«Ўзбекистон етакчисининг давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олган ўзгаришларни амалга оширишга интилиши Трамп маъмуриятида катта таассурот уйғотди»

14:42 19 Май 2018 Сиёсат
1111 0
Фото: VOA News

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи мазкур ҳафтанинг бош ньюсмейкери бўлди. Ушбу мавзуга доир мақолалар нафақат Америка, балки дунёнинг бошқа давлатлари оммавий ахборот воситалари саҳифаларида ҳам кенг ёритилганини кўришимиз мумкин.

“Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи икки мамлакат ҳамкорлигида янги даврни бошлаб бериш билан чекланмайди. Мазкур ташриф натижалари истиқболли Ўзбекистон бозорига кириб бориш учун Америка бизнесига қулай шарт-шароитлар яратади”, дея ёзилади “The Washington Examiner” таҳлилий журналида.

Ушбу мавзуни давом эттириб, “The New Jersey Herald” газетаси Ўзбекистон ва АҚШ умумий қиймати 5 миллиард долларга яқин битимлар имзолаганини хабар қилади. Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда кенгайтириш ниятини билдирган компаниялар орасида “Exxon Mobil”, “General Electric” ва “SkyPower” каби дунё гигантлари борлиги эътиборга моликдир.

“The Diplomat” журнали шарҳловчиларининг фикрича, Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари жадаллашувига республикамизда бошланган ислоҳотлар жараёни муҳим туртки берди. “Ўзбекистон етакчисининг давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олган ўзгаришларни амалга оширишга интилиши Трамп маъмуриятида катта таассурот уйғотди. Хусусан, миллий валютанинг эркин конвертациясига рухсат бериб, Ўзбекистон ўарб ишбилармонлари ҳамжамияти олдидаги имиджини анча яхшилаш имконига эга бўлди”, дейилади мақолада.

“Business Insider” ҳафталик нашри мухбирларининг ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи барча соҳада муваффақиятли бўлди. Икки давлат раҳбарлари қабул қилган Қўшма баёнотда стратегик шерикликнинг янги даври бошланаётгани алоҳида қайд этилган. Шу билан бирга, савдо-сотиқни кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани ривожлантириш бўйича имзоланган келишувлар ҳамкорликка янгича руҳ ҳамда туртки бериши кутилмоқда.

“Business Insider” Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги режаларига юксак баҳо берди. Бу орқали республика иқтисодий тизимини янада эркинлаштириш ва хорижий сармоялар оқимини кучайтиришга имконият пайдо бўлади.

“Умуман олганда, Дональд Трамп ҳамда Шавкат Мирзиёев тўла англашувга эришганларини намоён этдилар”, дея ёзилади нашрда.

“Тошкент ва Вашингтон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида биргаликда чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди. АҚШ маъмурияти Ўзбекистон томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган темир йўл ҳамда инфратузилмавий лойиҳаларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон раҳбарияти эса Америка томонидан Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Иккала давлат раҳбарлари экстремизм ҳамда халқаро терроризмни қораладилар ва умумий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини қайд этдилар”, дея ёзилади Ҳиндистоннинг марказий газеталаридан бири — “The Hindu” саҳифаларида.

Ҳиндистоннинг яна бир нашри — “New Delhi Times” хабар қилганидек, Америка сиёсий доиралари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги янгиланган ташқи сиёсатини катта қизиқиш билан кузатмоқдалар. Мазкур сиёсат минтақани “кучли ҳамда мустақил” маконга айлантиришга имкон бериши эътироф этилади. Вашингтон Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг доимий мулоқотини йўлга қўйиш бўйича ташаббусини ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётир.

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги мухбирларининг фикрича, Марказий Осиёда давлатлараро алоқаларнинг жадаллашуви ва Афғонистоннинг минтақавий жараёнга жалб қилиниши мавжуд транспорт-логистика йўлакларидан самарали фойдаланиш ҳамда янгиларини барпо этишга хизмат қиладики, бу орқали денгиз портларига чиқиш имконияти пайдо бўлади.

Покистоннинг “The Nation” газетаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан учрашуви ҳақидаги мақолани чоп этди.

“Пентагон, — деб ёзади покистонлик журналистлар, — Ўзбекистонга Марказий Осиёда муҳим геостратегик ўринни эгаллаб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этувчи давлат сифатида қарайди. Шу сабабли Америка раҳбарияти республика билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирмоқда”.

Анвар МИРЗАЕВ 
(«Халқ сўзи»)
тайёрлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?