Ўзбекистон — Фаластин: икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда янги имкониятлар

18:21 04 Март 2020 Сиёсат
318 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фаластин Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Таршаханий билан учрашув бўлиб ўтди.

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева меҳмонларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламент фаолияти, шунингдек, айни кунларда Президентимиз Фармони билан тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳақида маълумот берди.

— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсат таълим, маданият, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятларни очмоқда, — дейди Фаластин Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Таршаханий. — Икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш учун муносабатларни мустаҳкамлаш зарур. Бизнинг тадбиркорларимиз савдо бўйича ўзбекистонлик ишбилармонлар билан бирга ҳамкорликда ишлаш, Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича мамлакатдаги мавжуд қонунчилик базаси билан танишмоқда. Мисол учун, Самарқанд вилоятида йўллар, кўприклар ва бошқа объект лойиҳаларини амалга оширувчи қурилиш компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Таълим соҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, Фаластин ва Ўзбекистон олий таълими вазирликлари ўртасида истиқболда ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда ўзаро фойдали ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?