва модернизация қилиш бўйича рўёбга чиқарилаётган кўп қиррали ислоҳотлар, бошқа тарафдан — расмий Тошкентнинг мамлакат атрофида хавфсизлик ва барқарорлик белбоғини яратиш йўлидаги фаол ҳаракатлари ҳамда булар Парижнинг Марказий Осиёдаги сиёсатига ҳамоҳанг эканлиги мазкур жараёнларга ўзгача суръат бахш этмоқда. Минтақага нисбатан Франция позицияси Марказий Осиёдаги барча давлатлар суверенитети, хавфсизлиги ва фаровонлигини ёқлаши билан ҳамиша ажралиб турган.

Ҳар жабҳада ижобий кўрсаткич

Кейинги йилларда ўзбек — француз муносабатларида ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида ижобий натижаларга эришилганини мамнуният билан қайд этиш мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон ва Франция ўртасида сиёсий мулоқотлар фаоллашди. 2017 йилнинг май ойида Парижда ва шу йилнинг апрель ойида Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Франция ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Музокаралар якунига кўра, ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон ва Франция ТИВнинг 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Бу томонларнинг олий даражадаги сиёсий мулоқотни кучайтиришга эътибор қаратаётганидан далолатдир.

Иккинчидан, аввалги йилларда йўлга қўйилган парламентлараро алоқаларга янги суръат берилди. 2017 йил октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Франция Республикаси Сенати билан ҳамкорлик бўйича гуруҳининг амалдаги таркиби янгиланди.

Ўзбекистон парламенти жамият тараққиётига таъсир кўрсатиш имконини берувчи сифат жиҳатидан ўзгача, реал ваколатларга эга бўла бошлаган бир пайтда қонун чиқарувчи органимиз Европанинг демократия ривожланган мамлакатларидан бўлмиш Франциядаги парламент фаолиятининг шакл ва механизмларини ўрганишдан манфаатдор.

Учинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликда ҳам ижобий ўсиш кузатилди. 2018 йил биринчи ярми якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 146,2 миллион долларни ташкил қилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 12 фоиз кўп.

Бундан ташқари, 2001 йилдан буён Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича ўзбек — француз ҳукуматлараро комиссияси фаолият кўрсатмоқда. Шу йилнинг июль ойида Францияда ўтказилган комиссиянинг сўнгги (еттинчи) йиғилиши якунларига кўра, ўзбек маҳсулотларини “кўҳна қитъа”нинг ушбу давлатига тўғридан-тўғри етказишни мақсадли равишда ташкил этиш учун Францияда илк бор Ўзбекистон савдо уйи очилди.

Француз компаниялари ўзбек шериклари билан ҳамкорлик қилишга амалий қизиқиш билдираётгани диққатга сазовор. Хусусан, ўтган йили “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” ўзбек — француз қўшма корхонасини барпо этиш бўйича лойиҳа ижросига киришилди. Ушбу заводни 2018 йил охирида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

Тўртинчидан, ўзаро алоқаларда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Бу соҳадаги муносабатлар доирасида Франция вакиллари Самарқанддаги “Шарқ тароналари” халқаро фестивалида мунтазам қатнашмоқда. Самарқанд ва Лион, Хива ҳамда Версаль, Бухоро ва Руэй-Мальмезон биродарлашган шаҳарлардир.

Таълим ва фан, айниқса, Ўзбекистоннинг ўқув даргоҳларида француз тили ва адабиётини ўрганиш борасида Франция билан ҳамкорлик муваффақият билан ривожланаётгани кузатилмоқда.

Айни пайтда республикадаги 1260 та мактабдаги 300 мингдан зиёд ўқувчиларга, коллеж ва лицейларда, шунингдек, 8 та олий ўқув юртида француз тили ўргатилмоқда. Немис тили билан бир қаторда, француз тили юртимиз таълим муассасаларида ўқитилаётган иккинчи (инглиз тилидан кейин) энг оммабоп тил саналади.

Францияда 1988 йилда асос солинган Темурийлар даври санъати ва тарихини ўрганиш бўйича уюшма ҳамда 2004 йилда ташкил топган “Авиценна-Франция” ассоциацияси фаолият олиб бормоқда.

Қолаверса, Тошкентда француз адабиётининг 8 мингдан ортиқ номдаги фондини ўзида жамлаган бой кутубхонага эга “Француз Альянси” ишлаяпти. Ушбу ташкилот француз тилини ўрганиш истагида бўлганлар учун курслар ўтказади.

Бешинчидан, охирги пайтларда туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг сезиларли даражада кучайгани икки давлат фуқароларининг ўзаро саёҳатлари ўсишига олиб келди. Франция сенатори А. Ришар қайд этганидек, “Ўзбекистоннинг бой маданий меросини инобатга олсак, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналиш бўлиб қолади”.

