Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими?

11:54 07 Октябр 2019 Жамият
465 0

Шу йилнинг 1 — 3 октябрь кунлари Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Учрашувлар давомида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қандай музокаралар олиб борилди? Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қандай келишувларга эришилди? Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласи қандай ҳал этилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташриф якунларига бағишланган матбуот анжуманида ана шу саволларга жавоб изланди.

Қайд этилганидек, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳамда парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.

— Икки томон, яъни ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон бу ташрифга жуда юқори баҳо берди, — дейди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. — Бу ўзаро стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Қолаверса, ушбу учрашувлар парламентлараро муносабатларни ҳам фаоллаштиради. Иккала томон ҳам бу йўналишда ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдор. Минтақавий алоқалар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўзида 30 та ўзаро минтақалараро тўғридан-тўғри ташриф амалга оширилган. Бу савдо-сотиқ соҳасида, маданий дипломатия, таълим, соғлиқни сақлаш борасидаги алоқаларни янада кучайтиряпти. Музокаралар жудаям мазмунли кечди ва якунда бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Уларнинг ижроси ҳар икки мамлакат учун ғоят муҳим ва фойдали.

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиши масаласи ҳамда ижтимоий тармоқлардаги муносабатларга қарата шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон ЕОИИга кириш имкониятларини ўрганишни бугун ёки кеча эмас, аксинча, уч йил аввал бошлаган. Қолаверса, ушбу масалада ташқаридан ҳеч қандай босим ҳам йўқ. Бугунги кунда Ўзбекистон томони ушбу ташкилотга қўшилиш имкониятларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кўриб чиқмоқда, ЕОИИнинг барча мамлакати билан маслаҳатлашувлар олиб бориляпти. Ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор йўқ.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон ва Россия парламентлари МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва Парламентлараро Иттифоқи каби халқаро ва минтақавий парламент ташкилотлари доирасида ҳамкорлик ишларини кучайтириши ҳақида келишувга эришилгани алоҳида таъкидланди.

Икки мамлакат парламентлари юқори палаталари кўмагида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Россияда бўлиб ўтадиган иккинчи Ўзбекистон — Россия ҳудудлараро форумига тайёргарлик кўриш бўйича самарали иш олиб бориляпти.

Бундан ташқари, икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари, жумладан, бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент назорати бўйича тажриба алмашиш, туризм, шу жумладан, Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадлари ҳам аниқ белгилаб олингани эътироф қилинди.

Учрашув якунлари бўйича турли соҳаларни, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга оид имзоланган ҳужжатлар эса ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши қайд этилди. Шунингдек, Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи дастурининг муҳим қисми мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар билан танишувга бағишлангани ҳамда бу борада юртимизда олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бергани айтиб ўтилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019