Маълумот сифатида келтириб ўтиш ўринлики, 2016 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 4,8 мингдан 5,7 минг кишига етди. Жорий йилнинг 8 ойида эса бу кўрсаткич 9,1 минг нафарни ташкил қилди. Бир неча кун аввал Президентимиз Фармони билан Франция фуқаролари учун визасиз кириш тартиби жорий этилди ва у 5 октябрдан кучга кирди.

Устувор йўналишлар

Ўзбекистон Президентининг Парижда ЮНEСКО раҳбарияти, Франция Сенати Раиси ва мамлакатнинг энг йирик компаниялари вакиллари билан ўтказган музокаралари самарали бўлиб, бу ўзбек — француз ҳамкорлигини ривожлантиришнинг стратегик аҳамияти муҳим эканидан далолатдир.

Халқаро майдонда тобора юксак сиёсий мавқега эга бўлиб бораётган Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш Европа иттифоқи билан муносабатларни шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик минтақавий можаролар, жумладан, афғон масаласини ҳал қилиш, Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатини модернизациялашда кучли туртки беради.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникация, молиявий ҳамда сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш муҳим устувор йўналишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бу алоқалар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қатор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиради.

Умуман олганда, Франция тажрибаси ва салоҳиятини ўрганиш мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий йўналишда устувор лойиҳаларни амалга юксалтириш, таълим тизими сифатини юксалтириш, иқтисодиётни саноат ва технологик жиҳатдан модернизациялаш ҳамда унинг таркибий жиҳатдан диверсификациялашга яқиндан кўмак беради.

Франция томони ўзбек — француз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга тайёрлигини билдирди. Франциялик мутахассисларнинг фикрича, айни пайтда мазкур давлат Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, авваламбор, динамик ўзгаришларни амалга ошираётган Ўзбекистон билан муносабатларни фаоллаштириш учун қулай шароитга эга.

Расмий Париж учун стратегик аҳамиятга эга бўлган масалалар, яъни дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари билан алоқаларни изчил олиб бориш, глобал муаммоларни ва жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги низоларни ҳал қилишда француз раҳбарияти саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда. Франциянинг ҳозирги ҳукумати халқаро терроризм ва радикализмга қарши курашни мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, деб ҳисоблайди. Ўзбекистоннинг мазкур жабҳадаги муваффақиятли тажрибаси юртимиз билан ҳамкорликни ривожлантиришда расмий Парижнинг қизиқишлари юқорилигини кўрсатади.

Марказий Осиё сўнгги йилларда географик жойлашуви туфайли Европани Осиё билан боғловчи йўлакка айланди. Бой табиий ресурслар ва юқори даражадаги инсоний салоҳиятга эга минтақа Франция учун ҳам жозибали бўлиб боряпти. Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ўсиши (ўртача 3,5 фоизда), шунингдек, қўшни давлатлар ўртасидаги ижобий муҳит француз бизнеси ҳамда “ноу-хау”лар учун катта имконият яратади.

Расмий Парижга кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва яхши қўшничиликка асосланган сиёсати француз ташқи сиёсатига мувофиқ тарзда, минтақада янада ижобий муҳитни яратишга имкон беради.

Ҳар икки мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни янги босқичда нафақат ўзбек — француз, балки Ўзбекистон ва Европа иттифоқи стратегик ҳамкорлигининг кўп қиррали муносабатларини татбиқ қилиш учун янги имкониятлар очади.

Шу ўринда пойтахтимизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки фаолиятининг қайта йўлга қўйилиши бежиз эмаслигини айтиш керак. Чунки қисқа вақт ичида ЕТТБ Ўзбекистон учун 2018 — 2023 йилларга мўлжалланган янги стратегияни қабул қилди. Бу дастур очиқ, интеграциялашган ва экспортга йўналтирилган иқтисодиётни кўзда тутади.

Наинки Европада, балки бутун дунёда энг юқори технологияларга эга Франция билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш Ўзбекистоннинг халқаро мақомини ҳамда обрўсини ошириш, юқори сифатли инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконини беради. Шунингдек, ўзбек маҳсулотларини ушбу мамлакатга экспорт қилиш имкониятини кенгайтиради. Расмий Париж шундай аниқ тасаввурга эгаки, барқарор, жадал ривожланаётган Ўзбекистон Франция ёки Европа иттифоқи учунгина эмас, бутун халқаро ҳамжамият учун узоқ муддатли стратегик шерик бўла олади.

Улуғбек НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар